Маҳмудхўжа Беҳбудий ким бўлган? Биз уни муносиб қадрлаяпмизми?

Ассалому алайкум, ҳурматли Эркинжон Оқбўтаевич!

Сизни Самарқандда туғилиб ўсган, айни пайтда Тошкентда фаолият юритаётган оддий тадқиқотчи безовта қиляпти.

Аввало, вақтингизни оладиган, мен каби ақл ўргатувчилар кўплигини ҳам биламан. Ахир Самарқанднинг дунё тарихида тутган ўрни беқиёс бўлса, мустамлака сабаб унутилган машҳур бобокалонлар номини тиклаш, абадийлаштириш бўйича тадқиқотлар кун сайин кўпаяётганидан мурожаатлар сони ошаётган бўлса, ажабланмайман.

Шундай бўлса-да, камина ҳам мурожаат қилишга жазм этдим. Ўйлашимча, бу ҳам жуда жиддий масала – бетакрор ибратли ҳаёти билан бутун Туркистон халқи муҳаббатига сазовор бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий бобомизнинг қадрланиши даражаси ҳақида. Ходимларингиздан бу борада сўрасангиз, Сизга «Беҳбудий муаллим бўлган, шу боис педагоглар малакасини ошириш институти (ҳудудий марказ)да унинг бюсти бор... номи қўйилган... бундан ортиқ нима ҳам қилардик», дейишади.

Аслида ана шу ишлар ҳам Самарқанд зиёлилари ташаббуси билан амалга ошган... Биз, олимлар фақат даъват қила оламиз, холос. Лекин ҳокимият, ҳукумат аралашмаса, бош бўлмаса, тадбирлар, дейлик, жорий йил 19 январда бўладиган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллиги ҳам билинмасдан ўтади-кетади...

Яқинда Тошкентда биринчи романнавис адибимиз Абдулла Қодирийнинг 125 йиллик юбилейи Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилиги ва иштирокида кенг нишонланди. Муҳташам уй-музейи, салобатли ҳайкали қад ростлади, Абдулла Қодирий ижод мактаби, Тошкентнинг қадим Эски Жўвасида Абдулла Қодирий боғи яратилди.

Эркинжон ака, буларни ҳавас билан, фахр билан айтяпман. Абдулла Қодирий шаксиз, буюк ёзувчи. Шундай буюк адиб илк пьесасини қандай яратганини ўзи ёзиб қолдирган хотирадан билиб олишимиз мумкин:

“1913 йилда чиққан “Падаркуш” пьесаси таъсирида “Бахтсиз куёв” деган театр китобини ёзиб юборғонимни ўзим ҳам пайқамай қолдим”, деганди у 1915 йилда.


Қодирий тилга олган “Падаркуш” пьесаси Маҳмудхўжа Беҳбудий қаламига мансуб. Демак, бу эътироф Беҳбудийнинг янги авлод – Фитрату Чўлпон, Авлонию Қодирийларни тарбиялагани, уларга қанот берганлигини кўрсатади. Фурсат ғаниматда “Падаркуш” Ўзбекистон театрининг биринчи асари сифатида тарихга киритилганини таъкидлашни истардим. Аммо у тадқиқотчилар айтаётган “ўқимаган боланинг отасини ўлдириши ҳақида”гина эмас, балки мол-дунё, ҳокимият васвасасида қатл этилган Мирзо Улуғбек билан боғлиқ отакушлик фожиасидан бошланган Туркистон таназзули хусусидаги трагедиядир.

Педагогик, журналистлик фаолияти билан чекланиб, чуқур таҳлил қилинмаган фактлар унинг сиёсий арбоб сифатидаги сиймосини иккинчи планга суриб қўйди. Беҳбудий, аввало, сиёсий арбоб эди. Тарих саҳифаларида бу сўзнинг исботлари қалашиб ётибди. Таржимаи ҳолига батафсил тўхталмасдан, тасаввур учун бир-икки мисол билан кифояланамиз.

