Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллиги олдидан: Улуғ аллома шажараси

«Зарафшон»нинг шу йил 27 февраль 26-сонида Маҳмудхўжа Беҳбудий ижтимоий фаолияти хусусида сўз юритиб улуғ маърифатчининг уч ўғил, бир қизи, набиралари бўлганлигини айтган эдик. Ушбу мақолада сиз, азизларни маърифат фидойисининг шажараси билан таништирамиз.

Тўнғич ўғлининг исми Маъсудхон бўлиб 1897 йилда туғилган. У киши бир вақтнинг ўзида ҳам эски мактабда, ҳам гимназияда таълим олган. Кейинчалик нашриёт ва рўзномаларда таржимон бўлиб фаолият кўрсатган. 1933 йилдан бошланган қатағон туфайли Маҳмудхўжа Беҳбудий «халқ душмани» деб аталганидан кейин Маъсудхон таъқибга учраб Тожикистонга кетишга мажбур бўлади ва у ерда яширинча яшаб ижод билан шуғулланади. 1937 йилларда ўрта мактаблар учун адабиёт соҳасида иккита дарслик ва икки дарслик хрестоматиясини нашр эттиради.

Иккинчи ўғли Мақсудхон 1911 йилда туғилган, «усули жадид» мактабида савод чиқарган. Кейин Бокудаги икки йиллик муаллимлар тайёрлаш курсида таҳсил олган. Бироқ 1932 йилда 21 ёшида вафот этган.

Қизи Парвинахон (Сурайёхон ҳам дейишган) 1902 йилда туғилган. 10 ёшгача Абдуқодир Шакурийнинг «усули жадид» мактабида дастлабки илмни эгаллаган. Кейинчалик у киши асосан уйда ўтириб муаллимлардан рус ҳамда француз тилларидан сабоқ олган. Парвинахоннинг менга сўзлаб беришича, икки қизи бўлиб улар ёшлик чоғидаёқ вафот этган. Ўзи эса, халқ душманининг қизи тамғаси остида бир қанча қийинчиликларни бошидан кечириб яшаган. 1987 йилда вафот этган.

Бобомизнинг учинчи ўғли Матлубхон 1914 йилда туғилган, 1942 йилда Иккинчи жаҳон урушига тортилган ва бедарак кетган.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг тўнғич фарзанди Масъудхоннинг Шавкатхон, Мидҳатхон, Нодимхон, Назирхон исмли ўғиллари бўлган. Шавкатхон 1921 йилда туғилган. Олий маълумотли бу киши Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган. 1990 йилда оламдан ўтган. У кишининг тўрт нафар фарзанди бўлиб уларнинг исмлари Шохруххон, Фарруххон, Зарруххон ва Гулруххон (иккинчи исми Ҳуснияхон)дир.

Иккинчи ўғли Мидҳатхон 1924 йилда туғилган. Кўп йиллар Ўзбекистон радиосида муҳаррир, таржимон, журналист ва сухандон бўлиб ишлаган. Кейинчалик Тожикистон Фанлар академиясида илмий ходим, тожик энциклопедия таҳририятида бўлим бошлиғи вазифаларида фаолият кўрсатган. Тўрт нафар фарзанднинг отаси 1999 йилда вафот этган.

Нодимхон 1929 йилда туғилган бўлиб, 1949 йилда Тошкентдаги шарқшунослик институтини битиргач, йўлланма билан Тожикистонга ишга юборилади. Кейинчалик Москвада докторантурани ўтагач, Самарқандга келиб университетнинг шарқ тиллари кафедраси мудири сифатида ишлайди ва 1995 йилда вафот этади.

Назирхон 1940 йилда туғилган. Бугунги кунда меҳнат фахрийи сифатида тўрт фарзанди, кўплаб набиралари ардоғида яшаб келмоқда.

Шуниси эътиборлики, Маҳмудхўжа Беҳбудий авлодларининг барчаси олий маълумотга эга бўлиб, боболари каби эл қалбига маърифат, зиё чироқларини ёқиб келишган ва келишмоқда.

Ушбу сурат ўтган асрнинг 20-йиллари бошида олинган. Унда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фарзандлари – (пастки қатор, ўнгдан чапга) Масъудхон, Мақсудхон ва Матлубхон “Усули жадид” мактаби муаллим ва илми толиблари билан бирга.

Биз, олимларни хурсанд қиладиган жиҳат шу бўлдики, муҳтарам Президентимиз парламентга Мурожаатномасида жадидчилик ҳаракати, маърифатпарвар боболаримиз меросини чуқур ўрганиш зарурлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик таваллуд санасини кенг нишонлашга алоҳида эътибор қаратди. Бу тадбир албатта ёшларимизнинг Ватанга муҳаббат, қадриятларга ҳурмат руҳида камол топишида муҳим омил бўлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда юбилей баҳонасида буюк бобокалонимизнинг уй-музейи ҳамда унинг босмахонасини тиклаб, «Маърифатпарварлар уйи»га асос солинса бунинг тарбиявий аҳамияти ва моҳияти янада ошар эди, деб ўйлайман.

Раъно ТЎРАХЎЖАЕВА,

филология фанлари номзоди, доцент.