Маҳалла еттилиги: янги тизим самара бердими?

Маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича республика, вилоятлар ва туманлар (шаҳар) кенгашлари ташкил этилиб, Республикага Бош вазир, ҳудудларга бевосита вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбар этиб белгиланди. Кенгаш таркибига «маҳалла еттилиги»га кирувчи ташкилотлар раҳбарлари киритилиб, вертикал тизим яратилди.

Эндиликда маҳаллада раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим, профилактика ва солиқ инспекторлари фаолият юритади. Маҳалла аҳолисига 67 турдаги ёрдам ва субсидиялар «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида амалга оширилади. Маҳалла бюджетини шакллантириш ва уни инфратузилмани яхшилашга йўналтириш ҳам «маҳалла еттилиги» қарорига боғлиқ бўлади. Энг муҳими, Инвестиция дастурларини шакллантиришда «маҳалла еттилиги» томонидан билдирилган таклифлар инобатга олинади.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси ҳам ана шу янги тизим асосида фаолият олиб бормоқда.

Хатлов вазифаларни кўрсатиб берди

Бугунги кунда вилоятда 1126 маҳалла бўлиб, 821 мингта хонадон, 1 миллион 34 мингдан ортиқ оилада 4 миллион 172 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.

– Маҳалла бошқарув тизими ўзгаргач, вилоятдаги 16 та туман, шаҳар, 64 сектор ва 1126 маҳаллада аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, «маҳалла еттилиги» ҳамкорлигини таъминлаш, ёшлар биланишлаш, аҳоли бандлигига эришиш тизимини самарали ташкил этиш йўналишларида ташкилий-услубий кўмаклашиш ишлари йўлга қўйилди, – дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг вилоят бошқармаси бошлиғи Шерали Йўлдошев. –  Дастлаб барча маҳаллаларнинг демографик кўрсаткичи ва аҳоли турмуш тарзи, ижтимоий соҳа объектлари ҳолати бўйича 25 йўналиш, 401 та кўрсаткичдан иборат баланси шакллантирилди. Хатлов натижасида аниқланган 90 мингдан ортиқ ишсиз ҳамда умумтаълим мактабларини битираётган 48 минг нафар битирувчининг бандлигини таъминлаш бўйича маҳалла, сектор, туман ва вилоят кесимида бандлик дастурлари тайёрланди. Шунингдек, маҳаллаларни ишсизлик ва коррупциядан холи ҳудудга айлантириш, «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонларини жорий этиш ҳамда секторлар раҳбарлари томонидан «маҳаллабай» ва «хонадонбай» ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар сессияларида муҳокама этилиб, қарорлар қабул қилинди. Маҳаллаларнинг ҳар бирида омбор китоблари шакллантирилди ва уларда ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, ёшларга ер ажратиш, хонадонларни обод қилиш, кўчаларда ҳашарлар ташкил этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар ва ижро муддатлари белгиланди, ҳар бир кўча «маҳалла еттилиги» аъзоларига тақсимланди. Шу билан бирга, маҳаллаларни рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш, маҳалладан туриб давлат ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, барча давлат органларига мурожаат қилиш ва маълумотларнинг ягона базасини юритиш мақсадида «Рақамли маҳалла» платформаси яратилиб, ҳозирда маълумотлар базаси шакллантирилмоқда.

«Маҳалла еттилиги»нинг вазифалари аниқ белгилаб олиниши, ҳар бир ходимнинг зиммасидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаолият олиб бориши натижасида маҳалладаги муаммолар бирин-кетин ҳал этила бошлади.

Маълумотларга кўра, йилнинг биринчи ярмида «маҳалла еттилиги», сектор раҳбарлари, тижорат банклари ва ҳокимликлар ҳамкорлигида вилоят бўйича 63 минг нафар ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланди. Жумладан, 40 мингга яқин ишсиз доимий иш ўринларига жойлаштирилган бўлса, 5897 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган, 3909 нафарига кредит ва 459 нафарига субсидия маблағлари ажратилган. 5034 нафар фуқаро пиллачиликка жалб этилган, 7837 нафар ишсиз эса ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган. 6575 нафар ёшларга деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун 7 минг гектар ер майдони ажратилган.

Айни пайтда яна 33 мингдан ортиқ аҳолини ишга жойлаштириш ёки доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш вазифаси турибди.

Ҳар бир маҳаллада 10 та микролойиҳа

«Сайхунобод» тажрибасидан келиб чиқиб, вилоятдаги 38 мингга яқин хонадонда интенсив боғдорчилик, паррандачилик, балиқ етиштириш ва асаларичилик йўлга қўйилди. Шунингдек, 2673 та лойиҳа шакллантирилиб, уларни ишга тушириш орқали 5346 та янги иш ўрни яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида ҳар бир маҳаллада камида ўнтадан микролойиҳаларни амалга ошириш вазифасини белгилаб олганмиз, – дейди Шерали Йўлдошев. – Бугунга қадар қарийб 131 миллиард сўмлик 7464 та микролойиҳа ўз фаолиятини бошлади. Бундан ташқари, томорқадан унумли фойдаланишни ташкил этиш орқали 7043 та камбағал оила қўшимча даромад манбаига эга бўлди. Бу оилалар учун 470 та иссиқхона қуриб берилди, 106 тасига 843 та асалари уялари, 409 тасига 86 минг бош парранда, 1894 тасига 14237 бош чорва моллари тарқатилди.