 

  1. Беҳбудий ҳаж сафарига нега саккиз ой сарфлади?

Маҳмудхўжа Беҳбудий иш фаолиятини Кобут волости (бугунги Жомбой, Тойлоқ, Самарқанд туманлари ҳудуди)да мирзоликдан бошлаган. Ўқиб-ўрганишга бўлган иқтидори туфайли ўз даврининг юксак эътиборли лавозими - муфтилик рутбасига эришди. Унга муносиб кўрилган муфтилик мусулмонларда олий лавозимли руҳоний ҳисобланиб, диний-ҳуқуқий масалаларни изоҳлаш, талқин қилиш борасида ҳал қилувчи ҳуқуққа эгадир.

Албатта, бундай лавозим соҳиби ўз фаолияти давомида халқнинг барча қатламлари вакиллари билан мулоқотда бўлади, демакки, кичик масалалардан йирик муаммоларгача дуч келади, уларни қиёслаш, хулоса чиқариш ва масалаларнинг ечими нимада эканлиги тўғрисида фикрлаш имконига эга эди.

Халқимизда дунёни англаш учун кўп ўқиш ёки жаҳон кезиш кераклиги хусусида нақл бор. Беҳбудий нафақат ўқиди, балки иккисини-да амалга оширди.

“1318 санаи ҳижрияси тавофи Байтуллоға Кафказ йўли ила Истанбул ва Миср ал-Қоҳира воситасила бориб эдим. Муддати сафарим саккиз ойдан зиёда чўзилуб эди”(Маҳмудхўжа Беҳбудий. Қасди сафар // “Ойина” журнали, 1914 йил, 31-сон).

Беҳбудий ҳаёти ва ижодини ўрганган тадқиқотчи-олимлар ана шу даврни юзакироқ ёритадилар назаримизда. Улар Беҳбудий 3–4 ёшда бўлган тўнғич ўғли нобуд бўлгани учун қайғуга ботиб, биринчидан, қайғусини унутиш, иккинчидан, ҳаж амалини адо этиш мақсади билан 1317 (1899) йилда бухоролик дўсти Ҳожи Бақо билан сафарга чиққанини таъкидлаш билан кифояланадилар.

Аслида унинг сафарига бошқа сабаблар ҳам мавжуд эди. Аввало, 1898 йилги Дукчи эшон номини олган Андижон қўзғолонининг оқибати шу юртнинг зиёлиси сифатида Маҳмудхўжани чуқур қайғуга ботиради. Беҳбудий жараённи ҳар томонлама таҳлил этиб, махсус тайёргарликсиз тиш-тирноғигача қуролланган мустамлакачи қўлидан ўттиз йил давомида ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан оч-наҳор қулга айлантирилган авом билан озодликка чиқиш мумкин эмаслигини англаб етади. Негаки, Беҳбудий айтмоқчи “...Туркистон, билхосса, Самарқанд бутун дунёдан хабарсиз, қоронғу бир зиндон каби эди. Халқ нодон, уламо мутаассиб, ҳукумат ниҳоят даражада ғадбир (алдамчи, бераҳм – Ҳ.С.) ва золим, маишати бузуқ, ахлоқи фасод... эди”.

Демак, Европа давлатларининг исканжасида қолган бошқа шарқ давлатлари аҳволидан хабардор бўлиш, уларнинг озодлик йўлидаги ҳаракатларини ўрганиш ва табиийки, ҳажда Аллоҳдан ўз халқига ҳуррият сўраш сафарнинг асосий сабаби эди.

