Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчилар “Kundalik.com” муҳокамасида: Аввал қишлоқларда свет ва интернет масаласи ҳал этилиш керак эди

Жорий йил газетамизнинг 20 декабрь 150-сонида ва zarnews.uz телеграм каналимизда “Kundalik.com” қулайми ёки синф журнали?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Обуначилар қолдирган изоҳларга кўра, бу тизим ўзини оқламаётганлиги айтилган. Ушбу изоҳларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

“Болалар баҳога қизиқиб ўқишади. “Kundalik.com”да ҳар ким ҳам баҳоларини кўролмайди. Тизим тез-тез ишламай қолади. Финландия таълимини ўзлаштирамиз дейишяпти, лекин унга етиш учун барча шароит етарли бўлиши керак. Фарзандларимиз умуман ўқишга қизиқмай қўйди. Бола қўрқса ҳурмат қилади. Таълимда калтаклаш мумкинмас, деб роса болалар тарбиясиз бўлиб кетяпти. Мен “Kundalik.com”ни ҳам, бу тизимини ҳам қоралайман”.

 “Мен ўзим ўқитувчиман ва мактабда “Kundalik.com” админи. Ҳали бери “Kundalik.com”ни тушунмайдиган ўқитувчилар топилади. Ота оналарку энди чексиз. Ҳақиқатда бу тизим учун ҳали бизга 10 йил бор эди. Ўқитувчининг асосий иши дарс бериш эмас “Kundalik.com”ни тўғри юритиш бўлиб қолди”.

““Kundalik.com”га ҳамма мактабларни ўтказишга ҳали эрта давлатимиз ва  халқимиз тайёр эмас. Ҳаммада ҳам интернетда ишлайдиган телефон йўқ. Қишлоқ ҳудудларида  интернет паст ёки умуман ишламайди. Ўқитувчилар дарс вақтида интернет паст бўлганлиги сабабли асосий вақтини “Kundalik.com”ни тўлдириш билан овора. “Kundalik.com”ни фоизини кўтариш учун ота-она ўрнига ҳам ўқитувчилар киряпти. Кунига дарс вақти 4-5 соатлаб свет ўчяпти. Шуларни ҳисобга олиб, “Kundalik.com” тизимига интернет яхши ишлайдиган жойларни босқичма-босқич ўтказиш ва мактабларни узликсиз электр энергияси билан таъминлаш  керак”. 

“Синф журнали ҳар томонлама қулай, ўқитувчилар бошини телефондан кўтарилмай қолди, соғлигига ҳам ёмон. Бунинг устига ҳамма ота-оналар ҳам “Kundalik.com”ни тушунадилар деб ўйламайман. Яхшиси, синф журнали ва кундалик дафтари тутиш. Ёшлигимизда кундаликларимизни ота-оналаримиз текшириб боришарди. Ҳозирги болаларни баҳоларини ҳеч ким кўрмаяпти”....

Изоҳ қолдирганларнинг аксарияти ўқитувчи ёки ота-оналар. Бундан кўринадики, ҳақиқатан ҳам мактабларда йўлга қўйилган янгича баҳолаш тизими - “Kundalik.com”  ўзини оқламаяпти ва буни кўпчилик  тушунган ҳам эмас. Қолаваерса, платформани юритиш учун аксарият ҳудудларда шароит йўқ. Бу борада халқ таълими тизими мутасаддилари нима дейди?