Кутилаётган жазирама дунё озиқ-овқат танглиги билан таҳдид солмоқда

Сайёрамизда давом этаётган жазирама тўлқини озиқ-овқат хавфсизлиги учун хавф туғдиради ва бу яқин ўн йилликларда озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келиши мумкин, деб ёзади Британиянинг Guardian газетаси қатор олимларнинг баёнотларига таяниб.

Жорий йилнинг ёзида дунёнинг кўплаб мамлакатларида рекорд даражадаги юқори ҳарорат қайд этилган, бир қатор ҳудудларда сувдан фойдаланиш чекланган, кондиционер ишлатиш туфайли электр энергияси истеъмоли кўпайган, олимлар эса "бу ҳали бошланиши" дея яна ҳам иссиқроқ бўлишини айтишмоқда.

"Дунёнинг турли минтақаларида бир вақтнинг ўзида йирик экинларни йўқотиш хавфи ортиб бормоқда, бу ҳақиқатан ҳам озиқ-овқат миқдори ва нархларига таъсир қилади", деди Лидс университети атмосфера фанлари профессори Жон Маршам. Олимнинг фикрича, бундай ҳолат яқин ўн йилликларда содир бўлади.

Яна бир олим, ҳарорат ошишининг денгиз ҳаётига таъсирига эътибор қаратади. Денгизлар ҳам иссиқлик тўлқинларидан зарар кўради. Исишнинг +2 даражага ошиши маржон рифларининг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин.

Дарҳақиқат, бу йил бутун Европада юқори ҳарорат янги рекордлар белгилади. Германия ва Грецияда иссиқ туфайли ўрмон ёнғинлари бошланди, Францияда қурғоқчилик хавфи туфайли бир қатор муниципалитетларда сувдан фойдаланишга чекловлар жорий этилди, шаҳар ҳовузлари ёпилди. Испаниянинг бир қатор минтақалари, асосан Пиреней ярим оролининг жанубий қисми аҳолиси сув таъминотидаги узилишлардан азият чекмоқда.

Евромамлакатлар фавқулодда вазиятда сув истеъмолини чеклаш ва дарёлардан сув олишни тартибга солиш бўйича чора-тадбирлар қўлламоқчи.

Г.ХОЛДОРОВА тайёрлади.