«Маҳалла раиси сайлови - 2019»: Вакиллар ҳар бир ҳудуд аҳолиси сонидан келиб чиқиб шакллантирилади

Пахтачи туман адлия бўлими ташаббуси билан тумандаги Боғолони маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш бўйича семинар ўтказилди.

Унда «Бу йилги сайлов ўтган йиллардагидан нимаси билан фарқ қилади?», «Аввал кузатилган хато-камчиликлар қай тариқа бартараф этилади?», «Вакиллар қайси мезонлар асосида шакллантирилади?» каби саволларга жавоб изланди.

 - Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови юртимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараён саналади, - дейди туман адлия бўлими бошлиғи Э.Давронов. - Унда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этади.

Олдинги амалиётда маҳалла раиси фуқаролар йиғини томонидан эмас, балки фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайланарди. Бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берарди. Эндиликда сайловларда бевосита фуқароларнинг ўзлари кўпроқ иштирок этишини таъминлаш мақсадида ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормаси белгиланди. Бу энди вакиллар ҳар бир ҳудуд аҳолисининг сонидан келиб чиқиб шакллантирилади, дегани. Бунда вакилларнинг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак. Дейлик, бундай ҳолатда маҳаллада яшовчи ўртача 3 минг нафар сайловчи номидан 360 нафар вакилнинг сайловда иштирок этиши таъминланади.

Сулаймон Мардиев.