Биз ўша давр газеталари саҳифаларидан фикримизга асос топдик. Муборак ҳаж сафари аҳамияти ҳақида унинг сафдоши Садриддин Айний шундай ёзади: “Ҳижоз сафари Маҳмудхўжаға кўб билмайтургон нарсаларини ўргатган, кўб ибратлар олғон. Бориш-келишда ҳар синф кишилар билан кўрушган ва фикр олишган. Маҳмудхўжа Ҳижоз сафаридан сўнг­ра гўё дунёға янги келгандек бўлуб, Туркистоннинг илмий ва ижтимоий ишлариға бошқа кўз, бошқа бир ўлчак билан қарағон” (Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг қисқача таржимаи ҳоли // «Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1920 йил 8 апрель).

“Ҳижоз сафаридан сўнгра гўё дунёға янги келгандек” ўхшатиши ҳар бир ҳожига муносиб кўрилиши мумкин, бироқ “Туркистоннинг илмий ва ижтимоий ишлариға бошқа кўз, бошқа бир ўлчак билан қарағон”ини барчага бирдек қўллаб бўлмаслиги кундек аён. Қолаверса, дунёқарашининг кенгайиши ва фикрининг ўзгаришига у кўрган мамлакатлар аҳволи, сафар давомидаги воқеа-ҳодисалар, қўлга киритган маълумотлари, гурунглар, таассуротлар ҳам катта роль ўйнаган.

Баъзи тадқиқотчилар эътибор бермаган саккиз ойлик саёҳат даврида Беҳбудий озодлик учун кураш йўлларини қидирди. Дунё тарихини, ўз ўтмишимизни, унинг энг ёрқин саҳифаларини варақлади. Боболаримизнинг дунё илми, маданиятига қўшган ҳиссасидан, улар қуриб кетган мадрасаю миноралардан ҳайратланди. Ўз даврининг ҳам диний, ҳам дунёвий илмларини пухта ўрганди. Жаҳонда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, жумладан, урушлар ва уларнинг сабаби, моҳиятини миллат манфаати нуқтаи назаридан тафаккур чиғириғидан ўтказди. Шу билан бирга тарихимизнинг таназзул босқичлари, сабабларини тафтиш қилди, бу масалалар борасида Ҳожи Бақо, Ҳўқандбой Абдухолиқ ўғли, соатчи Бадриддин сингари дунёқараши кенг инсонлар билан мунозара ўтказди. Ана шу баҳслар, фикр алмашувлар натижасида хулосалар чиқариб, Чор Россияси даврида Туркистоннинг мустамлакага тушиб қолганлиги сабабини биринчи бўлиб матбуотда чоп эттирди ва Туркистонни озод қилиш бўйича режаларини ишлаб чиқди.

  1. “Яшасун, Туркистон мухторияти!”

1917 йил февралда оқпошшо Николай Романов тахтдан туширилди. Муваққат ҳукумат тузилиб, Россия сиёсатчиларини бирлаштирган партиялар ҳокимият учун курашга киришдилар. Бу тарихий лаҳзаларни Туркистон жадидлари ҳуррият насимлари сифатида қабул қилдилар.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам енг шимариб, ишга киришди. “Худойи таоло бизга ҳуррият берди. Диний ва миллий ислоҳот ва тараққийи­миз учун ҳаракат ва сайъ этмоқға йўл очиқдур” (Муҳтарам Самарқандийларға холисона арз // «Ҳуррият» газетаси, 1917 йил 13 май).

“Иттифоқ” жамияти (партияси) фаоли сифатида бу ҳуррият неъматидан унумли фойдаланиш зарурлигини, “қадима иғво ва фасодни” унутиб, бирлашиб ҳаракат қилмоқ лозимлигини мунтазам даъват этиб турди. Муваққат ҳукумат даврида вақтинчалик ҳурриятга эришган халқни пароканда қилишга бўлган фитналар ва унинг келажакдаги фожиаларидан огоҳ этиб юқорида таъкидланган, шунингдек, “Иттифоқ керак”, “Баёни ҳақиқат”, “Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат” каби мақолаларини ёзди, сиёсий ишлар, жумладан, сайловларда иштирок этиб, халқни бирлашишга чорлади.

