Мамлакат тақдири малакали мутахассис қўлида

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида йўлга қўйилган тажриба хусусида
Таълимни ривожлантириш ва унинг сифатини яхшилаш борасида мамлакатимизда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида таълим муассасалари моддий-техника базаси такомиллашди, талабаларнинг ўқиши учун ташкилий жиҳатдан анча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилди.
Олий таълим тизимида хусусий секторга йўл очиб бериш асосида давлат монополиясига чек қўйилиб, тараққиёт учун сувдек зарур бўлган рақобат муҳити яратилди. Берилган имкониятлар туфайли 71 та хусусий олийгоҳ ва 51 та хусусий техникум ташкил этилиб, уларда 500 минг нафарга яқин ёшлар таҳсил олмоқда. Бунинг натижасида мамлакатда олий таълим билан қамров 9 фоиздан 42 фоизга ошди. Иқтисодиётда банд бўлганлар таркибида олий маълумотли ва касбий тайёргарлиги бор мутахассислар улуши сезиларли даражада кўтарилди.
Бироқ таълимдаги бу миқдор кўрсаткичлари билан Янги Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг жаҳон бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш муаммосини ҳал этиб бўлмайди. Олий маълумотли кишилар ҳозиргидан кўп бўлган тақдирда ҳам жамиятда “Нима учун мамлакатимиздаги корхоналарда ишлаб чиқарилган товар ва хизматлар жаҳон бозорида харидоргир эмас?”, “Нима учун улкан иқтисодий салоҳиятга эга бўлган, иқтисодий ресурсларга бой мамлакатнинг аҳолиси ўзига муносиб даромад топиш илинжида бегона юртларда иш излаб юриши керак?”, деган саволлар кўндаланг тураверади.
Ушбу ҳаётий саволлардаги муаммолар ечимининг яккаю ягона тўғри ва ишончли йўли – мамлакатда таълим сифатини тубдан яхшилаш асосида уни халқаро стандартлар даражасига кўтаришдир. Фақат сифатли таълим орқали жаҳон бозорига харидоргир, рақобатбардош, илм-фанга сиғимкор, инновaцион технологиялар асосида бунёд этилган маҳсулотларни экспорт қилишга эришиш мумкин. Бундай маҳсулотни қўлида дипломи бор мутахассис эмас, балки онгида, миясида сифатли, учқундан уммон ярата оладиган билими бор мутахассисларгина ишлаб чиқара олади.
Ҳозирги кунда айнан таълим сифатининг пастлиги мамлакат ижтимоий- иқтисодий тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айнан билим сифатининг пастлиги оқибатида қимматбаҳо ва нодир иқтисодий ресурслардан, айниқса меҳнат ресурсларидан фойдаланиш даражаси анча паст. Айрим ёшларимиз олий ўқув юртини битириб, катта контракт тўловлари ва 4-5 йиллик сурункали меҳнатлари эвазига олинган дипломлари қўлларида бўла туриб, хорижда оддий ишчи бўлиб ишлаётганликларида айнан таълим тизими айбдор эканини таълимнинг мўъжизакор кучидан, унинг бепоён имкониятларидан озгина хабардор кишилар жуда яхши тушунадилар.
Агар биз тайёрлаётган олий маълумотли мутахассислар ташқи меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис даражасида малакага эга бўлганларида эди бундан халқимиз икки томонлама манфаат кўради.
Аввало, хорижда олий маълумотли мутахассисларнинг ўртача ойлик маоши оддий ишчиларнинг ойлик маошидан 2-3 марта, айрим мутахассисликлар бўйича 10 мартагача ва ундан ҳам юқори. Масалан, Германияда мактаб ўқитувчиси бир ойда 3000-5000 евро атрофида, врач ўртача 7600 евро иш ҳақи олади, муҳандиснинг ўртача ойлик маоши 34 минг евродан бошланади.
