Мактабда ўқувчилар ҳарбийликка қандай тайёрланяпти?
Мустақилликнинг дастлабки йилларига тўғри келган ўқувчилик йилларимда чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик дарси футбол стадионида кечган. Рост, бу кейинчалик муддатли ҳарбий хизматни ўтаганимда салбий таъсир кўрсатган.
Энг ёмони шундаки, кейинчалик мактабларда 10-11 синфлар қисқариб, бу фан дарс жадвалидан олиб ташланди. Ҳарбий ўқув қуроллари тарқалиб кетди, ўқ отиш жойлари бузилди.
Аммо бугун давр ўзгарди, бу фанга, яъни ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга эътибор бирмунча ошди. Хусусан, 2017 йилда умумий ўрта таълим тизимида 10-11 синфлар қайта тикланиб, бу йўналишда алоҳида дарс машғулотлари йўлга қўйилди.
Ажратилган соатлар етарлими?
Ёшларни чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик йўналишида ҳам муайян норматив ҳужжатлар талаб қилинади. Афсуски, бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўп. Аммо арзирли ишлар ҳам йўқ эмас.
Вилоят халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда 1247 та умумий ўрта таълим мактабининг 1239 тасида ёшларни чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари фаолият олиб бормоқда.
- Ҳамкасбларимиз таянч ўқув режаси асосида 10-11 синфларда ҳафтасига бир соатдан дарс ўтади, - дейди Самарқанд шаҳридаги 33-умумий ўрта таълим мактаби ёшларни ватанпарварлик руҳида тайёрлаш бўйича директор ўринбосари Турсун Бўриев. - Машғулотлар сифатли ташкил қилиниши учун ҳар бир мактабда синфхоналар зарур кўргазмали воситалар билан жиҳозланган. Шунингдек, хотира бурчаклари ташкил қилиниб, бу ерда Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда ҳалок бўлганлар тўғрисида фотолавҳа ва маълумотлар жойлаштирилган.
- Машғулотлар сифатини ошириш, жумладан, ёшларда ҳарбийликка ҳавасни кучайтириш мақсадида ҳарбий қисмлар ва тегишли бошқармалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси амалий фанлар методисти Нурали Ибрагимов. – Масалан, “Ёш қутқарувчи”, “Темурбеклар” сингари танловлар орқали ўқувчиларимиз эгаллаётган билимлар синовдан ўтказилади. Бундан ташқари, ҳар йили ўтказиладиган ҳарбий ватанпарвалик ойлигида ҳарбий ўқув дала майдонлари, қисмларга ўқувчиларнинг саёҳати ташкил қилинади. Ҳарбий хизматчилар ҳаёти билан яқиндан таништириш мақсадида очиқ эшиклар куни ўтказилади.
Албатта, бу борада ҳафтада бир соат дарс орқали ўқувчиларга етарли маълумот ва кўникма бериш қийин. Шу боис, мактабларда ёш мерганлар, ёш топографлар ва бошқа тўгараклар ташкил қилинган. Қолаверса, дарс машғулотларини кўпайтириш масаласи ҳам айни пайтда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган миллий дастурда ўз ифодасини топади, деб ўйлайман.
Бошқарма методисти ва амалиётчи ўқитувчилар чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани айнан қанча бўлса етарли бўлишини айтмаган бўлсалар-да, бу борада тегишли таклифлар билдирилаётганини қайд этишди.
Ночор моддий-техник база
- 1990-1993 йилларда ҳам мактабда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанидан дарс берганман, - дейди Жомбой туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактаби ёшларни ватанпарварлик руҳида тайёрлаш бўйича директор ўринбосари Анвар Фармонов. – Ўша пайт, умуман ўзимиз ўқиган вақтларда ҳам мактабларда қарийб барча жанговар қуроллар бўларди. Бугун ҳам қуроллар масаласи босқичма-босқич кўриб чиқиляпти. Лекин бизни қийнаган энг оғриқли масала бу жисмоний тайёргарлик майдони йўқлиги. Лекин биз масала марказлашган тартибда ёки қачондир ҳал этилишини кутиб турганимиз йўқ. Мактабимизда ҳомийлар кўмаги билан гимнастика майдони ташкил қилиб, зарур жиҳозлар билан таъминлаганмиз. Бугун бу жой ўқувчиларимизнинг севимли масканига айланган.
- Дарҳақиқат, чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича моддий-техник база мақтагулик даражада эмас, - дейди Н.Ибрагимов. – Умумий ўрта таълим мактаблари 18 номдаги плакатлар билан таъминланган. Ҳар бир туманга 4 донадан ўқув автомати тарқатилган.
Албатта, чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик кўпроқ амалиёт ва кўргазмали воситалар билан бўлса, кутилган натижани беради. Бу борада гап кетганда тегишли ҳужжат асосида вилоят, шаҳар ва туман халқ таълими бўлими бошлиқлари ҳокимларнинг маслаҳатчиси этиб белгиланганини айтиб ўтиш лозим. Энди бу билан жойлардаги раҳбарларга бевосита мактаблар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва тавсия киритиш учун ваколат берилди.