1917 йил ёзида (октябрь тўнтаришигача ҳали тўрт ойча вақт бор) Россия ўз муаммолари билан овора бўлиб турган даврда Беҳбудий Туркистон халқлари келажагини ўйлаб янги таклиф билан чиқади: «Биз истаймизки, бутун Русия мусулмонлари мухторият (федерация) усули юзасидан тирикчилик қилсунлар... Туркистон мусулмонлари бундаги русий, яҳудий ва бош­қалар қўшилган ҳолда... Туркистон ҳукумати таъсис этсак, ўзимизни мажлиси мушоваратимиз (парламентаризм) бўлсун» (Баёни ҳақиқат. «Улуғ Туркистон» газетаси, 1917 йил 12 июнь).

Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳуқуқлари тенг фуқароли мамлакатнинг қонун чиқарувчи парламенти ва ундаги аъзолар сонидан бошлаб, маҳаллий ва номаҳаллий аъзолар саноғигача ўз фикрига эга эди.

Парламентдаги ўринларни ҳар бир миллатнинг сонидан келиб чиқиб тақсимланарди. Табиийки, туркистонли бўлмаганлар жуда оз жойни олишарди. Уларнинг орасида, албатта, руслар ҳам бор эди: «Самарқанд шаҳрининг рус ва мусулмон халқидан 60 нафар киши сайланиб балада (шаҳар – Ҳ.С.) идорасиға иш қиладилар ва ул нафарлар, албатта, халқнинг нуфус ва ададиға қараб бўлинур. Масалан, нуфусға тақсим қилганда мазкур ададларни 15 нафари руслардин, бир неча нафари яҳудийлар бўлур. Сабаби шулким, биз кўбдурмиз. Замони ҳозира ва адолат шуни талаб қилур» («Иттифоқ керак» // «Ҳуррият» газетаси 1917 йил, 3 июнь).

Бу таклифга биринчи бўлиб чоризмдан қолган «буржуйлар» эмас, «морозовчилар», яъни бўлғуси шовинист большевиклар қарши чиқадилар. Улар Беҳбудийнинг адолатли ҳисоб-китобидан хато топа олмайдилар. Бироқ унинг таклифларини «шошқалоқларча» берилган, дея эътироз билдирадилар. Шунинг­дек, ўзларининг ҳар жиҳатдан устунликларини кўрсатиб, шундай хулоса ясайдилар: «Мусулмонлар ўзларини бошқаришда ҳали руслардан кўп ўрганишлари керак. Думада ишбилармон, уддабурон, меҳнатсевар кишилар ўтирса, унда турли жамият ва сиёсий гуруҳ талабларини ёқлайдиган кишилар бўлса, шаҳарда ишлар яхши кетади. Бундай гуруҳлар русларда кўп бўлади, мусулмонларда эса бўлмайди... Фикримизча, агар мусулмонлар ва маҳаллий яҳудийлар сайловчиларнинг ярмини юбориб, иккинчи қисмини маҳаллий бўлмаганларга қўйиб беришса иш равнақи учун фойда ва ҳаққонийлик бузилмаган бўлади» (Қаранг: Самарканд 27 июня // газета «Самаркандъ», 30 июня 1917 г.).

«Морозовчилар»нинг фикрича, мусулмонлар шу замин учун бегона бўлганларга думадаги 50 фоиз жойни ажратиб беришлари керак, акс ҳолда... Мана сизга «чор Россиясининг кирдикорларини, маҳаллий амалдорларнинг халққа нисбатан адолатсизликларини аёвсиз фош қилган» большевикларнинг шовинистларча чиқарган «адолатли» хулосалари.

