Кунгабоқар кимга боқар?

Кунгабоқар бошқа ўсимликларга ўхшамайди. У қуёшга қараб ҳаракатланади. Қуёш қайси томонда бўлса, ўша тарафга қарайди.

У тонгда шарққа термулса; кундуз қуёш тикка келганида тепага; шомда қуёш ботар чоғ ғарбга томон йўналади.

Қуёш чиққанида очилиб-сочилиб яшнайди – ботганида маъюс тортиб ерга қараб қолади. Ўзининг шакли ҳам қуёшни эслатиб юборади…

Бошқа бирор ўсимликда бу хусусият кузатилмайди.

Мен кунгабоқарда мўминларнинг хусусиятларини кўраман. Мўмин инсон ҳам доим Aллоҳни эслайди, Унинг розилигини топишга интилади, У кўрсатган тўғри йўлдан юришга саъй-ҳаракат қилади, ўзи қаерда, қай аҳволда бўлмасин, кўнгли Роббисида бўлади!

Қуёш ўз нурлари билан кунгабоқарни эркалатганидай, Aллоҳ ҳам инсонларни беҳисоб неъматлари билан сийлайди.

Қизиқиб кўрсам, кунгабоқарнинг меваси (пистаси) дан тортиб, танасигача истеъмол қилинар экан. Мевасидан ёғ олинади, танаси эса чорва моллари учун озиқа бўларкан.

Яхши инсонлар ҳам шундай – сўзи ҳам, амали ҳам, ҳатто, сукути ҳам бошқаларга наф келтиради…

Биргина ўсимликка қараб шунча ибратга арзирли хислатларни топса бўлар экан, агар инсон ўзини яхшироқ тадқиқ қилса, балки ибратлар маҳзанига етишар…

Гуландом Шарипова.