Маҳаллаларда беш мингта спорт майдончаси ташкил этилади
Жорий йил 28 июлда “Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт майдончаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда ҳудудида спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳалла терма жамоалари учун 2030 йилгача 5 000 та спорт майдончалари ташкил қилинади.
2023 йил 1 августдан олис ва чекка ҳудудларда жойлашган маҳаллалар ҳамда мактаблар ҳудудида қурилган спорт майдончалари улар жойлашган ҳудудига қараб тегишлилиги бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимига ўтказилади.
Спорт майдончаларининг жойлашув ҳудудидан қатъи назар (таълим ташкилотлари ҳудудида дарсдан ташқари вақтларда), барча фуқаролар учун фойдаланиш бепул бўлади ва вақти чегараланмайди.
Спорт майдончаларидан самарали ва мақсадли фойдаланилиши маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ва профилактика инспекторлари томонидан ташкил этилади.