Лазиз Тангриев, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори: Китоб ва матбуот — миллат савияси мезони

– Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, юртимизда 1991 йилга нисбатан оммавий ахборот воситалари сони қарийб 4 марта, нашриётлар сони 13 карра ва матбаа корхоналари сони 12 баробар кўпайган. Ўз-ўзидан савол туғилади – улар бераётган маҳсулотларнинг сифат даражаси ҳам шунга муносибми?

– Дарҳақиқат, бу соҳада ўсиш суръати анча салмоқли. Эътиборли жиҳати, бу ўсиш кўпроқ хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. 2017 йил 3 август куни давлатимиз раҳбари зиёлилар билан бўлиб ўтган учрашувда оммавий ахборот воситалари, нашриётларнинг кўп бўлгани яхши, лекин уларнинг сифати ҳам тубдан ўзгариши лозим, дея таъкидлаган эди. Айнан шундан келиб чиққан ҳолда нашриётлар ва матбаа корхоналари энг замонавий асбоб-ускуналар ва чоп этиш дастгоҳлари билан модернизация қилинмоқда.

Бунга «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйида Марказий Осиёда ягона бўлган Германиянинг «КВА» компаниясида ишлаб чиқарилган 8 бўёқли чоп этиш ускунаси, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида «Heidelberg» компаниясининг «Speedmaster» офсет усулида чоп этиш ускунаси ва иш жараёнларини бошқаришда қулайлик яратадиган бош­­қа бир қанча замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилганини мисол тариқасида келтириш мумкин. Улар маҳсулотлар сифатининг яхшиланишига хизмат қилмоқда. Хусусан, китобларга бўртма нақш солиш, муқоваларнинг дизайнини кўркам қилиш учун айрим тасвирий элементларга лок суриш каби янгиликлардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди.

Китобхонларимиз, айниқса, ўқувчи-ёшларимиз 3D форматли, интег­рал муқовали, шунингдек, таъбир жоиз бўлса, «гапирадиган» китоб ва дафтарларнинг беқиёс имкониятларидан фойдаланмоқда.

«A2 Digital» , «Kolor Pak» , «Niso Poligraf» , «Ofset Print» , «Sano-standart» , «Credo print group» каби хусусий корхоналар ҳам ишлаб чиқаришни модернизация қилиб, матбаа бозорида ўз ўрнини кенгайтирмоқда. Уларнинг маҳсулотлари нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир.

Ушбу янгиланишлар самараси ўлароқ, ­кейинги йилларда ноширларимиз Россия, Хитой, Туркманистон, Туркия, Германия ва бош­­қа кўплаб давлатларда ташкил этилаётган халқаро китоб кўргазма-ярмаркаларида қатнашиб, юқори ўринларни қўлга киритмоқда. Масалан, шу йилнинг апрель ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ва Европанинг 150 дан зиёд ноширлари иштирок этган «III Евроосиё халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси»да Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», Ғафур Ғулом ва Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, шунингдек, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа маркази, «Ҳилол нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси беш юздан ортиқ номдаги мингга яқин ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, илмий-оммабоп, болалар ва бадиий адабиётлар билан иштирок этди.

Кўргазмада «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйида нашр этилган Нурсултон Назарбоевнинг «ХХI аср бўсағасида» номли китоби олий мукофотга сазовор бўлди. Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи «Внеклассное чтение» (1-4-синфлар) дарсдан ташқари мутолаа китоби учун «Энг яхши ўқув адабиёти» номинацияси, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи «Наманган» альбоми учун «Энг яхши ўлкашунослик адабиёти» номинацияси бўйича махсус дипломга лойиқ деб топилди. «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси эса «Алишер Навоий қомусий луғати» китоби учун «Фан ва инновация» номинациясида биринчи даражали диплом билан тақдирланди.

