Коррупция халқнинг давлатга ишончига путур етказади

Статистик маълумотларга кўра, дунё иқтисодиёти ҳар йили коррупциядан 2,6 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрмоқда. Коррупция, бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят бўлиб, жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир.

Юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилди, алоҳида қонунлар қабул қилинди.

Коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов. Шу боис сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилиниб, янги тизим яратилди. Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва агентлик ташкил қилинди. Энг муҳими, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим, очиқ муҳит яратилди.

Идора ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан ўз фаолият йўналишида содир этилаётган жиноятларни чуқур ўрганиб, уларга чек қўйиш масалалари ҳам республика даражасида, ҳам жойига чиққан ҳолда муҳокама қилинмоқда. Бу жараёнлар устидан қатъий назорат ўрнатилиб, содир этилаётган жиноятлар, айниқса, коррупция ҳолатларига барҳам бериш бўйича комплекс таҳлилий ва амалий ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.

Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш лозим. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.

Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан ҳам бу борада аниқ режа асосида таҳлилий ва амалий ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларга баҳо берилиб, келгуси вазифаларни белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари коррупцион ҳолатлар халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга бўлган ишончига путур етказиб, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланишини аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтди.

Ушбу йиғилишда прокуратура ва бошқа масъул идораларга коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этиш юзасидан топшириқ берилди.

Шундан келиб чиқиб, Самарқанд вилоятида давлат органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар йўл харитаси ишлаб чиқилиб, ҳар ой битта ташкилотда коррупция ва уни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни ўрганиш белгиланди. Шунингдек, вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан аниқ режа асосида таҳлилий ва амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида вилоятда 3253 та жиноят ҳисобга олинган ва ўтган йилнинг мос даври билан қиёсланганда 146 фоизга ошган. Бу жиноятларнинг 751 таси (23 фоизи) аниқланадиган, 1193 таси (37 фоизи) олдини олиш мумкин бўлган, 1309 таси (40 фоизи) ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни ташкил этади.

Кўрилган чоралар натижасида олдини олиш мумкин бўлган оғир турдаги жиноятлар 4,9 фоизга, номусга тегиш 23 фоизга, босқинчилик 100 фоизга, автомобилни олиб қочиш 25 фоизга камайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида 90 та жиноятнинг олди олинди. Вилоятдаги 1126 маҳалланинг 697 таси “яшил”, 334 таси “сариқ”, 95 таси “қизил” тоифага киритилиб, жиноят содир бўлган маҳаллалар 429 тани ташкил қилди. Маҳаллаларда содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,5 фоизга камайди. Маҳалла ҳудудида содир этилган жиноятларнинг олдини олишга масъул бўлган 46 нафар ички ишлар ходими, 14 нафар маҳалла раиси, 17 нафар ҳоким ёрдамчиси, 6 нафар ёшлар етакчиси ҳамда 7 нафар хотин-қизлар фаоли интизомий жавобгарликка тортилиб, 3 та жиноят иши қўзғатилди.

Вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан йилнинг 4 ойида 48 нафар шахсга нисбатан 28 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, судловга юборилган. Тергов давомида аниқланган, давлатга етказилган 13 миллиард сўм зарар тўлиқ ундирилиши таъминланган.

144 та коррупциявий жиноят ишлари тергов қилиниб, 210 нафар шахс жавобгарликка тортилди. Уларнинг 55 нафарини мактабгача ва мактаб таълими, 27 нафарини соғлиқни сақлаш, 17 нафарини банк тизими, 9 нафарини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, 8 нафарини маҳаллий ҳокимият органлари ходимлари ташкил этди. Шунингдек, 23 нафар ҳоким ёрдамчиси, 5 нафар нафар адвокат, 7 нафар солиқ соҳаси ходими коррупцион жиноятга қўл урган.

Вилоят прокуратураси томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” асосида апрель ойида вилоят солиқ бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида ўрганиш ўтказилди.

Ўрганиш давомида 2023 – 2025 йилларда тизим ходимлари томонидан содир қилинган жиноятлар таҳлил қилиниб, унга имкон берган ҳолатлар ҳамон бартараф этилмагани, соҳада рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтиришга янада кўпроқ этибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Идорадаги кадрлар билан ишлаш, нопок ходимлардан соҳани доимий тозалаш, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик ва гуруҳбозлик ҳолатларига чек қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Май ойида эса вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасида ўтказилган ўрганишларда соҳада айрим бандлик хизмати турлари рақамлаштирилмаганлиги ва иш жараёнига инсон омилининг аралашуви каби тизимли муаммолар мавжудлиги аниқланди. Шу боис вилоятимизда фаолият кўрсатувчи давлат меҳнат ҳуқуқи ва меҳнатни муҳофаза қилувчи 29 нафар инспекторни ҳуқуқбузарликларни жойида расмийлаштириш имкониятини яратувчи қурилмалар (планшет) ва дастурий таъминот билан таъминлаш борасида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига таклифлар берилди. Вазирликнинг амалий қўллаб-қувватлаши натижасида республикада биринчи бўлиб вилоятимизда давлат меҳнат ҳуқуқи ва меҳнатни муҳофаза қилувчи инспекторлар планшетлар билан таъминланди.

Бунинг қандай афзалликлари борлиги кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Биринчидан, инспекторлар томонидан ўтказиладиган ўрганиш ва мониторинг жараёнларида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига жойида ҳуқуқий баҳо берган ҳолда электрон ҳужжатлаштириш имконияти яратилади.

Иккинчидан, инспекторлар томонидан ўтказиладиган ўрганиш ва мониторинг жараёнларида ишлайдиган фуқаролар планшет орқали Ягона миллий меҳнат тизимига киритилиб, уларнинг расмий ёки норасмий банд эканлиги аниқ бўлади, норасмий банд ишчиларни легаллаштириш чоралари кўрилади.

Мазкур йўналишни рақамлаштириш инспекторлар вақтини тежаш, қоғозбозликларга чек қўйиш ва энг асосийси, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Вилоят прокуратура органлари коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш ва бу борада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари ва бошқа идораларда мунтазам ўтказиб, юртдошларимизнинг қонун ва амалдаги тартиблар бўйича билимларини оширишга ҳисса қўшмоқда. Коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилган ҳолда жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари, ташкилотларида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Мухтасар айтганда, коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур.

Муродқосим ЭШНАЗАРОВ,

вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси.