Коррупцияга қарши курашиш соҳасида рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади
Рейтинг баҳолаш тизими 2022 йил 1 февралдан бошлаб, эксперимент тариқасида, ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган 26 та давлат ташкилотлари фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.
“Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.
Бунда рейтинг баҳолаш қуйидаги 5 та йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилади:
➖давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ва амалиётга татбиқ этилганлиги;
➖коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
➖давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
➖ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
➖коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.