Айниқса, мазкур анжуман доирасида Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш ­бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тўғрисида»ги қарори тақдимотини ўтказганимизда, кўргазма қатнашчилари бизни катта ҳавас, ҳайрат ва ҳаяжон билан олқиш­лашди. Ўрни келганда айтиш жоизки, россиялик ва қозоғистонлик ҳамкасбларимиз ушбу тарихий қарордан нусха ҳам кўчириб олишди ва «Биз ҳам бу ҳужжатни ўзимизнинг раҳбарларга кўрсатиб, шундай эзгу ишларни ­бошлаймиз», деган фикрларни айтишди.

Октябрь ойининг 10-14 кунлари Германиянинг Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анъанавий китоб ва ноширлик кўргазма-ярмаркаси ҳам нашриётларимиз учун самарали бўлди. Унда 50 дан ортиқ фойдали келишувларга эришилди.

Хусусан, «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти билан Бельгиянинг «Caramel» нашриёти ўртасида ҳамкорлик битими имзоланиб, 18 та болалар адабиётига ихтисослашган китобнинг оригинал макетларини сотиб олиш бўйича 40 минг евролик келишувга эришилди. Буюк Британиянинг «Account executive» нашриёти билан 50 дан ортиқ энцик­лопедик тусдаги болалар китоблари бўйича муаллифлик ҳуқуқини олиш ва Ўзбекистонда нашр этиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди. Австриянинг «TBC global» нашриёти болалар инновацион китобларини Ўзбекистонда нашр этиш, жумладан, китоб тайёрлаш техникасини ўрганиш бўйича келишувга келди.

«Frankfurter Buchmesse» кўргазмаси президенти Юрген Босс билан бўлиб ўтган учрашувда юртимиздаги нашриёт-матбаа корхоналарига инвестиция жалб этиш, маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш, ҳамкорликда турли кўргазмалар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу тадбирлар доирасида Халқаро ноширлар ассоциацияси (IPA) Бош котиби Хосе Боргинио билан ҳам музокаралар ўтказилди. Унда Ўзбекистон ноширлари IPAга аъзо бўлиши билан боғлиқ ишларнинг ҳолати бўйича маълумотлар алмашилди. Ташкилотда юртимиз ноширлари номидан Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси иш олиб бориши маълум қилинди.

«Кейинги икки йил ичида юртингизда рўй берган ўзгаришлардан мамнунмиз. Айниқса, сўз ва матбуот эркинлиги, муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилаётгани қувонарли. Шу боис Ўзбекистонни МДҲ давлатлари орасида биринчилар қаторида ташкилотимизга аъзо бўлишини ижобий баҳоламоқдамиз», – дея таъкидлади Хосе Боргинио ўзаро мулоқот чоғида.

Бир сўз билан айтганда, бугун ноширчилигимиз жаҳонга юз тутмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг ташаб­буси билан китоб мутолаасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Китобхонлик умуман, аҳолининг саводхонлиги ва билим савиясини ошириш муҳим вазифаларимиздан бирига айланди. Ўтган даврда нашриётлар яхши китоблар билан бирга миллий қадриятларимизга зид, ғоявий ҳамда матбаа сифати паст маҳсулотларни ҳам чоп этганига мисоллар етарли. Бунинг олдини олиш борасида амалга оширилган ва келгусида қилиниши режалаштирилаётган ишларга тўхталиб ўтсангиз?

– Бу масала Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг доимий эътиборида. Айни пайт­­да Президентимиз қарори асосида Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази ҳам Агентлик тасарруфига ўтказилди. Энди китоб маҳсулотларининг мониторинги изчил ва тизимли йўлга қўйилди. Буни, айтиш жоизки, шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида 1479 та китоб ўрганилиб, уларда йўл қўйилган 479 та қонунбузилиш ҳолати бўйича тегишли нашриётларга тақдимнома ва кўрсатмалар киритилди. Шунинг­дек, амалдаги қонунчилик доирасида фаолият юритмаган ёки жиддий хато-камчиликларга йўл қўйган 10 та нашриёт фаолияти белгиланган тартибда тугатилди. Нашриётлар фаолиятининг қонунчилик доирасида бўлишини таъминлаш юзасидан мониторинг ишлари муттасил давом эттирилиши шубҳасиз.