- Ҳукуматниг тегишли қарорида 11-синф ўқувчиларининг 3 кунлик тактик-амалий машғулотларини ўтказиш белгиланган, - дейди Т.Бўриев. - Назаримда, бу масала ҳам яқин вақт ичида ўзининг амалий ечимини топади.
Малакани қаерда оширган маъқул?
Гарчи, халқ таълими тасарруфида бўлса-да, мантиқан олиб қараганда мудофаа тизимига яқин бўлган чақириққа қадар тайёргарлик фани ўқитувчиларининг ҳаммаси ҳам етарли даражада малака ва кўникмага эга, деб бўлмайди. Қолаверса, шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда мазкур фан ўқитувчиларининг халқ таълими тизимида малака оширишлари мантиқан тўғри эмасдек.
- Тизим ходимлари, шу жумладан, чақириққа қадар тайёргарлик фани ўқитувчиларининг ҳар уч йилда малака оширишлари ва қайта тайёрловдан ўтишлари белгиланган, - дейди Н.Ибрагимов. - Шу боис, ўқитувчиларимиз бошқарма қошидаги институтда курсларда ўқиб, ўз малака ва кўникмаларини ошириб келмоқда. Бу ерда машғулотлар замонавий ахборот технологиялари асосида ташкил қилинган.
- Бир ойда битта ўқитувчи малака оширганда Жомбойдаги биринчи навбатдаги ўқитувчига яна беш йилда навбат келади, - дейди А.Фармонов. - Шу боис, мактабимизда ҳар ҳафта ўзаро тажриба алмашиш машғулотларини ташкил қилганмиз. Дейлик, кимдир топография бўйича яхши билим ва кўникмага эга, ўша йўналишда машғулот ўтказади. Ўз навбатида, бугунги кунда соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар билан таништиради.
Бундан ташқари, фан ўқитувчиларининг телеграм гуруҳини ташкил қилганмиз. Бугунги кунда нафақат вилоятимиз, балки бошқа ҳудуд ўқитувчилари ҳам аъзо бўлган ушбу гуруҳда соҳага оид янгиликлар ва зарур ҳужжатлар эълон қилиб борилади, амалий тажрибалар ўртоқлашилади.
Албатта, вилоят халқ таълими бошқармаси қошидаги малака ошириш институтида дарслар намунавий асосда ташкил қилинган, - дейди Т.Бўриев. – Аммо бу ерда амалий машғулотлар учун имконият деярли йўқ. Шунинг учун Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги билан ҳамкорликда фан ўқитувчиларининг 3 кунлик дала-ўқув машғулотлари ташкил қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Устозларга эътибор зарур
Бугун ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўсини ошириш, уларнинг моддий таъминотини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Шу жумладан, чақириққа қадар тайёргарлик фани ўқитувчиларига бўлган эътибор ҳам ортиб боряпти.
Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 28 декабрдаги буйруғига асосан ЧҚБТ раҳбари лавозими ватанпарварлик руҳида ёшларни тайёрлаш бўйича директор ўринбосари этиб белгиланган. Таассуфки, ойлик маошида ўзгариш йўқ.
- Албатта, бу масала вазирлигимиз томонидан ўрганиб чиқилиб, зарур чоралар кўрилмоқда, - дейди Н.Ибрагимов. - Бунда биринчи навбатда, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича директор ўринбосарининг ойлик иш ҳақи мактабдаги олий маълумотли ўқитувчиларнинг иш ҳақига тенглаштирилади. Кейинчалик босқичма-босқич ошириб борилади.
- Фаолиятим давомида кўплаб ёш ЧҚБТ раҳбарлари билан суҳбатлашишимга, уларнинг оилавий шароитларини ўрганишимга тўғри келади, - дейди А.Фармонов. – Уларнинг аксарияти оила бошлиғи ва асосий боқувчи ҳисобланади. Шу боис, 1 миллион 200 минг сўм, балки ундан сал кўпроқ иш ҳақи етарли бўлмаётганини ҳис қилганман. Тўғри, биз сингари асосий контингентнинг 25-30 фоизини ташкил қилувчи захирадаги офицерлар ҳисобланган директор ўринбосарлари учун иш ҳақининг қанчалиги муҳим аҳамиятга эга эмас. Аммо бошқа йўналишлардаги олий ўқув юртларини тугатиб, фаолият олиб бораётган ўқитувчиларнинг иш ҳақини ошириш керак. Чунки, улар энди нафақат 10-11 синфларга дарс ўтади, балки барча мактаб ўқувчиларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишига масъул этиб белгиланди.
Давра суҳбатимиз давомида яна бир ҳолат эътиборимни тортди: захирадаги офицер ёки сержантлар таркибига кирувчи ЧҚБТ раҳбарларининг ҳарбий унвони деярли ўзгармайди. Назаримда, бу масала ҳам тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши керак.
Ёқубжон МАРҚАЕВ.