Кун тартибида АҚШ–Дания: Гренландия ҳимояси ва Трампнинг режалари

Агар АҚШ Гренландияга бостириб кирса, Дания ҳарбийлари 1952 йилдан амал қилиб келаётган қоидага мувофиқ ҳаракат қилади: аввал ўт очилади, сўнг тафсилотлар аниқланади, дейилади The Telegraph нашрида.

Дания Мудофаа вазирлиги ушбу қоида ҳали ҳам кучда эканини тасдиқлади. Унга кўра, Дания ҳудудига, жумладан Гренландияга хорижий қўшинлар кириб келган тақдирда, ҳарбийлар юқоридан буйруқ кутмасдан дарҳол ўқ отишга мажбур.

Шу билан бирга, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳозирда ўз маслаҳатчилари билан Гренландияни харид қилиш масаласини фаол муҳокама қилмоқда. Европа томони эса бу ҳодисани кузатаётиб, баъзи маълумотларга кўра, Гренландияни стратегик шартлар эвазига бошқа геополитик имтиёзлар билан алмаштиришга тайёр эканини билдирмоқда.

Сўнгги пайтларда АҚШ ва Дания муносабатлари Гренландия атрофидаги хавфсизлик масалалари сабабдан янада таранглашган. АҚШ Арктикадаги стратегик манфаатларини очиқ таъкидламоқда, Копенгаген эса Гренландия Дания ҳудуди эканини ва унинг хавфсизлиги қатъий ҳимоя қилиниши кераклигини огоҳлантирмоқда.