“Маҳмудхўжа Беҳбудий” – Самарқандда

Самарқанд шаҳридаги “Шарқ юлдузи” кинотеатрида “Маҳмудхўжа Беҳбудий” бадиий фильми жамоатчиликка намойиш этилди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига кўра суратга олинган мазкур фильмда буюк маърифатпарвар аждодимиз, жадидчилик ҳаракати намоёндаси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти, имлий-ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилинган. Фильм даврнинг ҳақиқий воқеаларига асосланган бўлиб, ХIХ аср охиридан ХХ асрнинг 20-йилларигача бўлган даврни ўз ичига олади.

  – Бу йил юртимизда маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги кенг нишонланмоқда – дейди республика кинопрокат маркази Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Ф.Розиқов. – Мазкур фильм юртимиз киноижодкорларининг ушбу санага туҳфаси бўлди. Бугун ушбу кинони самарқандлик ижодкорлар, жамоатчилик вакиллари учун намойиш этдик. Томошабинлар орасида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг авлодлари ҳам борлиги барчамизга фахр-ифтихор бағишлади. Бугундан бошлаб ушбу фильм вилоятимиздаги кинотеатрларда намойиш этилмоқда. 

Режиссёр Бақо Содиқов томонидан суратга олинган фильмда Маҳмудхўжа Беҳбудий ролини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фахриддин Шамсиматов ижро этган. Шунингдек, юртимизнинг таниқли театр ва кино актёрлари томонидан турли қаҳрамонлар образлари талқин этилган.

Ғолиб ҲАСАНОВ.