Криминоген вазият таҳлилидан маҳаллаларнинг янги чегараларини белгилашгача
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Кенгаш раиси Ш.Негматов бошқарган сессияда вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ йигирмадан ортиқ масала кўриб чиқилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 18 мартдаги “Республикадаги криминоген вазиятни кундалик таҳлил қилиш фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйичайилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари С.Бозоровнинг ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, мазкур йўналишда тегишли органлар ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамай, йилнинг биринчи чорагида вилоятда 3233та жиноят ҳисобга олинган ва уларнинг 757 тасиниолдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил этган. Аҳолини ташвишга соладиган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўладиган босқинчилик, қотиллик, фирибгарлик, оддий ва ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари, жиноят содир этган шахслар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайди.
– Маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилаш мақсадида 160 та “намунавий хавфсиз кўча” ва 255 та “намунавий хавфсиз уй” ташкил қилиниб, маҳаллаларга 352 та видеокузатув, 265 та ПТЗ, 387 та юз
ва авторақамни таниб олувчи камера, 506 та домофон ўрнатилди, – деди С.Бозоров. – Кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари олдига 120 та ташвиш тугмалари жойлаштирилди. Натижада, камералар ёрдамида қидирувда юрган
72 нафар шахс ушланди, жазодан бўйин товлаб келган пробация ҳисобидаги 248 нафар ҳамда транспорт воситаси билан қоидабузарлик содир этган 114 нафар шахсга чора кўрилиб, 10 та жиноят фош этилди.
Ҳисобга олинган жиноятларнинг қарийб ярмини ахборот технологияларидан фойдаланиб содир қилинган жиноятлар ташкил қилди. Бу йўналишдаги 900 та жиноят фош этилиб, 556 та жиноят иши судларга юборилди. Кибержиноятлар натижасида 90 миллиард сўм зарар етказилганлиги аниқланиб, шу пайтгача 13 миллиард сўм маблағ жабрланувчиларга қайтарилди ва ҳисоб рақамларининг чиқиш транзакцияларига тақиқ қўйиш йўли билан 14 миллиард сўм пул маблағлари музлатилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида маҳалла ҳудудида содир этилган олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар юзасидан ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармаган 857 нафарҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи шахслар интизомий жавобгарликка тортилиб, бир ҳолатда жиноят иши қўзғатилди.
Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Т.Арипов ҳам юқорида қайд этилган Президент қарори ижроси юзасидан ички ишлар идоралари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
– Вилоят ҳудудида жиноятларнинг барвақт олдини олиш мақсадида “Самарқанд тажрибаси” сифатида белгилаб олган устувор йўналишларимиз асосида ҳодиса жойига 5 дақиқада етиб бориш, “112” рақами орқали келиб тушган хабарларни кунлик таҳлил қилиш йўлга қўйилди, – деди Т.Арипов. – Ана шу таҳлиллардан келиб чиқиб, қайси маҳалладан қандай турдаги мурожаатлар кўплигига қараб соҳавий хизматлардан масъуллар бириктиряпмиз ва муаммолар ўз вақтида ҳал этилмоқда. “Чилонзор” ва “Иштихон” тажрибалари асосида 709 маҳаллада “Тозалаш” тадбирлариўтказилиб, 203 минг 400 дан ортиқ хонадонда яшовчи аҳолининг 13 мингга яқин муаммоси аниқланди. Шу пайтгача бу муаммоларнинг 7215 таси ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, тадбирлар давомида, профилактика инспекторлари томонидан 26 минг 322 та маъмурий ҳуқуқбузарликаниқланди ва жавобгарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Натижада биринчи чоракдамазкур 709 маҳалланинг 514 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Шунингдек, ушбу маҳаллалалардан келиб тушаётган мурожаатлар ҳам ойдан-ойга камайди.
Бошқарма бошлиғи шу йилнинг 27 январь кунидавлатимиз раҳбари томонидан хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишларида вилоятда амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратди.
Жумладан, киберхавфсизлик бўйича аҳолининг ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари натижасида ушбу йўналишдаги мурожаатлар январда 1012 та бўлгани ҳолда, февралда 650 та, март ойида 412 тани ташкил этган. Худди шундай, март ойида содир этилган кибержиноятлар сони февралга нисбатан 194 та (30фоиз)га камайди.