Беҳбудий 72 кун умр кўрган Туркистон мухторияти таркибига кирган сиёсий арбоб бўлганлиги тарих зарварақларида ёзилган. “...1917 йилнинг 26-29 ноябрида Қўқон шаҳрида Туркистон ўлка мусулмонлари қурултойи чақирилди. Қурултой ўтказиш учун бошланган жой тасодифий эмасди. Бундан анча илгари, 1917 йил март ойида Тошкентда Туркистон мусулмонлари қурултойи ўтказилиб, Туркистон мусулмонлари шўроси миллий марказини сайлаган эди. Унга Ўрта Осиёнинг ҳамма минтақаларидан вакиллар кирганди. Ўша пайтда Туркистон ўлкасининг кўзга кўринган сиёсий арбоблари – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев, Носирхон Тўра, Муҳаммад Тинишбоев, Ўроз Сардорлар миллий марказда эдилар” (Иброҳим Карим. Мадаминбек. Т.:“Ёзувчи”, 1993).

Беҳбудийнинг ўзига мурожаат қиламиз: “3-сиезд ноябрь ойида Тошкентда яна “Уламо жамияти” тарафидан барпо бўлди. Бу болшевик ҳаракати қўзғолғони эди. Самарқанд ва ҳукумати Туркистон Хўқандда қизғин музокаралар бўлиб, охири каминанинг таклифим ила дума шу қарорни чиқариб «Уламо жамияти»га боратурғон вакилларга ушбу қарорни берди:

“Туркистон ҳукумати болшевиклар қўлинда бўлмай, балки халойиқ қўлинда бўлсун. Баъзи мусулмон ва руслардан ҳам солдат-ишчилардан ўттиз нафар, яҳудий ва арманидан икки нафар, жамиъ 32 нафар киши Туркистондан сайланиб, Туркистон ҳукуматини идора қилсун ва қонунлар чиқармоққа ҳақли бўлсун” (“Ҳуррият” газетаси, 1917 йил, 19 декабрь).

Эътибор берган бўлсангиз, Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонни бошқариш бўйича кутилмаган таклифни илгари суради. Маълумки, у муфтилик, қозилик вазифаларида ишлаган, демак, шариат илмининг билимдони бўлган. Ана шу диндор инсон ўзи орзу қилган озод юртда парламент – Миллат мажлисини ташкил этиш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги инобатга олинган қонунлар тузиш ниятини билдирган.

Озодликка бўлган интилишини, уни кутганлигини «Туркистон мухторияти» сарлавҳали мақоласидаги биргина кўчирмадан билиб олишимиз мумкин: «27 ноябрда Ҳўқандда Туркистон мухторияти Умумий мусулмон сиездида эълон қилинди. Муборак ва хайрли бўлсун! Камина ҳам мажлисда бўлиш учун ифтихор этаман. Яшасун, Туркистон мухторияти!» («Ҳуррият» газетаси, 1917 йил, 19 декабрь).

Беҳбудий шу тарихий мажлисда иштирок этганидан фахрланишини айтмоқда. Шу билан бирга хавотирини ҳам ўтиниб тушунтирмоқда:

“...Шундоқ билмоқ керакки, бутун Туркистон халқи иттифоқ этса, қон тўкилмас. Ер ва амлок ҳам тақсим бўлмай қолур. Дин ҳам ривож топур. Минг карра доду бедодлик ихтилоф этмоқ учун иттифоқ этганмиз ва ихтилофимиз сабаби ила бадбахтлиқға дучор бўлурмиз. Бутун Туркистон иттифоқ этса, 15 милийунлик бир қувват уммонға келурки, шунга ер титрайдур. Агар сўзумни фаҳмлатолган бўлсам ўзимни бахтли ҳисоблардим” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. Туркистон мухторияти//“Ҳуррият” газетаси, 1917 йил, 22 декабрь).

Беҳбудий воқеа-ҳодисалар, авомнинг аҳволини билиб, ички келишмовчиликлар натижасида 15 миллион аҳолининг бирикмаслиги бадбахтликка олиб келиши мумкинлигидан огоҳ этаётган донишманд давлат арбоби сифатида кўз ўнгимизда гавдаланади. Афсуски, 1918 йилнинг февралида Туркистон мухториятини қонхўр большевиклар топтаб ташладилар...

