Маҳаллийлаштириш: биринчи чоракда 12 та корхона ишга тушди

Матбуот уйида вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов иштирокида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурининг ўтган йилги ва жорий йилнинг биринчи чорагидаги ижроси муҳокама этилди.

Маҳаллийлаштириш бўлиши учун маҳсулотда маҳаллий қўшилган қиймат 36 фоиздан юқори бўлиши керак, - дейди Н.Ибрагимов. - Вилоятда чиқарилаётган барча автомобиллар ҳам маҳаллийлаштирилган эмас. Шу боис, маҳаллийлаштириш дастурларига янги маҳсулот бўлса, назоратга олиниб, 3 йилгача ёрдам кўрсатиляпти. 2021 йил учун дастурдаги 49 та лойиҳа бўйича 241,2 миллиард сўм ишлаб чиқаришни вазифа сифатида белгилаб олгандик. Корхоналарнинг ҳаракати билан бу кўрсаткич икки баробарга ошиб, маҳсулотларнинг қиймати 857,5 миллиард сўмга етди.

2022 йилги дастурда 49 та лойиҳадан ўз фаолиятини тўғри йўлга қўйиб олган 12 таси чиқарилди ва уларнинг ўрнига янги 27 та лойиҳа қўшилди. Мазкур 64 та лойиҳа бўйича 577,4 миллиард сўмлик дастур ишлаб чиқилган. Бу лойиҳалардан 42 таси жорий йилнинг биринчи чорагида ишга туширилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида жорий йилнинг 14-15 апрель кунлари Жомбой туманидаги “SOF Expo” кўргазмалар марказида “Самарқанд ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси”си ўтказилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Мазкур кўргазмада Самарқанд ва бошқа вилоятлардан 200 дан ортиқ тармоқ ва маҳаллий корхоналар 2 мингдан ортиқ маҳсулот турлари билан иштирок этиши кутилмоқда.               

Ўктам Худойбердиев.