Кун тартибида аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш ва сув ресурслари масаласи

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни Кенгаш котибияти мудири Ш.Йўлдошев бошқарди.

Депутатлар дастлаб сессия кун ва иш тартибини тасдиқлаб олдилар.

Сессия ишида Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи М.Қурбоновнинг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 1 июнь ҳолатига давлат хизматлари марказлари томонидан 373 211 та, шундан интернет орқали 40 094 та давлат хизматлари кўрсатилган.

Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолда давлат хизматлари марказлари филиалларини босқичма-босқич ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, бугунги кунгача Каттақўрғон шаҳар (Ингичка қўрғони), Самарқанд (“Қайнама” маҳалласи), Паст Дарғом (“Олти қаҳрамон”), Ургут (“Жартепа”), Нуробод (“Саҳоба”) ва Қўшработ (“Жонбулоқ”) туман давлат хизматлари марказларининг филиаллари ташкил этилган. 2021 йил 1 июнь ҳолатига филиаллар орқали 3 минг 207 та хизматлар кўрсатилган.

Шунингдек, давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида ҳафтанинг дам олиш кунлари (шанба ва якшанба) жойларга чиққан ҳолда сайёр тартибда 11 минг 234 та хизмат кўрсатилган.

- Масъул ходимлар томонидан давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ бўлимларида "Сирли мижоз" ва рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда, - деди М.Қурбонов. - Жумладан, ўтган 5 ой давомида 32 марта рейд, бир марта "Сирли мижоз" тадбири ўтказилди. Бу тадбирлар натижасида 1 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, 9 нафар ходимга интизомий жазо чораси қўлланилди, 12 нафар ходимга расмий огоҳлантириш берилди.

Депутатлар давлат хизматлари кўрсатишнинг шаффофлигини таъминлаш борасидаги масалалар ҳақида сўз юритиб, тизимдаги айрим камчиликларни танқид қилди. Тизимда сифат ва самарадорликни ошириш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Сессия ишида шунингдек, “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Ф.Ражабов вилоятда 2021-2023 йилларга мўлжалланган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш дастури доирасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Ф.Ражабовнинг маълум қилишича, 2021 йил 1 июнь ҳолатига дастур доирасида 13 та лойиҳа бўйича 79,2 миллиард сўм капитал маблағлардан 51,9 миллиард сўм ёки йиллик лимитнинг 65 фоизи ўзлаштирилган.

Вилоят Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлар гуруҳи раҳбари Б.Хўжаёровнинг фикрига кўра, Зарафшон дарёсида тартибсиз равишда ноқонуний тош-шағал қазиб олиниши оқибатида дарё ўзани чуқурлашиб бормоқда. Бу гидрологик, экологик хавфдан ташқари катта техноген хавф-хатарни ҳам юзага келтириши мумкин. Депутат шунинг учун турли тармоқ вакилларидан иборат комиссия тузиб, дарё ўзани ва ундаги гидротехник иншоотларни ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш таклифини билдирди.

Б.Хўжаёров Ургут тумани “Мерганча” маҳалласида қурилган кўп қаватли уйларнинг оқова сувлари туман ҳудудидан ўтувчи Янгиариқ каналига ташланаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганига тўхталиб, суратлар ва видеолавҳани тақдим этди.

Депутат кўтарган ушбу масала қизғин муҳокама қилиниб, бу борада зарур чоралар белгиланди.

Сессия давомида депутатлар вилоят бош архитектори Ҳ.Мирзоевнинг 2021 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятда аҳоли пунктларининг ишлаб чиқилган бош режа схемалари юзасидан тақдимоти билан танишиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Шунингдек, сессияда халқаро молия институтлари иштирокида Каттақўрғон шаҳрида ичимлик ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш ва вилоятнинг 6 та тумани маркази ва шаҳарчаларида оқова сув тизимларини қуриш лойиҳаларини тасдиқлаш, вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритиш ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашида бўшаб қолган ўринларга сайлов ўтказиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар.

Сессияда Кенгаш ваколатига тегишли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.