Коррупцияга қарши курашиш – долзарб вазифа

Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органларида коррупцияга қарши курашиш, ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, солиқ тўловчиларга юксак даражада хизмат кўрсатишни ташкил этиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ўртасида коррупция, турли жиноий хатти-ҳаракатлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш долзарб вазифага айланган. Хўш, вилоят давлат солиқ хизмати органларида бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ўртасида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида мунтазам равишда тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ўз хавфсизлиги бўлими бошлиғи ўринбосари Алибек Хамраев. – Жорий йилнинг ўтган даврида ходимлар билан 222 маротаба профилактик суҳбат ўтказилиб, шундан 51 та тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирок этди. Таъкидлаш лозимки, давлат солиқ хизмати органларида ўтказилаётган профилактик тадбирларда коррупцияга олиб келувчи омиллар атрофлича таҳлил қилиниб, тараққиётга тушов бўлувчи ушбу иллатнинг оқибатлари тушунтирилмоқда. Олиб борилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир ходимнинг огоҳлик ва хушёрлигини ошириш, уларда касбга садоқат ва масъулият ҳиссини кучайтиришдан иборат.
Умид АЛИМОВ.