Кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган маблағлар бекор қилинди
Ўтган йили чиқинди ташиш хизматлари учун ўзбекистонликларнинг умумий қарзи 622,7 миллиард сўмга етди.
Республика Чиқиндиларни бошқариш агентлигидан олинган маълумотларга кўра, «Тоза макон» ягона биллинг тизими 2025 йилда маҳаллаларнинг 87 фоизини қамраб олган. Мамлакатда рўйхатдан ўтган 9452 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 8105 тасида санитар тозалаш хизмати кўрсатилиши мониторинг қилинди. Ушбу ҳудудларда 23,9 миллион аҳоли, яъни Ўзбекистон аҳолисининг 64 фоизи истиқомат қилади.
Йил давомида аҳоли чиқинди ташиш хизматлари учун жами 1 триллион 304 миллиард сўм тўлов қилди. Бу ҳисобланган умумий тўловларнинг 90 фоизига тенг. Бироқ олдинги йилларда тўланмаган маблағларни инобатга олганда, умумий қарз ҳажми сезиларли даражада ошган.
Шу билан бирга, биллинг тизимида амалий жиҳатдан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 211,9 миллиард сўмлик қарз бекор қилинди. Бу чора аҳолининг асоссиз қарздорлигини камайтириш ва ҳисоб-китобларда шаффофликни оширишга қаратилган.
Тизимдаги абонентлар сони 7,3 миллионга етди. Уларнинг катта қисми кадастр рақами ва жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақамлари орқали рўйхатга олинган. Бу ҳисоб-китобларни аниқлаштириш ва хизмат сифатини назорат қилиш имконини берди.
2025 йил 1 декабр ҳолатига кўра, санитар тозалаш соҳасига киритилган хусусий инвестициялар ҳажми 386,5 млрд сўмни ташкил этган. Корхоналар махсус техника, контейнерлар, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини янгилашга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 6 декабр ҳолатига чиқинди ташиш хизматларидан қарзи мавжуд қарийб 205 минг абонентнинг электр энергиясига тўлов қилиш имконияти вақтинча чекланган эди.
Д.Тўхтаев тайёрлади.