Короновирусдан тузалган шахсларга нималар тавсия этилади?

Короновирусни юқтирган беморларнинг аҳволи яхшиланиши, саломатлик кўрсаткичларининг меъёрга яқинлашиши билан касалхонадан чиқишга рухсат этилади.

Бироқ бу беморлар тўлиқ тузалган, дегани эмас. Чунки вирус янги, унинг мутацияси ва ҳар одамда турли хил кечиши ўтаётгани, шунингдек, касалхонада коронавируснинг ўртача, оғир ва ўта оғир шаклларини ўтказганлар, айниқса, кексалар организмида кузатиладиган ўзгаришларни тиклаш мақсадида оилавий шифокорга мурожаат қилиш талаб этилади.

Баъзилар касалликни енгил даражада ўтказиб, уй шароитида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи яхшиланса ҳам оилавий шифокор назоратида маълум муддат бўлиши талаб этилади. Оилавий шифокор уни диспансер назоратига олади.

Назорат давомида беморлар организми тикланишида пайдо бўладиган ўзгаришларга қараб, тор соҳа мутахассислари (кардиолог, невропатолог, пульмонолог, гастроэнтеролог ва бошқалар) консультация ўтказиб, бемор организмига касалликдан тикланишга ёрдам беришади.

Касалхонада даволанган ва касалликни оғирроқ кечирган беморлар махсус реабилитацияга муҳтож бўлиб, уларда нафас тикланиши, яъни сатурация (ҳужайраларнинг кислород билан таъминланиш кўрсаткичини кўтариш учун) шифокор назоратида махсус дори воситаларини истеъмол қилишни давом эттиришлари, зарурат туғилса, физиотерапевтик даволарни олишлари керак бўлади. 

Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш (қўлларни тез-тез, 20 сония давомида совунлаб ювиш, томоқни тез-тез чайиш, кўп суюқликлар ичиш, соғлом овқатланиш ва енгил жисмоний фаолликни олиб бориш) билан ҳаётда учраши мумкин бўлган турли хил бошқа юқумли ва паразитар касалликлар профилактикасини олиб боришга ёрдам беради.

Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълумот берди.