Маҳаллалар ихтисослашуви аҳоли даромадини қанчалик оширади?

Жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилган.

Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришда аввало, маҳаллаларнинг ихтисослашувига қаттиқ эътибор қаратаяпмиз. Ҳар бир маҳалланинг ўзига хос имконияти, табиий ресурслари ва аҳолининг кўникмалари ва салоҳиятидан келиб чиқиб, муайян бир йўналишда ихтисослашгани аниқланади. Бунда маҳаллалар тоифаларга (ихтисолашуви паст, ўрта, чуқур) ажратилади. Вилоятдаги 1063 та маҳалланинг 170 таси паст, 476 таси ўрта ва 417 таси чуқур ихтисослашган.

Жорий йилда деҳқончиликни ривожлантириш борасида “Uzagrostar xolding” компанияси ва унинг таъсисчилигидаги ихтисослашган компаниялар кўмагида 261 та маҳалладаги 117 минг 173 хонадонни аҳоли томорқалари ва узоқ муддатли ижарага берилган ер майдонларида бир хил тур ва стандартдаги маҳсулотлар етиштириш ҳисобига ихтисослашувини чуқурлаштириш кўзда тутилган.

“Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури йўналишида 320 милллиард сўм кредит маблағини йўналтиришда биринчи навбатда, маҳалла ихтисослашувига эътибор қаратилади. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик Давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 19,9 миллиард сўмлик субсидия ва ссудалар ажратиш ҳисобига 2 мингга яқин хонадон даромадини ошириш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалигида “Лойиҳавий ёндашувлар” асосида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида бир қатор ишлар амалга оширилади.

Хусусан:

- “Бир контур - бир маҳсулот” тамойили асосида 7612 та контурдаги 14,5 минг гектар ижара ер майдонларида маҳсулотлар етиштириш ҳисобига 653 та маҳалладаги 49 минг аҳоли даромадини ошириш;

- “Намунали томорқа” лойиҳаси доирасида 14 та маҳаллада танланган хонадонларга 392 миллион сўм;

- “Намунали ва инновацияли хонадон лойиҳаси” доирасида 14 та маҳаллада танланган хонадонларга 496 миллион сўм;

- “Експортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйган уста-деҳқонлар” лойиҳаси доирасида 5 та маҳаллага 375 миллион сўм;

- “Ўқув тажриба участкалари ташкил этиш” лойиҳаси доирасида 7 та маҳаллага 576,8 миллион сўм субсидия ажратилиши ҳисобига аҳоли даромади оширилади.

Шунингдек, “Узум ишкоми” лойиҳасида 8 та маҳаллага 696,2 миллион сўм ажратилиб, 105 нафар аҳоли даромадга эга бўлади.

“Ижара ер ва томорқада сув таъминотини яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 21 та маҳаллада 37 та тик қудуқ қазиш эвазига 309 гектар ер майдонининг сув таъминоти яхшиланиб, 733 нафар аҳоли даромадга йўналтирилади.

“1000 гектар мевали боғ” лойиҳаси доирасида Нуробод тумани Машъал маҳалласида 100 гектар боғ ташкил қилинииб, 300 нафар аҳоли боғдорчиликка ихтисослаштирилади.

Вилоятда туризм лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 19 та маҳаллани туризмга ихтисослаштириш ҳисобига 419 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.

Вилоят марказларини боғловчи 150 та маҳаллада 139 миллиард 950 миллион сўмлик 48 та “Гавжум кўчалар” ва “Соҳил ва йўл бўйи” лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида ихтисолашувни кенгайтириш ва аҳоли даромадини ошириш кўзда тутилган. Шу билан бир қаторда, саноатда 12 минг 236 та, хизматда 13 минг 314 та,  қишлоқ хўжалигида 17 минг 690 та жами 43 минг 240 та микролойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 86 минг 480 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаб, аҳолининг даромадини ошириш режалаштирилган.

Молиявий ресурсларни ихтисослашув йўналишига йўналтириш орқали 130 та маҳалла ўрта ихтисослашувдан чуқур ихтисослаштиришга ўтказилади. Жумладан, 2879 нафарига кредит, 165 нафарига ссуда ва 476 нафарига субсидиялар ажратилади.

Биргина, нок етиштириш орқали йилига ҳар бир хонадон ўртача 30-40 миллион сўм даромад олишига эришилади. Келгуси 5 йилликда аҳоли хонадонлари ҳамда ижара ер майдонларида (деҳқон хўжалик)  етиштирилаётган нок ҳисобидан маҳаллаларда 1,5 миллион тонна маҳсулот етиштирилиб, 37 миллиард сўм даромад топишга эришилади.

Пахтачи тумани Сулувқўрғон маҳалласида балиқчилик йўналишини кенгайтириш мақсадида қўшимча 6 та хонадонга 150 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди. Мазкур хонадонлар балиқчилик фаолиятига ихтисослаштирилиб, сув ҳавзалари барпо этилди ва замонавий балиқ етиштириш ускуналари ўрнатилди. Уларнинг фаолияти орқали йил давомида сазан, амур, карп ва бошқа балиқ маҳсулотлари етиштирилиб, ички бозор эҳтиёжлари қопланмоқда. Ушбу балиқхоналар орқали 64 нафар аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди. Бу эса маҳалланинг иқтисодий фаоллигини ошириб, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Келгусида ушбу йўналишларни янада кенгайтириш, дам олиш масканлари ва хизмат кўрсатиш объектларини кўпайтириш режалаштирилган. Бу эса юқорида белгиланган маҳаллалар ихтисослашувини янада кенгайтиради.

Назиржон ТОЛИБОВ,

Вилоят камбағаликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси мутахассиси.