– Китобларни имтиёзли чоп этиш масаласи қандай аҳволда? Хусусан, ўзбек мумтоз адабиётини кенг тарғиб қилиш мақсадида имтиёзлар белгилаш зарур эмасми?

– Нашриётлар мавзу режаларини тузиш ва ижодий жараёнларда тўлиқ эркин. Албатта, уларнинг маркетологлари доимий равишда ўқувчи-китобхонларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиб боради. Нашриётларимизда миллий адабиётимизнинг энг сара, мумтоз асарларини нашр этиш ҳамиша эътибор марказида бўлиб келган. Хусусан, кейинги йилларда бу борада Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши натижасида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида Алишер Навоийнинг 10 жилд­лик мукаммал асарлари тўплами, 100 жилддан иборат «Ўзбек халқ оғзаки ижоди дурдоналарининг дастлабки 12 жилди, қарийб 30 йилдан буён қайта нашр этилмаган Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғатит турк» асари ёки закий китобхонларимиз соғиниб қолган Лутфийнинг «Девони» , Фузулийнинг ғазаллар тўплами нашр этилди. Заҳириддин Муҳамад Бобур, Огаҳий, Амирий, Ҳувайдо, Махтумқули (бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин) ва бошқа мумтоз шоирларнинг асарлари катта ададда нашр этилмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, ­кейинги йилларда мумтоз адабиётимизни жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида Навоийнинг «Хамса» асари тўлиқ инглиз тилига ўгирилди. «Мантиқ ут тайр» достони инглиз тилида чиқди. Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида «Ўзбек халқ эртаклари» немис тилида, «Академнашр» нашриётида Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари немис тилида нашр этилди. Буларнинг барчаси соҳамизда юз бераётган янгиланишлардан далолатдир.

Бу борада, шубҳасиз, Вазирлар Маҳкамасининг «Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига ҳамда ўзбек адабиёти дурдоналарини чет тилларига таржима қилиш ва нашр этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим аҳамият касб этди.

Ушбу қарорда белгилаб берилган вазифаларни самарали ижро этиш мақсадида Агентлик қошида «Халқаро китоб савдоси маркази» фаолият бошлади.

– Матбуотда «Китоб жавонингизга» деб номланган рукн бор. Турли китоб­ларнинг тақдимоти ҳақида мақолалар шу рукнда берилади. Айрим китоблар сифатли қоғозда, муқоваси қалин, рангли безаклар билан чоп этилгани китоб жавонига жуда мос тушади. Лекин уларнинг мазмуни ва савияси ўта саёз. ­Ростини айтганда, бундай китоблар ниҳоятда кўпайиб кетди. Буларни ҳам муайян тизимга солиш вақти келмадимикан? Ахир, одамларнинг умуман китоб ўқиётгани эмас, балки қандай китоб ўқиётгани ҳам аҳамиятли эмасми?

– Гуруч курмаксиз бўлмайди… Қолаверса, ушбу оғриқли масала биргина ноширларнинг зиммасида эмас, аввало, асарни яратувчи ижодкорлар, яъни ижодий ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳам бевосита иштирокини тақозо этадиган жараёндир. Айни пайтда Агентлик нашриётларнинг бадиий кенгашлари ҳамда уюшма билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйди. Аксарият асарлар уюшма тавсиясига мувофиқ нашр этилмоқда. Қолаверса, бу муаммоларга нашриётда фаолият юритаётган ёш муҳаррирлар малакасини юксалтириш, маҳоратини ошириш ва биринчи галда кенг ўқувчиларнинг адабий дидини ­шакллантириш орқали ечим топилади, деб ўйлайман.

