Кредитдаги автомобилни сотиб олиш мумкинми?
- Тақиқдаги автомашинани бошқа шахсга ҳадя қилиб, кейин расмийлаштириб олсак бўладими?
Агар ҳадя қилмоқчи бўлган автотранспорт воситангиз гаров (ипотека шартномаси) асосида тақиққа қўйилган бўлса, “Гаров тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига асосан, гаровга олувчининг розилиги билан уни бошқа шахсга бериш, яъни ҳадя қилиш, олди-сотди қилиш, ижарага ёки бепул фойдаланувга беришингиз мумкин.
Шунингдек, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, гаровга қўювчи қуйидагиларга ҳақли:
- гаров билан таъминланган мажбуриятни ушбу қонунда белгиланган тартибда муддатидан олдин бажариш;
- гаровга олувчининг розилиги билан гаров нарсасини алмаштириш;
- гаров билан таъминланган мажбурият бўйича қарзни гаровга олувчининг розилиги билан бошқа шахсга ўтказиш.
***
Мен автокредитга олинган автомобилни сотиб олмоқчиман. Кредит сўндирилмаса, автомобиль менинг номимга ўтмайди. Шу ҳолатда ҳам автомобиль эгаси билан келишувимизни нотариус орқали ҳужжатлаштирсак бўладими?
- Автоуловни тақиқ сақланган ҳолда банкнинг розилик хати ва ўзаро уч томонлама шартномасига асосан олди-сотди қилиш мумкин. Гаров шартномаси техпаспорт алмаштирилганидан кейин расмийлаштирилади.
***
Отам менга уйни ҳадя қилиши учун қанақа ҳужжатлар керак бўлади?
- Ҳадя шартномасини расмийлаштириш учун уйга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, агар мулк онангиз ва отангизнинг никоҳи вақтида орттирилган бўлса, онангизнинг розилиги керак бўлади. Шунингдек, зарур ҳолларда бошқа ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин. Масалан, кўчмас мулк банк кредити ҳисобига сотиб олинган бўлса, кредит шартномаси керак бўлади.
Битимни тузиш учун ҳадя қилувчи ҳамда ҳадяни олувчи ҳам нотариал идорага паспорти билан келиши лозим. Битим вакил томонидан тузилаётган тақдирда, ундан ваколатини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.
Саволларга Самарқанд шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Фаррух Хожаев жавоб берди.
***
Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.