Маҳаллага муносиб раиснинг сайланиши жамиятга фақат наф келтиради

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев фуқаролар йиғинлари раислари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган видеолектор йиғилиш ўтказди.

Тадбирни вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари залидан сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссиялар раиси ва аъзолари, номзодларни саралаб олишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлар раҳбарлари ҳамда тегишли ташкилот ҳамда муассасалар мутасаддилари кузатиб борди.

Н.Йўлдошев сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи 214 та ҳудудий комиссия, ишчи гуруҳлар бугунги кунда сайловни юксак даражада ўтказиш учун муайян ишларни амалга ошириб келаётганини эътироф этиш асносида ҳудудларда сайлов бевосита ўтказиладиган манзил ва объектлар рўйхатини шакллантириш ишлари сусткашлик билан олиб борилаётганини танқид остига олди.

Таъкидланишича, сайловни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган вилоят ва туман, шаҳар даражасидаги комиссияларнинг эътиборсизлиги оқибатида аксарият ишчи гуруҳлар раҳбарлигига сайлов қонунчилигидан, бу тадбирнинг моҳиятидан деярли бехабар шахслар тайинланган. Вилоят, туман ва шаҳарларда шу пайтга қадар тегишли комиссияларнинг масъул котиблари (Нуробод, Ургут, Пахтачи туманлари ва Самарқанд шаҳрида) тайинланмаган.

Йиғилишда ҳар бир комиссия аъзосига жойларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш, амалга оширилган ишлар ҳақида Республика комиссиясини жорий йилнинг 15 апрелига қадар хабардор этиш топшириғи берилди. Мутасаддиларга сайловни ташкил этиш ва ўтказишда янада фаоллик кўрсатиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.