– Бугун бозор иқтисодиёти даврида яшамоқдамиз. Эркин валюта сиёсати сабабли қоғоз нархи ва босмахона харажатлари ошди. Босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашга қандай чоралар кўрилмоқда? Улар учун қоғоз ва босмахона маҳсулотларини олиб киришда имтиёзлар бериш, грантлар ташкил этиш борасида фикрингиз қандай?

– Мамлакатимизда барча соҳада реал бозор иқтисодиётига кенг йўл очилди. Ҳозир ҳар бир соҳада фаолият юритувчи субъект учун бир хилдаги шароит яратилди. Хўш, ҳаммада бир хил имконият ва шароит бўлгач, кимга ва нима сабабдан имтиёз бериш керак? Агар кимгадир имтиёз берилса, яна реал иқтисодиётдан узоқлашиб кетамиз. Тўғри, давлат матбуотни қўллаб-қувватлайди, шароит яратади, лекин кимгадир имтиёзлар бериш билан шуғулланмайди. Ҳар бир оммавий ахборот воситасининг эгаси унинг муассиси ҳисобланади. Фарзанднинг отаси унинг тақдирига жавобгардир. Газетанинг отаси эса муассис. Шу сабаб муассис ҳам оммавий ахборот воситасини моддий ­қийинчилик пайтида ўзидан нари қилмаслиги керак.

– Муассислар хусусида гап кетганда хоҳлаймизми-йўқми, «мажбурий обуна» деган масала тилга олинади. Матбуотни ривожлантириш, истиқболини белгилаш, керак бўлса, сақлаб қолиш лозим. Бунинг учун газета ва журналларнинг ўзлари талабга тўлиқ жавоб бериши зарур, албатта. Шундай шароитда уларнинг ўқишли, медиамаркетинг таъбири билан айтганда, харидоргир бўлиши учун нималар қилиш керак? Ўзбекис­тон Матбуот ва ахборот агентлиги уларга қандай услубий ёрдам бера олади? Тизимнинг самарали фаолияти учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?

– Оммавий ахборот воситалари, хусусан, газеталар обунаси ҳақида кетганда, биринчи галда соҳада юз берган туб ўзгаришларни тилга олишни истардим. Ҳеч кимга сир эмаски, 15-20 йил мобайнида газеталаримизнинг ҳаммаси деярли бир хил рангда, бир хил кўринишда эди. Ушбу рангнинг номи мақтов эди. Газеталарнинг ҳаммаси гўё инкубатордан чиққан жўжалардек бир хил тусда, бир хил гапларни ягона шакл ва услубда такрорлар эди. Бугун ОАВга том маънода эркин фаолият юритиши учун шароит яратилди. Шу сабабли жамиятдаги муаммолар, камчилик­лар рўй-рост тилга олина бошлади. Афсус­ки, мана шундай шароитда веб-сайтлар улоқни илиб кетяпти. Одамларнинг дард-у ташвишлари, ҳаётимиздаги камчилик ва нуқсонларни биринчи кўрсатиб, керак бўлса, бу борада ҳукуматга ёрдам бер­япти. ОАВдаги бирхиллик йўқолди. Энди одамлар уларни солиштира бошлади. Бу таққослаш, қиёслаш жараёнида кимнинг кимлиги, қайси ижодий жамоанинг нимага қодир экани ошкор бўлиб қолди. Илгарилари «Ҳа, энди шу эканда…» деб фақат мақтов ўқиб келган одамлар ҳозир веб-сайтлар орқали ҳақиқий воқелик билан танишяпти. Матбуотнинг ижтимоий таъсир кучи ва қудратини кўряпти. Халқ оқил, одамлар ҳақиқат билан хўжакўрсинга айтиладиган сохтагарчиликларни дарров пайқайди ва ростни ёлғондан ажратиб олади. Масалан, мажбурий меҳнат, «Оққўрғондаги олтовлон» ёки Самарқанддаги Диана Еникееванинг ўлими билан боғлиқ масалалар ҳақида веб-сайтлар ҳар куни бонг урган бир шароитда нега бирорта босма ахборот воситаси «лом-мим» демади? Бунга босма оммавий ахборот воситаларидаги журналистларнинг журъати, малакаси ё тажрибаси етмадими? Йўқ, ундай эмас. Назаримда, уларда ҳамон ички цензура мавжуд, кимдандир, нимадандир чўчиш, андиша қилиш бор.

