Коронавирусга қарши қайси давлат қандай тадбир кўряпти?

Бугун бутун дунёга тарқалган коронавирусга қарши барча давлатлар ўзининг тегишли тадбирларини кўриб, фуқароларини бевақт вафот этишининг олдини олишга жиддий ҳаракат қилмоқда.

Афсуски, айни дамгача дунёда коронавирусга чалинганлар 3 миллионга яқинлашди, 200 мингдан ортиқ киши вафот этди.

Дунёда иқтисодиёти қудратли, саноати ривожланган, турмуш даражаси юқори ҳисобланган қуйидаги мамлакатларда аҳвол ўта оғирлиги ҳаммани тегишли хулоса чиқариш билан бирга тожли вирус нақадар жиддий эканлигини унутмасликни уқтиради: АҚШ да 932 минг, Испанияда 224 минг, Италияда 195 минг, Германияда 155 минг, Буюк Британияда 148 минг, Францияда 123 минг, Туркияда

108 минг, Эронда 89 минг, Хитойда 84 минг, Россияда 74 минг, Бразилияда

52 минг, Бельгияда 45 минг ва Канадада 44 мингдан кўпроқ киши  коронавирус билан касалланган.

Ҳар бир мамлакат биринчи навбатда ўзидаги мавжуд имконият ва тиббиёт соҳасида эришган натижаларга таянган ҳолда турли карантин чоралари, аҳолини огоҳ этиш, шу билан бирга вирусга қарши илмий изланишлар орқали махсус лабораторияларда вакциналарни яратиш мақсадида кенг қамроқли тадбирлар кўрмоқда. Лекин касалланган фуқароларини даволаш бўйича ҳеч қандай натижага эришмаганларини ҳам кўришимиз мумкин. Бу ҳолатдан биз яна ўзимизга тегишли хулосаларни чиқаришимиз зарур. Буни биз қуйида кўришимиз мумкин: айни кунда Буюк Британияда 148 минг, Нидерландияда 37 минг, Норвегияда 7 мингдан ортиқ фуқаро ушбу касалликка чалинган бўлишига қарамасдан бугунги кунга қадар бирор бир беморни даволаш бўйича натижага эришмаган. Шунинг учун бу мамлакатларда вафот этиш кўрсаткичи кундан кунга ортиб бормоқда.

Вафот этганлар Буюк Британияда 20 319 киши, Нидерландияда 4 409 киши ва Норвегияда 201 кишини ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда аҳвол қандай? Мамлакатимизда коронавирус билан касалланган дастлабки бемор 15 март куни аниқланди. Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, кўпгина таҳлилчилар ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонни Европадаги айрим давлатлар, шу жумладан Италия билан қиёсий таҳлил қилишга ўтишди.

Италияда дастлабки коронавирусга чалинган бемор 2 март куни аниқлангандан сўнг қисқа муддатда, яъни 16 март куни 20 минг кишига етди. Март ойининг якунида бу рақам 80 мингдан ошди. 

Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилган давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотлар, халқ билан мулоқот қилиш, аҳоли билан ишлаш шаклланганлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари тизими тўлиқ қайта кўриб чиқилиши, жумладан, ички ишлар, миллий гвардия, мудофаа, божхона тизимлари ва чегара постлари такомиллаштирилиб, ушбу соҳадаги ходимлар ўз вазифасини садоқат билан бажаришлари натижасида биздаги рақамлар таҳлилчиларнинг рақамларига мутлақо ўхшамаган ҳолатни келтириб чиқарди.

Ўзбекистонда 31 март куни жами беморлар 172 кишини ташкил этди. Бу ҳолат юқоридаги рақамлардан кескин фарқ қилишини кўришимиз мумкин. Айни кунда эса жами беморлар 1865 кишини ташкил этиб, улардан 707 нафари касалликдан тўлиқ даволанган.

Бунга қандай эришяпмиз?

Ҳеч кимга сир эмас, биз кўпгина илмий ва тарихий асарларда раҳбарларга хос бўлган бир қатор ижобий хислатлар билан танишганмиз. Оғир вазиятларда раҳбар ўзини қандай тутиши, нималарга эътибор бериши, халқ бошида қийинчилик келганда, ечими номаълум бўлган ҳолатларда қабул қилган қарорлари ўз халқи учун ижобий томонларини кўрсатиши ва бошқаларни ўқиганмиз.

Энг муҳими, раҳбар узоқни кўра олиши халқнинг бошига тушиши мумкин бўлган хавф-хатар, қийинчиликлар ва ҳар хил эпидемияларни олдини олишда жуда асқотишига яна бир бор гувоҳ бўляпмиз. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида тиббиёт соҳасини ислоҳ этиш бўйича қуйидаги фикрларни билдирган эди: “... соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ислоҳотларимизни ҳам қатъият билан давом эттирамиз. Шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришимиз даркор.

Давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп ёки қарийб 1,5 трлн. сўм ажратилади. 281 та тиббиёт муассасасини қуриш ва таъмирлашга бюджетдан 1,1 трлн. сўм сарфланади.

Шунингдек, “Гематологик ва вирусологик ёрдам сифатини ошириш, бу турдаги даволаш қийин бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ этишнинг вақти келди.

Қон ва вирусли касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш учун малакали гематолог, вирусолог ва иммунолог тайёрлаш, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун маблағларни кўпайтиришимиз керак”, деганларидан биз айни кунда бутун дунёни ларзага келтираётган коронавирусни олдиндан ҳис этганликларини кўришимиз мумкин.

Яна нималар қилинмоқда? Мамлакатимизда кенг қамровли умумхалқ тадбирлари амалга оширилмоқда. Барча вилоят, шаҳар ва туманларда Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари ташкил этилди.

Президентимиз жорий йилнинг 20 апрель куни ўтказган видеоселекторида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйишни таклиф этиб, карантин давомида аҳолининг муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаган тадбиркорларга давлат томонидан турли имтиёзлар берилишини маълум қилди. Яъни, солиқдан имтиёзлар бериши, кредитларни узайтириш, электр энергиясини арзонлаштириш ва бошқа шу кабилар назарга олинган.

Давлат раҳбари томонидан қабул қилинган янги қарорда коронавирус пандемияси оқибатларини юмшатиш йўлида хорижий кредитларни жалб қилиш мақсадида 3,1 миллиард долларга тенг грантлар ва имтиёзли узоқ муддатли кредитларни жалб қилишга кўрсатма берилган.

Мамлакатимизда март ойида ҳам коронавирус эпидемияси оқибатларини бартараф этиш учун 10 трлн. сўм капиталга эга Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этишга кўрсатма берилган эди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти томонидан фуқароларимиздан коронавирус инфекциясига чалиниб даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бир бемор учун 32 миллион сўм, жонлантириш бўлимига ётқизилган оғир аҳволдаги ҳар бир бемор учун ўртача 64 миллион сўм, карантинда бўлиб турганларнинг ҳар бири учун 14 кунлик карантин давомида

2,4 миллион сўм, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир бемор учун 2,8 миллион сўмдан сарфланаётганлиги маълум қилинди.

Юртимизда коронавирусга қарши қураш бўйича кўрилаётган кенг қамровли тадбирлар давом эттирилмоқда.

Исроил Жабборов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат бошқаруви академияси тингловчиси.