Корхонадаги қисқариш сабаб меҳнат шартномаси бекор қилинса, ходимга моддий ёрдам бериладими?
- Бир ташкилотда ишлардим. Иш ўрним қисқарганлиги сабабли икки ой олдин огоҳлантириш берилди. Огоҳлантириш муддати тугаганлиги сабабли меҳнат шартномамни бекор қилишди. Ушбу ҳолатда менга қандай моддий ёрдам берилади?
З.Каримов.
***
- Меҳнат кодексининг 67-моддаси биринчи қисми иккинчи хатбошисига асосан технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги (100-модда иккинчи қисмининг 1-банди) сабабли ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.
Ушбу модданинг учинчи қисмига кўра, ходимлар меҳнат шартномаси юқоридаги асосга мувофиқ бекор қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Саволга ҳуқуқшунос Ўктам Камилов жавоб берди.