М-37 магистрал йўлидан юк машиналарини Даҳбед орқали 8 километр масофада Фарҳод шаҳарчасига олиб чиқиш таклиф қилинди

СамДАҚУда 27-28 апрель кунлари “Шaҳaрсозликнинг инновaцион ривожлaнтириш муaммолaри, фан ва таълим истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди

Йўл, қурилиш, уй-жой, фан ва инновациялар соҳасидаги вилоят, республика ва хориж олимлари, тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этган анжуманда бир қатор таклифлар илгари сурилди.

Жумладан, шаҳар ҳудудларини ривожлантириш, архитектура, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, антропоген ва техносфера хавфсизлигини таъминлашда энергия тежайдиган технологияларни қўллаш, транспорт ва йўл ҳаракати хавфсизлиги, шаҳарсозлик ва ҳудудий брендлашда лойиҳа-қурилиш жараёнлари ва кўчмас мулкни бошқаришнинг долзарб муаммолари ҳамда унинг ечими ва бошқа бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.

- Мутахассислар соҳада долзарб бўлган таклифлар берди, - дейди СамДАҚУ доценти Абирқул Худойбердиев. – Масалан, М-37 йўлнинг магистрал кўчасидан юк машиналарини Даҳбед орқали  8 километр масофада Фарҳод шаҳарчасига олиб чиқиш бўйича таклифни алоҳида таъкидламоқчиман. Бу жудаям ўринли ва самарали таклиф. Сабаби, бу ечим билан бугун шаҳар аҳолисинига катта муаммо туғдираётган тирбандликлар бартараф этилади, шунингдек, бу шаҳардаги қадимий обидаларга зарарни камайтиради. 

Икки кун давом этган анжуман якунида қатнашчилар шаҳарсозликка оид материаллар асосида анжуман резолюциясини қабул қилди.