Хорижга меҳнат сафарига чиқаётган мигрантларнинг, ҳеч бўлмаганда, тўртдан бир қисми мамлакатимиз олий ўқув юртларида эгаллаган мутахассисликларига мос лавозимларда ишлашга даъвогарлик қила олганда эди, бу халқимизга қанча иқтисодий манфаат, обрў-иззат келтирарди. Фарзандларини не-не умидлар билан олий ўқув юртларида ўқитиб, топган-тутганини контракт тўловларига сарфлаётган, келажакда уларнинг мўл-кўлчиликда фаровон ҳаёт кечиришини орзу қилаётган ота-оналар қанчалар бахтиёр бўлишларини англаб етиш унча қийин бўлмаса керак. Тўрт йил таҳсил олиб, ёшлиги туфайли хатоларга йўл қўйган, масъулиятсизлик қилиб, зўр билим олиш имкониятини бой бериб қўйган, натижада жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис даражасига кўтарилиш бахтига муяссар бўлолмаган, вақтини сифатсиз билимга беҳуда сарфлаб қўйганлигига пушаймон бўлиб юрган, ҳозирги кунда оддий ишчи бўлиб, қора меҳнат қилишдан ўзга чора тополмаётган йигит-қизларимиз руҳиятини қандай даволаймиз?
Хўш, бу муаммолар ечими борми? Бор! Бу иш бошлаб ҳам юборилди.
Янги Ўзбекистонда таълим сифатини тубдан оширишга қаратилган барча чора-тадбирлар доирасида Президент мактабларининг ташкил этилишини ана шу эзгу мақсад йўлидаги катта ташаббус дейиш мумкин. Катта ақл билан узоқни мўлжалга олиб амалга оширилган ушбу тадбир республикада таълим сифатини тубдан оширишга томон қўйилган дадил қадам бўлди. У келажакда ўрта таълимнинг юқори сифати ҳисобидан олий таълим сифатини тубдан яхшилаш муаммосини ечишда амалий самара бериши муқаррар. Лекин у ўрта мактаб ўқувчиларининг жуда оз қисмини қамраб олади. Қолган ўрта мактабларда таълим олаётган ёшларимизнинг тақдири нима бўлади?
Бизнингча, Президент мактабларида тўпланган илғор тажрибани кенг ёйишимиз, сифатли ўрта таълим бериш салоҳиятига эга бўлган мактаблар сонини аста-секин кўпайтириш ва пировард натижада, барча мактаб ўқувчилари учун сифатли ўрта таълим олиш имкониятини яратиш зарур. Ўшанда таълимда мантиқий жиҳатдан мукаммал таълим тизими шаклланади.
Шу ўринда институтимизда таълим сифатини тубдан оширишга қаратилган янгича ёндашув жараёнига тўхталиб ўтмоқчимиз.
Узоқ йиллик илмий-амалий изланишлар, тажриба ва уринишлар натижасида институтда таълим сифатини тубдан ошириш юзасидан янгича ёндашув, янгича илмий-амалий қарашлар шаклланди, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди.
Ушбу мақсадда институтда дастлаб етакчи професор-ўқитувчилар томонидан илмий рисола ва мақолалар ёзилди. Уларда юксак иқтисодий тафаккурнинг жамият ижтимоий-иқтисодий тараққиётида, инсон кундалик ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти жонли мисоллар билан асослаб берилди. Аҳоли барча қатламларида, оддий ишчидан тортиб то иқтисодга дахлдор мутахассислар, давлат хизмати ходимлари, ёш боладан тортиб улуғ ёшдаги кексаларга қадар барча-барчаси учун иқтисодий тафаккур юритиш қобилиятининг муҳимлиги ёритилди.
Бизнингча, иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккур бир бутуннинг иккита ажралмас қисми сифатида фақат бир-бирини тўлдирган ҳолда, ўзаро узвий боғлиқликда аҳолининг мўл-кўлчиликда, бой-бадавлат ва фаровон ҳаёт кечириш хусусидаги бош мақсадига эришишини таъминлаб бера олади.
Иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккур ўртасидаги ўзаро уйғунликни таъминлашда таълим соҳасининг, айниқса олий ва касбий таълимнинг ўрни беқиёс. Бироқ ҳозирги кунда олий таълим муассасаси бўлажак иқтисодчиларга фанда аллақачон аён бўлган, кўп ҳолларда бугунги ҳаётдан ортда қолаётган, сийқаси чиққан билимларни ўргатиш билан овора. Айни пайтда ёшларни мустақил, креатив фикрлашга ўргатишдек долзарб масала ўқув юртлари эътиборидан четда қолаётир. Ғоя муаллифларининг фикрича, бўлажак иқтисодчиларни фанда аён иқтисодий билимлар билан қуроллантириш уларда мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантириш ва ривожлантириш учун асос, унинг муҳим воситаси, фанда ва амалиётда ҳали номаълум билим ва ғояларни яратишга туртки берувчи ишончли қурол бўлиб хизмат қилмоғи лозим. Ушбу мақсадга эришиш учун бўлажак мутахассисларда фанда мавжуд билимларни ўрганиш, ўзлаштириш, уларни таҳлил қилиш, қайта ишлаш асосида янги билимларни ихтиро қилиш малакасини шакллантириш механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш зарур.
Институтда ўқув жараёнига татбиқ этилаётган стратегияга кўра, талабаларда иқтисодий фикрлаш қобилиятини шакллантириш таълим сифатини ошириш нуқтаи назаридан ижобий самара бермаётган, ўзининг амалий аҳамиятини йўқотиб бораётган, бугунги замон талабларига жавоб бермаётган анъанавий маъруза, семинар ва амалий машғулотларнинг мазмунини, уларни амалга ошириш технологияларини қайта кўриб чиқиш, ижодий параметр ва элементлар билан бойитиш, сифат нуқтаи назаридан такомиллаштириш керак.
Ғоянинг хулосаси шуки, тобора глобаллашиб бораётган ва ишлаб чиқариш кучлари шиддат билан ривожланаётган ҳамда мураккаблашиб бораётган ҳозирги замонда турли туман ахборот манбаларидан жамланган билим захиралари (у қанчалик кўп бўлишидан қатъи назар) кундалик ҳаёт иқтисодчи олдига кўндаланг қўйиши мумкин бўлган, аниқроғи, муқаррар бўлган, мураккаб вазифаларни бажариш имконини бермайди.
Хусусий таълим муассасаларига йўл очиб бериш асосида йигит-қизларимизга олий ўқув юртига тест синовларисиз кириш орқали яратилган имконият ёшларимизнинг таълим сифатига нисбатан бўлган масъулиятини сезиларли даражада пасайтириб юборди. Бунинг устига, олий таълим соҳасида рақобат муҳитининг яратилиши натижасида таълим сифатини давр талаблари даражасига кўтариш, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардошлик қилиш даражасида мукаммал билимга эга бўлган кадрларни тайёрлашда жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти.
Хўш, биз институтда янги жараённи жорий этишда нималарга эриша олдик?
Дарвоқе, талабаларда иқтисодий тафаккур қобилиятини шакллантириш ва ривожлантириш муаммосини ечиш уч босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган.
БИРИНЧИ БОСҚИЧ – талабаларга иқтисодий билимдонликдан иқтисодий фикрлаш маданиятига ўтишнинг зарурлигини, амалий аҳамиятини тушунтириш, онгига сингдириш асосида бўлажак иқтисодчиларда мустақил фикрлашга катта қизиқиш уйғотиш.
ИККИНЧИ БОСҚИЧ – талабаларнинг иқтисодий тафаккурини ривожлантириш механизм ва воситаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш.
УЧИНЧИ БОСҚИЧ – талабаларнинг иқтисодий тафаккурини баҳолаш, унинг ижобий натижаларини турли (моддий, маънавий ва ҳоказо) воситалар ёрдамида рағбатлантириш ва айни пайтда салбий натижалари учун масъулиятини ошириш механизмларини жорий этиш.
Юқорида қайд этилган вазифаларни бажариш мақсадида “Иқтисодий тафаккур ва тараққиёт” илмий мактаби яратилди. Унинг таркибига институтнинг етакчи профессор-ўқитувчилари киритилди, мактабнинг мақсади, вазифалари ва фаолият йўналишлари аниқланди.