Одамларни фикрлашга чорлайдиган, ўйлантиришга ундайдиган чиқишлар ҳамон етарли даражада эмас. Ҳаёт ҳақиқатлари, келажак орзу-умидлар тўғрисидаги мушоҳадалар, теран таҳлилий чиқиш­ларсиз бугунги матбуотни тасаввур қилиш қийин.

– Шу ўринда матбуот нашрларини тарқатиш масаласига тўхталиб ўтсангиз. Мантиқан олиб қараганда, бу муаммо Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига тегиш­ли эмасдек, аммо маҳсулот матбуотники. Шундай экан, ўқувчини сақлаб қолиш ҳам матбуотнинг ташвиши. Бугун нашр этилган газета бир неча кун, баъзан ҳафталардан сўнг муштарийга етиб борса, бу ҳам матбуотнинг оёғидаги тушов эмасми? Бу жабҳада ҳамкор ташкилотлар билан тегишли чоралар кўришнинг вақти келмадимикан?

– Матбуот тарқатиш соҳасини лицензиялаш тарафдориман. Истаган одам матбуот тарқатиш билан шуғулланиши мумкин эмас, деб ҳисоблайман. Бу масалани чуқурроқ ўрганиб таҳлил қилганимизда, айни кунда вилоятларда жуда кўп хусусий матбуот тарқатувчи ташкилотлар мавжуд экани, улар фақат обуначиларнинг пулини ўзлаштираётгани аниқланди… Аксарият ҳолларда улар таҳририятлар олдидаги мажбуриятларини бажармай, нашрларни ўз вақтида ўқувчиларга етказиб бермай, истеъмолчилар ҳуқуқларини ­поймол қил­япти, ОАВнинг ижтимоий аҳамиятига, қадрига путур етказяпти. Бугунги кунда айрим ОАВнинг ўзлари маҳсулотини обуначиларга етказиб беришни йўлга қўйган. Қолаверса, ҳар бир оммавий ахборот воситаси ўз рейтингини оширишни истаса, электрон версиясига ҳам эга бўлиши керак.

– «Ўздавкитобсавдотаъминоти» деган ташкилот баъзи ўқишли китоб­ларнинг ёзувчисидан ҳам, уни нашр этувчидан ҳам кўпроқ фойда кўради. Бу ҳақда фикрингиз?

– Бугун юртимизда нафақат «Ўздавкитобсавдотаъминоти» ташкилоти, балки бундан бошқа ҳам кўплаб хусусий китоб савдоси мажмуалари фаолият юритмоқда. Ҳар қандай савдо ташкилоти ўз фаолиятидан фойда топишни кўзлайди. Биласиз, савдонинг икки хил тури бор: улгуржи ва чакана савдо. Барча маҳсулотлар савдосида бўлгани каби китоб савдосида ҳам чакана савдо билан улгуржи савдонинг нарх-навосида фарқ бўлади. Бусиз иложи йўқ. Бу – иқтисодиётнинг ҳам, бозорнинг ҳам ўзгармас қонунияти. Узоқ йиллар мобайнида ноширлик билан шуғулланиб, бир нарсани кўп кузатдим: одамлар доим китоб маҳсулотларининг нархидан норози бўлган. Нарх қиммат деймиз, хўш, нимага нисбатан қиммат? Ўйлаб кўринг, битта китобнинг тайёрланиши ва чоп этилиши учун унинг муаллифидан ташқари нашриёт ва босмахонада қанча киши меҳнат қилади? Лекин биз китоб қиммат-қиммат деяверамиз…

Аслида, китобнинг нархини тушириб, унга ҳурматсизлик қилиб қўймаяпмизми, унинг ижтимоий, маънавий қадрини ерга урмаяпмизми?..

