Эътиқод ва инсонийлик тушунчалари қалб туғёни ва виждон азоби билан бадиий тадқиқ этилган китоблар ҳақида сўз
Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида шоир ва таржимон Тошпўлат Ўрхун (Тошпўлат Тугалов)нинг «Сурур» ҳамда «Умр карвони» номли шеърий ва «Тонг юлдузи болалари» номли таржима китоблари тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзолари, ёш ижодкорлар, шеърият ихлосмандлари, ижодкорнинг яқинлари, дўстлари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова Тошпўлат Ўрхуннинг китоблари ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.
- Ҳар ким ҳам шоир бўлавермайди, ҳар ким ҳам шеър ёзолмайди. Чунки шеър - қалб туғёни, у қалбдан туғилиб, қалбга боради, - деди Хосият Бобомуродова. - Тошпўлат Тугаловнинг шеърлари қалбдан чиқиб, қоғозларга тизилган. Унинг ҳар бир шеъри фалсафий мушоҳада билан йўғрилган. Ушбу китобларида эътиқод, бурч, инсонийлик тушунчалари қалб туғёни, виждон азоби, юрак қони билан бадиий тадқиқ этилган.
Самарқанд давлат университети профессори Шавкат Ҳасанов, филология фанлари номзоди Толиб Жўраевлар ижодкорнинг янги китобларидан ўрин олган ижод намуналарининг бадиий қиймати, жанр хусусиятлари ҳақида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Сўзга чиққанлар шоирнинг «Сурур», «Умр карвони» шеърлар тўпламидан ўрин олган шеърларда Ватан мадҳи, меҳр-оқибат, бугунги таҳликали даврдаги миллат маъанавиятини юксалтириш, ватанпарварлик масалалари ўзгача талқинда, янгича ёндашув билан бетакрор топилмаларда куйланганини қайд этди. «Тонг юлдузи болалари» номли болалар учун таржима китобидан ўрин олган Шимолий Америка, Янги Зеландия, Олтой халқларига оид ривоят ва эртаклар ёш авлодни маънан баркамол вояга етишига, уларда китобхонликка бўлган қизиқишни кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир давомида ижодкорлар, шоирнинг дўстлари тақдим этилаётган янги китоблар, Тошпўлат Ўрхуннинг ижоди ҳақида фикрларини билдирди.