Мактабда чолғу асбоблари етарлими?

Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларга миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасини чала олиш маҳорати ўргатилиши ва бу уларнинг шаҳодатномасида қайд этилиши белгиланган. Аммо...

Қарорда бор, амалда эса....

Паст Дарғом туманидаги умумтаълим мактабларида ташкил этилган спорт, маданият ва санъат тўгараклари фаолияти билан танишдик.

Туманнинг Оқолтин маҳалласидаги 51-мактабда 58 нафар ўқитувчи 855 нафар ўқувчига дарс ўтади. Шундан бир нафари мусиқа фани ўқитувчиси.

– 10 йилдан бери шу мактабда ўқувчиларга дутор чалишни ўргатиб келяпман, – дейди Соҳиба Валиева. – Ўқув иш режасига мувофиқ, мусиқа дарси фақат 1-7-синф ўқувчиларига ўтилади. Мактабимизга етти турдаги 14 та чолғу асбоби берилган бўлиб, дарсдан ташқари хор, фольклор, чолғу созлари бўйича ҳам тўгараклар ташкил этилган. Ўқувчиларимнинг қизиқишига қараб уларга чалишни ўргатяпман.

Ҳозир 20 нафарга яқин шогирдим чолғу асбобларини мукаммал чалади. Улар туман, вилоят, республика кўрик-танловларида ғолиб ва совриндор бўлишган. Президент қарорига кўра, ўқувчилар миллий мусиқа чолғуларидан камида биттасини чалишни билиши ва бу уларнинг шаҳодатномасида кўрсатилиши белгиланган. Бироқ шаҳодатномаларга ҳалигача мусиқа фани киритилгани йўқ.

Маълум бўлишича, 9-синфни битирган мактаб ўқувчиларига бериладиган шаҳодатнома Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан шакллантирилади, ўқитувчилар эса киритилган фанларга қараб ўқувчиларни баҳолайди. Бундан кўринадики, орадан уч йил ўтган бўлса-да, қарор ижроси ҳалигача таъминланмаган.

Дарвоқе, ушбу мактабда 6 та спорт тури бўйича тўгарак ташкил этилган бўлиб, уч нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчиси томонидан машғулотлар олиб борилмоқда. Муассасага қарашли спорт залида 2018 йил давлат дастури асосида таъмирлаш ишлари бошланиб, 2021 йилда 200 миллион сўмлик ишлар бажарилган ва қурилиш-таъмирлаш ишлари чала ташлаб кетилган. Айни пайтда спорт залнинг иссиқлик ва хавфсизлик тизими, кийиниш ва ювиниш хоналарига ҳавас қилиб бўлмайди.

Туманнинг Санчиқул маҳалласидаги 123-мактабда 440 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактаб директори Элёр Тиркашевнинг таъкидлашича, муассасада спорт ва маданий тўгараклар ташкил этилган. Лекин спорт жиҳозлари ва миллий чолғу асбоблари етишмайди.

– Кейинги икки йилда мактабга фақат тўп берилган бўлса, жорий йил бошида 12 та яроқсиз мусиқа асбоби тарқатилди, – дейди Э.Тиркашев. – Ўқувчиларимиз фақат футбол ўйнаш, енгил машқларни бажариш ёки битта-иккита соз чалиш билан чегараланмоқда. Улар орасида чемпионлар, санъаткор бўлишни орзу қилаётганлари бор. Лекин ўқувчилар қўллаб-қувватланмаса, шароит яратиб берилмаса, яхши натижага қандай эришиш мумкин?

Чархин маҳалласидаги 55-мактабдамиз. 700 ўринга мўлжалланган муассасада 1340 нафар ўқувчи икки навбатда таҳсил олмоқда. Мактаб директори Ғайрат Воҳидов берилаётган спорт жиҳозлари ва мусиқа асбоблари етишмаслиги, уларнинг ўрни ҳомийлар ёрдами билан тўлдираётганини таъкидлади. Жумладан, айни пайтда муассасага қарашли спорт зал мактаб жамоаси ва ҳомийлар кўмагида таъмирланмоқда.

Хуллас, Паст Дарғомдаги биз кўрган умумтаълим мактабларида ташкил этилган спорт, маданият ва санъат тўгаракларида ҳолат шунақа. Тизимдаги муаммолар ва ёшларнинг келажаги масъулларни беътибор қолдирмайди, деган умиддамиз.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.