Яна бир хулоса шуки, кўпчилик китоб сотиб олишни иккинчи даражали иш, ҳатто, энг охирги ўринда қилинадиган иш деб билади. Уларга қолса, ҳар қандай китоб текинга берилса… Ҳали айтганимдек, бир китоб пештахтага етиб боргунча қанча меҳнат сарф бўлади, қанча мутахассис заҳмат чекади? Қолаверса, бугун ҳамма нашриётлар хўжалик ҳисобида ишламоқда. Матбаачилар ҳам, ноширлар ҳам ойлик олиши, меҳнатларига яраша моддий қўллаб-қувватланиши керак-ку?!

Мен китоб савдоси билан шуғулланаётганларга раҳмат айтаман, уларга таъзим қиламан. Иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, халқимизга маърифат, зиё тарқатишмоқда улар. Тўғри, китоб савдоси соҳасида ҳам муаммолар йиғилиб қолган. Уларнинг ҳам ташвиш-у дардлари бор… Шуларни бамаслаҳат ечиш, соҳани янгича тизимга ўтказиш учун яқинда Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциациясини ташкил қилдик. Ўйлайманки, бу ташкилот иш бошласа, кўпгина муаммолар ўз ижобий ечимини топади.

– Бир қатор нашриётлар шу пайт­гача тизимдаги ишларнинг ташкил этилишида Агентликни мувофиқлаштирувчи сифатида айблаб келди. Бу гап буюртмаларни тақсимлаш масаласига тегишли.

– Бу фикрга қўшила олмайман. Чунки Агентлик нашриётларнинг хўжалик ва ижодий фаолиятига аралашмайди. Тўғри, нашриётлар фаолиятини таҳлил қиламиз, ўрганамиз, уларнинг ўз лицензия битимларида қайд этилган йўналиш­ларига мувофиқ, соҳага оид амалдаги қонунчилик ҳужжатлари асосида иш юритиш­ларини таъминлашда кўмаклашамиз, турли тадбирлар, ижтимоий ­лойиҳалар ёрдамида уларга ёрдам берамиз, танловлар орқали яхши ижодий жамоаларни рағбатлантириб борамиз, лекин тўғридан-тўғри уларнинг мавзу режаларини, чоп этиладиган матбаа маҳсулотларига буюртмаларни шакллантириш билан шуғулланмаймиз. Бугунги кунда нашриётлар ўз фаолиятини эркин, бир хилдаги иқтисодий шароит ва бир хилдаги ҳуқуқларга эга бўлган ҳолда юритиши учун барча шароит мавжуд. Таъбир жоиз бўлса, «ўгай кўз» билан қаралади», деган гап­ларда мутлақо асос йўқ.

Энди фақат ижодий, инновацион фикрлаб, янгича ишлаш лозим. Жадал суръатлар билан кетаётган ислоҳотларга муносиб тарзда, замон талабига мос равишда ишлашни ўрганишимиз, бугунги ёш китобхонларнинг маънавий-интеллектуал эҳтиёжларини қондирадиган нашрларни кўпайтиришимиз, бу борада жаҳоннинг илғор мамлакатлари ­тажрибаларини ўзлаштиришимиз тақозо этилмоқда, холос. Кейинги йилларда ноширларимизнинг турли хорижий мамлакатларда малака оширишлари, нуфузли анжуманларда иштирок этишларининг ҳам асл мақсади шунда. Остона шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда биз Қозоғистон, Россия, Бельгия, Туркия, Эрон, Ҳиндистон каби ўнга яқин мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорлик келишувларини имзоладик. Ўйлайманки, бундай ҳамкорликлар нашриётлар фаолиятида, умуман, юртимизнинг маънавий-маданий ҳаётида, жамиятда китобга бўлган муносабатни тубдан ўзгартиришда, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришда ижобий натижаларни беради.

Cуҳбатдош:
Анвар ҚУЛМУРОДОВ.

Манба: www.ishonch.uz