Гиёҳвандликка қарши курашиш йўналишидаги ишлар натижасида 446 ҳолатда 57 килограмм 473 грамм гиёҳвандлик воситалари ва 3811 дона психотроп дори-воситалари тегишли ноқонуний айланмаси олди олдинди. Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида эса 272 та жиноий ҳолат аниқланди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида олиб борилган ишлар давомида 1258 нафар аёлга “ҳимоя ордери” берилди.Фарзандининг тарбиясига эътиборсиз бўлган 6938нафар ота-оналар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Шундан сўнг, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Ш.Жўрақулов ўрганиш жараёнида бошқармада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишнинг олдини олиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати, шунингдек, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини қайд этди. Йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар юзасидан бошқарма раҳбариятига зарур тавсиялар берилди.
Масала муҳокамасида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари ҳамда депутатлар қатнашиб, ўз фикрларини билдирди.
Сессияда вилоятда соғлиқни сақлашни ривожлантиришга оид давлат дастурларининг бажарилиши, касалликлар профилактикасининг ҳолати, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни шакллантириш, шунингдек, соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Зайниевнинг ҳисоботи ҳам тингланди.
С.Зайниев соҳада ўтган йил амалга оширилган ишлар ва жорий йилга мўлжалланган вазифалар, тиббиётда йўлга қўйилган янги тизим ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, ўтган йил 18-40 ёшли, 40 ва ундан катта ёшдаги 1,5 миллион аҳоли энг кўп учрайдиган юрак-қон томир, қандли диабет, ўпка касалликларини бўйича профилактик кўрикдан ўтказилган. Ирсий касалликларга чалинган 360 нафар болани даволаш чоралари кўрилган. 65 нафар болада фенилкетонурия касаллиги аниқланиб, диспансер назоратига олинган ва зарур дори воситалари билан бепул таъминланган. Туғма гипотериоз касаллиги аниқланган 273 нафар болага керакли препаратлар тарқатилган. Ўтган йил давомида онкоскринингданўтказилган 377 мингдан ортиқ аёлларнинг 51 нафарида бачадон бўйни саратони, 48 нафарида кўкрак бези саратони эрта босқичда аниқланиб, уларни даволаш чоралари кўрилган. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг вилоятдаги филиаллари билан ҳамкорликда 10 мингга яқин юқори технологик амалиётлар бажарилди. Хусусан, 59 нафар беморда жигар трансплантацияси, 153 нафар беморда буйрак трансплантацияси муваффақиятли ўтказилди. Юқори технологик амалиётлар 995 дан 3462 тага, операциялар тури
151 дан 181 тага ошишига эришилди.
Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари томонидан йилнинг биринчи чорагида мутасадди идоралар ва раҳбарларга юборилган депутатлик сўровларининг самарадорлиги таҳлил қилинди. Қайд этилишича, ҳисобот даврида депутатлар томонидан сайёловчилар мурожаатлари ва улар манфаатни кўзлаб юборилган сўровларга ҳокимликлар, бошқарма ва идоралар ўз вақтида жавоб бериб, сўровларда кўрсатилган масалалар ечим топган. Шу билан бирга вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, “Самарқанд электр тармоқлари” акциядорлик жамияти, “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига йўлланган сўровларга ўз вақтида жавоб берилмагани таъкидланиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Кун тартибига кўра, депутатлар Булунғур, Жомбой, Оқдарё, Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Нарпай, Пайариқ, Паст Дарғом, Пахтачи, Самарқанд, Нуробод, Ургут, Тойлоқ туманларидаги шаҳар, шаҳарча ва қишлоқлар (маъмурий-ҳудудий бирликлар) чегараларини белгилаш, Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида амалга ошириладиган “Республика бўйлаб умумтаълим мактабларини қуриш ва реконструкция қилиш” лойиҳасидоирасида қамров коэффициенти юқори бўлган мактабларда янги ўқув бинолар қуриш ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларда янги умумтаълим мактаблар барпо этиш лойиҳа концепциясини тасдиқлаш, Самарқанд вилоятида 2026 йилда давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиб, қарорлар қабул қилдилар.
Бундан ташқари, сессияда Самарқанд шаҳридаги жамоат транспорти тизимида йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифларни жорий этиш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан ҳисобилан “Динамо”футбол клубига 10 миллиард сўм маблағ ажратиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилишига рухсат бериш, Булунғур тумани ва Каттақўрғон шаҳрида бирлаштириш ва ихчамлаштиришга тушган маҳаллаларнинг чегараларини белгилаш тўғрисидаги ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Сессияда муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан Кенгаш қарорлари қабул қилинди.