“Lacetti”ни бошқариб ЙПХ инспекторининг қонуний талабларига бўйсунмаган хонимга нисбатан чоралар кўрилди (видео)

Жорий йилнинг 18 октябрь куни интернет тармоғида “Lacetti” русумли автомобиль ва унинг ортидан ИИББ автомобили махсус ёруғлик сигналларини ёққан ҳолда ҳаракатланаётганининг видеоси тарқалди. Шунингдек, видео тасвирда ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг талабига бўйсунмагани ҳам акс этган. Ушбу факт бўйича Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди:

"17 октябрь куни тахминан соат 22.35 да Олмазор туманидаги Тошкент ҳалқа автомобиль йўлидаги “Айвон” чойхонаси қаршисида ЙҲХБ ЙПХ инспектори М.З. ҳуштак ва жезл билан “Lacetti” русумли автомобиль (давлат рақами 01  D 616  ВВ) ҳайдовчисидан тўхташини талаб қилган.

Ҳайдовчи эса ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатини катта тезликда давом эттирган. Шундан сўнг ЙПХ ходими С.Х. қоидабузарнинг автомобилини “Lacetti” русумли хизмат автомобилида (давлат рақами 01 673 VSC) таъқиб қила бошлаган.

Ортдан таъқиб қилиб келаётган патруль хизмати автомобили ҳам қоидабузарнинг фикрини ўзгартирмади. У ТХАЙ бўйича ҳаракатни давом эттириб, “Уч Қаҳрамон” ЙПХ постигача етиб борди. Сўнг Амир Темур ва Янги шаҳар кўчалари кесишмасидаги айлана чорраҳасида бир оз вақт қарама-қарши йўналиш бўйича ҳаракатланган.

ЙҲХБ ходимлари томонидан кўрилган чоралар натижасида соат 22.55 да автомобиль Юнусобод туманидаги Қаймақова кўчасида (17-шифохона қаршисида) тўхтатилди. З.А.га тегишли бўлган автомобилни Тошкент вилоятида яшовчи 25 ёшли Гулираъно А. бошқариб борган. Автомобилни бошқариш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўпламидан ҳайдовчида фақат ишончнома бор эди.

Гулираъно А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддаси (“Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши”) ва 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, унинг автомобили жарима майдончасига жойланди".