Маҳалламиз оқсоқоллигига кимни сайлаймиз?

Фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш ва ташкил этишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси аъзолари Пахтачи туманининг Ободон ва  Нурафшон маҳаллаларида маҳалла оқсоқоллигига сайлов ўтказиш тартиблари хусусида семинар ташкил этди.

Тадбирларда туман адлия бўлими мутахассислари, маҳалалардаги ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди. Туман адлия бўлими бошлиғи Э.Давронов, комиссия аъзолари Президентимиз томонидан маҳалла институти мавқеи, маҳалла раисининг мақомини ошириш бўйича қабул қилинган фармонлари мазмун-моҳияти, сайловни ташкил этиш ва ўтказишнинг ҳуқуқий асосларига доир тушунчалар беришди.

- Маҳалламизда 2 минг 300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди Ободон маҳалласининг сайлов бўйича ишчи гуруҳи раҳбари Сафар Яхшибоев. - Сайлаш ҳуқуқига эга 1251 нафар фуқаро орасидан 180 нафар сайловчи рўйхатини шакллантирдик. Шу давргача уч марта маҳалла кенгаши йиғилишини ташкил этиб,  раисликка уч нафар номзодни тавсия этдик. Кўрсатган номзодларнинг икки нафари республика ишчи гуруҳи суҳбатидан ўтолмади. Ҳозирда яна уч нафар номзодни тавсия қилиб, ҳужжатларини тайёрладик. Бугунги семинар давомида эса сайловни шаффоф ўтказиш бўйича зарур кўникмаларга эга бўлдик.

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.