Кучли йўтал билан кечувчи касаллик ёхуд бронхит нимаси билан хавфли?
Айни кунларда юртимизда совуқ қиш фасли ҳукмронлик қилмоқда. Табиийки, бу пайтда кўпчилик инсонларда нафас йўллари билан боғлиқ хасталиклар кўп кузатилади. Шулардан бири бронхитдир.
Хўш, ушбу касаллик келиб чиқишининг энг асосий омиллари нималардан иборат? Унинг қандай белгилари бор?
Мазкур саволларга олий тоифали шифокор Равшанбек Умаров батафсил жавоб берди.
— Бронхларнинг яллиғланиши (бронхит) юқори нафас йўлларининг энг кўп учрайдиган хасталиги, — дейди мутахассис. — Унинг ўткир ва сурункали турлари фарқланади.
Кўпинча об-ҳавонинг ўзгариши, иммун тизимининг сусайиши, ёмон одатларга (ичкиликбозлик, кашандалик) ружу қўйиш ҳамда турли зарарли моддалар (газ, чанг, кучли эфир мойлари)ни нафас орқали ичга ютиш каби ҳолатлар ҳалқум, ҳиқилдоқ ёки трахеяни зарарлаб, ўпка томон тарқалади. Оқибатда бронхит ва зотилжам келиб чиқади.
Касалликнинг ўткир турида бемор ҳолсизланади, мушаклари қақшайди. Йўтал пайдо бўлади. Кўкрак соҳаси қисилиб, оғрийди. Бироз ўтиб, унга тумов ҳам қўшилади, баъзи ҳолларда эса тана ҳарорати кўтарилиши мумкин.
Қолаверса, беморни мунтазам равишда йўтал тутиб, йиринг аралаш балғам ажралади. Бронхит тўлиқ даволанмаса, касаллик чўзилиб, сурункали тусга ўтади ва ўзидан оғир асоратлар қолдиради.
Гайморит, отит ва зотилжам хасталиклари аксарият ҳолларда бронхит қайталаши оқибатида келиб чиқади. Юрак-қон томир тизимида жиддий муаммо бўлган ва қувватдан қолган беморларда бронхит туфайли майда бронхлар ҳам зарарланади.
Касаллик ривожланганда бемор иситмаси баланд бўлади, ҳаво етишмайди, ҳансирайди. Шунингдек, лаби кўкаради, тез-тез йўталиб, тинка-мадори қурийди. Йирингли балғам ташлаб, кўкрагида оғриқ туради. Ҳатто, ўпкасида майда пуфакчали нам, қуруқ хириллашлар эшитилади.
Қолаверса, нафас сустлашади, томир уриши тезлашиб, юрак товуши бўғиқ эшитилади. Ҳатто, бронхлар девори ва атрофидаги тўқималар зарарланади. Бундай вақтда беморларни зудлик билан шифохонага ётқизиш лозим.