Беҳбудий Қўқондаги воқеалардан тушкунликка тушса-да, миллат манфаати йўлида тинмай хизмат қилганини расмий вазифаларда, жумладан, Самарқанд Мусулмон шўъроси Самарқанд маориф комиссарлигига сайланганда жонбозлик кўрсатади. Қийин очарчилик давридан ўтиш учун югур-югур қилиб, таниш сиёсатдонлар билан келишиб, Ҳиндистондан арзон нархда ғалла келтиришга муваффақ бўлади.

 Мусулмон маориф қурултойи (съезди) Беҳбудийдан Бутунтуркистон маориф комиссарлигини, бугунги тил билан айтганда маориф вазирлигини қабул қилишини сўрайди. 1918 йилда большевиклар ундан қутулиш учун Афғонистонга Шўро ҳукумати номидан элчи қилиб юбориш ҳаракатига тушади. Беҳбудий сиёсий ўйинни англаб, эътироз билдиради, албатта. Бироқ бу унинг Туркистон сиёсий доирасида муносиб ўрни бўлганлигини кўрсатадиган беқиёс далилдир.

Беҳбудий умрининг охиригача озодлик учун курашди. Туркистон большевиклар қўлига ўтиб, уларнинг зулми кучайгач, 1919 йили даврнинг зиёлилари тил бириктириб – Беҳбудий бошчилигидаги биринчи гуруҳ Қарши йўли орқали, Мунаввар қори раҳбарлигидаги иккинчи гуруҳ Оренбург орқали Антанта давлатларидан ёрдам сўраш учун йўлга чиқади. Мунаввар қори гуруҳи чегарада қўлга олиниб, ортга қайтарилади, Беҳбудий ва ҳамроҳлари эса большевиклар фитнаси билан тахминларга кўра, Қарши шаҳрида қатл этилади, лекин дафн этилган жойи ҳалигача номаълумлигича қолмоқда.

Беҳбудийнинг 1919 йили шаҳид бўлганлиги маълум бўлгач Туркистоннинг фаол ёшлари у ҳақида оташин хотиралар, ашъорлар битиб нолалар чекишган. Бир қайғули марсияларки, давр матбуоти қатларида мангуга муҳрланган:

Амалимнинг юлдузиким, кўз тикди

Қора, жирканч ўлим кони ерларга.

Савол бердим: “Йўқотганим қайда?” деб,

Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган эрларга...

(Чўлпон)

* * *

Сани мундин буён Турон кўролурму,  кўролмасму?!

Санинг мислингни Туркистон тополурму, тополмасму?

...Ватан авлоди ёд этди, сани ҳурмат-ла шод этди,

Ва лекин интиқомингни ололурму, ололмасму?

(Садриддин Айний)

 * * *

Ўзини Беҳбудийнинг маънавий ўғли деб билган самарқандлик жадид Вадуд Маҳмуднинг қолдирган фикри диққатга сазовордир:

“Маҳмудхўжа Беҳбудий ким эди...(Аввал ким эди)?

Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон деган ўлканинг бошлиғи эди.

Маҳмудхўжа Туркистоннинг йўлбошчиси эди.

 Маҳмудхўжа ўзининг Туркистон боласи эканлигини тушунган бир йигит эди. Шунинг учун у бизга, Туркистонга ҳар нарса эди. Маҳмудхўжа Туркистоннинг янгилик даври тарихинда ёруғ бир чироғ эди. Маҳмудхўжанинг оти Туркистон тарихида зийнатлик мумтоз ўрун олишга муносиб бир отдир”.

Бошқа ишлари озодлик ғоясига хизмат қилди

Таълим. Беҳбудий озодликка эришишдан аввал юртни мустақил бошқара оладиган, миллий қадриятларини асраган ҳолда ривож­ланган давлатлар қаторига олиб чиқадиган авлодни тарбиялаш зарурлигини англаб етди. Бу йўлда у ўз даврининг барча таъсирчан воситаларидан имкон доирасида фойдаланди.

