Мактабларда электрон кундалик учун пуллик обуна 30 ноябрдан бошланади
Халқ таълими вазирлиги электрон Kundalik платформаси билан ишлаш учун ажратилган синов муддати тугаганини маълум қилди. Энди электрон кундалик платформасининг бошқа функцияларидан фойдаланиш учун обуна бўлиш лозим бўлади.
Электрон Kundalik платформасига обуна нархи қоғоз кундаликнинг ўртача нархига тенг — 9 200 сўм. Уч ва ундан ортиқ фарзанди бор оилалар учун 10 фоизлик чегирма мавжуд.
Ушбу миқдорни тўлаб, ота-она ва ўқувчининг истаган бошқа яқин қариндошлари бир календар йили давомида боланинг мактаб ҳаётини кузатиш имконига эга бўлади.
Электрон тўловнинг икки йўли мавжуд: пластик карта ҳамда CLICK тўлов тизими орқали. Электрон кундалик учун тўловни амалга ошириш йўриқномаси билан бу ерда танишиш мумкин.
Кундалик обунаси учун тўловни 30 ноябрдан эътиборан амалга ошириш лозим.
Вазирликнинг таъкидлашича, 23 ноябрдан синов муддатининг охирги 7 куни бошланади. Ота-оналарга ўзларининг профилларидан кириш ва барча фарзандларининг кундаликларини кўра олишларини текширишлари тавсия этилади.
Бунда электрон кундалик ёрдамида ота-оналар ишдан чалғимаган ҳолда, масофадан туриб, фарзандларининг барча баҳоларидан, мактаб ҳаётидан хабардор бўлиши, синф раҳбари ва бошқа ўқитувчилар билан доимий алоқада бўлиб, болада ўқув жараёни билан боғлиқ қийинчиликларни ўз вақтида енгишга ёрдам бериши мумкин бўлади.
Аввалроқ, 2020/2021 ўқув йили бошланишидан олдин Халқ таълими вазирлиги Kundalik тизимига уланган мактаб ўқувчиларининг ота-оналарига қоғоз кундалик сотиб олмасликлари, унинг ўрнига электрон муқобилига обуна бўлиш лозимлигини маълум қилган эди.