Маҳаллаларда оилаларни қўллаб-қувватлаш билан бирга аҳоли норозилигига сабаб бўладиган муаммолар «маҳалла еттилиги» ва сектор раҳбарлари ҳамкорлигида ўрганилиб, имкон қадар ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, йил бошидан буён 2443 та муаммо ва камчилик аниқланиб, уларнинг 1785 таси ёки 73 фоизи ҳал этилди. Яъни, 362 километр тупроқ йўллардан 342 километрига шағал ётқизилди, 42 километри асфальтланди. 432 та трансформатор пункти таъмирланди, 3259 та симёғоч алмаштирилди, 2210 та қўшимча устун ўрнатилди, 118 километр СИП кабеллар тортилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 145 мингдан ортиқ аҳолига ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, бугунги кунга қадар вилоятдаги 33 маҳалла учун янги бино қурилди, 18 таси жорий, 12 таси капитал таъмирланди, 13 таси реконструкция қилинди.

Оғир маҳаллалар – эътиборда

Вилоятда бу йил яна бир яхши тажриба йўлга қўйилди. Яъни, ҳар бир туман ва шаҳардаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир аҳволдаги ҳамда аҳоли мурожаатлари кўп қайд этилган биттадан маҳалла танлаб олиниб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича «Ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Натижада шу пайтгача ушбу маҳаллалардаги 65 километр йўл тартибга келтирилди, 30 та трансформатор таъмирланиб, 3 таси янгиланди. 315 та симёғоч бетон таянчга алмаштирилди, 50 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 1070 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди.

Самарқанд шаҳар Ҳумо маҳалласининг 4 минг нафарга яқин аҳолисига хизмат кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктини таъмирлаш учун Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўм ажратилди. Пахтачи тумани Қайнарбулоқ маҳалласидаги кучли сел ювиб кетган кўприк таъмирланди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси маблағлари ҳисобидан Жомбой туманидаги Қўнғирот ва Булунғур туманидаги Лалмикор маҳаллалари учун янги бино қурилмоқда. Умуман, жорий йилда вилоятдаги ўз хизмат биносига эга бўлмаган ёки биноси таъмирталаб ва капитал таъмирга муҳтож 55 та маҳалла янги бинога эга бўлади.

Аҳоли мурожаатлари асосида Каттақўрғон туманидаги Қўшҳовуз маҳалласида енгил конструкцияли «Ёшлар маркази» қурилиши учун 400 миллион сўм йўналтирилди. «Беш ташаббус» олимпиадасида ғолиб бўлган жамоалар учун ушбу жамоалар аъзолари яшайдиган маҳаллаларда спорт майдончалари қуриб берилиши ҳам бугун яхши самара бермоқда. Вилоятда ҳам йигирмага яқин маҳаллада шундай спорт майдончалари ташкил этилди.

«Маҳалла еттилиги» бир мушт бўлиши керак

Авваллари маҳаллада уч-тўрт нафар ходим ишлар, ҳудуддаги аксарият масалалар ҳокимлик ва бошқа идораларда ҳам этиларди. Эндиликда маҳалла фуқаролар йиғинларининг нафақат таркиби, балки фаолият кўлами, вазифалари ҳам кенгайди. Бугун аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик қилиши учун қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари билан шуғулланиш, ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизлик ва инфратузилмани яхшилаш каби муҳим вазифалар маҳалланинг зиммасида. Бу вазифаларни бекаму-кўст бажариш эса «маҳалла еттилиги»нинг ҳамжиҳатлиги, бир жамоа бўлиб ишлашига боғлиқ, албатта. Маҳалла раиси эса олти ходим ишини ҳам мувофиқлаштириб, ҳудуд учун бутун масъулиятни ўз зиммасига олади.

– «Маҳалла еттилиги»нинг кунлик, ҳафталик, ойлик, чораклик иш режалари, намунавий биройлик тадбирлар дастури тайёрланиб, ҳафтанинг ҳар бир кунига рамзий номлар берилган, – дейди Шерали Йўлдошев. – Хусусан, душанба кунимаданият ва санъат, сешанбаоммавий ва миллийспорт, чоршанбамаънавият ва маърифат, пайшанбажиноятчиликнинг олдини олиш, жумасаломатлик, шанбатадбиркорлик ва бандлик кунлари этиб белгиланди. Ва ўз навбатида ҳар биркунга «маҳалла еттилиги»нинг бири масъул. Бундан ташқари, ҳар бир маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси мактаб директори билан ҳамкорликда ишлаб, ўқувчиларнинг дарсларда қатнашиши ва фанларни ўзлаштиришини назорат қилади. Демоқчиманки, ҳар бир кун, ҳар бир соат ҳисобли, бажариладиган вазифалар бор.

Иш ана шу мезонлар асосида ташкил этилган маҳаллаларда еттилик фаолияти самараси яққол кўзга ташланмоқда. Лекин айрим маҳаллаларда ходимларнинг раис билан бамаслаҳат иш юритмаслиги ёки ўз билганича иш тутиши нафақат ўша ходим, балки еттилик фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Албатта, бундай ҳолатлар ҳокимликлар, сектор ва мутасадди идоралар раҳбарлари билан ҳамкорликда кўриб чиқилиб, камчиликлар бартараф этилмоқда. Бундан ташқари, Давлат бошқаруви академияси дастури асосида «маҳалла еттилиги» учун ташкил этилаётган ўқув-семинарлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Дастлаб февраль ойида барча ходимлари ўқитилган эди. Июнь ойида эса 1108 нафар маҳалла раиси «Масофавий курслар» платформаси орқали ўз касбий маҳоратини оширди. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари малакаси ошириш марказида ҳам мунтазам ўқувлар ташкил этилмоқда.

Ғолиб Ҳасанов.