Аввало, орзудаги авлодни тарбиялаш учун 1903 йилдан янги мактаблар ташкил эта бошлади. Она тилида ўқитиладиган янгича дарсликлар яратиш ишига киришди. Самарқанд шаҳри яқинидаги Ҳалвойи ва Ражабамин қишлоқларидаги янги мактаблар учун «Рисолаи асбоби савод»(1904), «Рисолаи жуғрофияи умроний»(1905), «Рисолаи жуғрофияи Русий»(1905), «Мунтахаби жуғрофияи умумий»(1906), «Китобат ул-атфол» (1908), «Амалиёти ислом»(1908), «Тарихи ислом»(1909) китобларини ёзиб, чоп эттирди. Шу билан бирга география ва тарих фанлари учун харита тайёрлаб, босмадан чиқаради.

Яна бир муҳим масала - янги фанлардан дарс берадиган муаллимларни тарбиялаш ҳам унинг диққат марказида бўлди. “Уламо тарбияхонаси мактаб ва мадрасадир. Агарда ўшал мактаб ва мадрасада муаллим ва мударрислари олим бўлса ва шогирдлариға кўнгли илан таълим берса, албатта, илм ҳосил қилар. Агарда муаллимни(нг) ўзи, ҳозирги аксар мактабдор ва мударрислардек, камҳафсала ва ёинки кам илм бўлса, ёинки илми бўла туруб, усули таҳсилдан хабарсиз бўлса, они шогирдлари нодон қолур” (“Тужжор” газетаси, 1907 йил 29 октябрь).

Бу фикрлари билан олий маълумот берадиган мадрасалар ислоҳига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини таъкидлади. “Сукут сақлаб юраверсак, беш-ўн йилдан кейин янада нодонроқ бўлиб қоламиз, хор бўламиз. Шунинг учун ҳам жим юришимиз етар! Диний мадраса ва мактабларимизни ислоҳ этайлик!” (ўша манба).

Адаб. ХХ аср бошларида адибларни тўғри тарбиялаб, уларнинг қўлига қалам тутқазиш, адабиёт орқали ўзликни англашга ва оқибат халқни озод бўлишга даъват этиш жадидларнинг орзуларидан эди. Адабиётшунослар Беҳбудийни миллий драматургиямиз асосчиси деб билишларини юқорида айтдик. Бироқ унинг жадид ҳикоячилигининг йўналишини белгилашда ҳам илк машқи билан ёш адиб­ларга намуна бўлгани, уларга мурожаат қилганига тарих гувоҳлик бермоқда. 1909 йил аввалида ёзилган мазкур ҳикоя “Оқ елпоғичли чинли хотун” деб номланади. Адиб унга “Тасодиф” деган кириш сўзи ва сўнгсўз ўрнида “Интиҳо” деб номланган изоҳ ёзган. Ҳикоя асосини дунё кезаётган файласуфнинг қабристондаги ҳали тупроғи қуримаган янги қабрни оқ елпиғичи билан елпиётган жувонни учратиши ва бу нотабиий ҳаракат синоатини топишга интилиш ташкил этади.

Матбуот. Яна бир улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний “Самарқанд” газетасининг ўз давридаги аҳамияти ҳақида “Элу халқнинг кўзини очишга боис бўлди”, деб ёзганди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ноширлиги ва муҳаррирлигида чоп этилган мазкур нашр ҳақиқатан ҳам миллий матбуотимиз тарихида бетакрор ўрин эгаллайди.

Бу ҳақда Садриддин Айний ёзиб қолдирган: “1908нчи йилдан ўз идорасинда бирон газета чиқармоқ фикриға тушуб, 1913нчи йил апрел ойинда бу мақсадиға етишуб “Самарқанд” газетасининг бир неча рақамини чиқаришга муваффақ бўлғон” (Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг қисқача таржимаи ҳоли // «Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1920 йил 8 апрел) деб ёзади, архивдаги (Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, 18-фонд, 1-рўйхат, 8752-иш) маълумотлар ҳам бу фикрларни исботлайди. Шу ўринда ёзилган аризаларда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг имзолари сақланганлигини таъкидлаш жоиз.

“Ойна” халқни уйғотиш... учун яхшиғина хидмат этди”, деган таъриф Беҳбудийнинг шогирди Ҳожи Муин қаламига мансуб. Абдулла Авлоний эса «бу журнал «Ойна» чиққунча чиққон журналларнинг энг биринчи ва яхшиси эди», дея баҳо берган. Журнал саҳифалари даврнинг янгича яшашга иштиёқманд, озодлик орзусида зиёлилар учун фикр айтиш майдонига айланади.

Хулоса шулки, Маҳмудхўжа Беҳбудийга юртни озод қиладиган авлодни тарбиялаш мақсадида шахсий мол-мулкларини тикиб (Бахшитепадаги боғи), мактаб қуриб, дарслик ёзиб, жадид адабиётини яратиб, газета-журнал чиқарган, вақти келганда озодлик учун курашган, бу йўлда жонини қурбон қилишдан ҳам чўчимаган БУЮК ШАХС эди.

Аммо жорий йил (январь ойида бўлиши шарт эмас) Фитрат, Қодирийларни тарбиялаган улуғ бобомиз таваллудининг 145 йиллиги муносиб нишонланармикан?..

Муҳтарам Эркинжон Оқбўтаевич! Сиз, аввало, ҳукумат аъзоси ҳисобланасиз. Шу боис Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик юбилейи­ни республика миқёсида нишонлаш бўйича ҳукуматга таклиф киритишингизни сўраймиз.

Таклифда, биринчи навбатда, Беҳбудий ўлимидан кейин большевиклар тортиб олган “Решетников, 7”, яъни “Самарқанд” газетаси, “Ойна” журнали таҳририяти ходимлари фаолият кўрсатган уй тарихий музейга айлантирилса. Истиқлол давридаги кўплаб мурожаатлар Абдулла Қодирий уй-музейи каби турли баҳоналар билан ортга сурилди. У ерда алоқачиларнинг даққиюнусдан қолган бир-иккита “аҳамиятга эга бўлган” кабеллари бор эмиш, деган даъвони эшитяпмиз доимо.

Шунингдек, Беҳбудийнинг “Падаркуш” асари сабаб ташкил этилган кун – Ўзбекис­тонда театр куни сифатида нишонланса.

Тошкентда матбуот соҳасида, Самарқандда сиёсий-ижтимоий фанларга, Қаршида адабиётга ихтисослашган Беҳбудий ижодий мактаблари ташкил этилса.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Зарафшон” газетасининг асосчиси ва биринчи муҳаррири сифатида Маҳмудхўжа Беҳбудий таъкидланса.

Кутубхоналардан бирига “Беҳбудия кутубхонаси” номи берилса, янги қурилаётган кўчаларга номи қўйилса... унинг хизматлари давлат миқёсида тан олинган бўларди, назаримизда.

Қолаверса, Фармон Тошев, Нусрат Раҳмат сингари Самарқанднинг жонкуяр зиёлиларидан ҳам жўяли таклифлар чиқиши, шубҳасиздир.

Эркинжон ака, агар Сизнинг ташаббусингиз билан савобли ишлар амалга ошса, Беҳбудий бобомизнинг руҳлари шод бўларди, тарихий ҳақиқат тикланарди.

Қимматли вақтингизни олганим учун узр айтиб, масъулиятли фаолиятингизга Аллоҳдан мадад сўраб, ҳурмат билан

Ҳалим САЙИД,

“Меҳнат шуҳрати” ордени,

“Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори.

(Ушбу мақола "Зарафшон" газетасининг бугунги - 2020 йил 7 январь, 2-сонида чоп этилди).