Талабаларга бор билимларни ўргатиш билангина чекланиб қолмасдан, балки уларга таянган ҳолда, янги билимларни яратишга, яъни ижодий фикрлашга ўргатиш – илмий мактабнинг бош мақсади этиб белгиланди. Илмий мактаб фаолият юритиши учун махсус хона ажратилди.
Ректорат ташаббуси билан институт қошидаги матбуот хизмати тузилмаси ва иқтисодиёт назарияси кафедраси томонидан ташкил этилган “Иқтисодий тафаккур” телеграм канали ёрдамида ёшларнинг иқтисодий тафаккурини ривожлантириш ғоясига оид тарғибот ишлари йўлга қўйилди. Талабаларда иқтисодий тафаккурни ривожлантириш талабларидан келиб чиққан ҳолда “Иқтисодиёт назарияси” фанидан сифат жиҳатидан янги дарслик яратилиб, унда ҳар бир мавзу бўйича 5-6 тадан интеллектуал тренинглар ишлаб чиқилди ва дарслик матнига жойлаштирилди. Бу дарсликлар яратиш амалиётида батамом янги йўналиш бўлиб, у талабанинг креатив тафаккурини ривожлантириш ғоясини амалга оширишни кўзда тутади.
Ҳозирги кунда институтда маъруза, семинар ва амалий машғулотларнинг анъанавий, таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётган эски усул ва технологияларини такомиллаштириш, уларни бўлажак иқтисодчиларнинг креатив қобилияти ва мантиқий тафаккурини ривожлантиришнинг асосий воситаларига айлантириш борасида илмий изланишлар олиб бориляпти. Талаба вақт бюджетида назарда тутилган мустақил дарс соатларини фанда аллақачон маълум бўлган фикр ва ғояларни ўрганишга сарфлаши, дарс жараёнида эса ўқитувчининг бевосита иштирокида уларни янада мустаҳкамлаши, чуқурлаштириши, уларни ижодий таҳлил қилиши, тафаккур юритиши, ўқитувчи томонидан уюштирилган қизғин муҳокамаларда фаол иштирок этиши асосида янги фикр ва ғояларни яратиш билан фаол шуғулланиши лозим.
Институт раҳбарияти томонидан ўз ихтиёридаги коллежлардан бири базасида юқори синф (9-11 синфлар) ўқувчилари учун лицей-интернат ташкил қилиш масаласи ўрганилмоқда. Унга танлов асосида мустақил фикрлашга туғма қобилияти мавжуд, истеъдодли йигит-қизлар ўқишга қабул қилинади. Интернатда институт томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув дастурларини қўллаш асосида мактабда ўқиш жараёнида ўқувчиларнинг иқтисодий масалаларда мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантириш, креатив тафаккурини ривожлантириш стратегияси амалга оширилади. Бу ёшларимизда мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ишларини анча олдин, яъни ўрта мактабда бошлаш ва шу туфайли келажакда замон талаблари даражасидаги кучли иқтисодчи бўлиб етишиш имконини яратади.
Технологик жараён доимо ва муттасил янгиланиб боради. Демак, уни давом эттириш ҳамиша етишиб келаётган авлоддан ўз аждодларидан ҳам кучлироқ бўлишни талаб этади. Бинобарин, Ўзбекистоннинг янги стратегиясида бу вазифа давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга жуда аниқ ва равшан қилиб қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, иқтисодий тафаккур бугунги глобаллашув даврида оммавий тушунчага айланиши зарурияти пайдо бўлди. Демоқчимизки, қайси касб эгаси ёки қайси даражада ишлашимиздан қатъий назар, ҳар биримиз режа ва ишларга иқтисодий тафаккур нуқтаи назаридан ёндашсак, халқ тили билан айтганда "биримиз икки бўлади". Замонавий, малакали мутахассисларимиз эса Ўзбекистоннинг ўзидаги ресурслардан оқилона фойдаланиш, улардан катта даромад олиш малакасини ўзлаштирадилар. Шу аснода ҳаётимиздаги бошқа муаммолар ўз ўзидан ечим топади.
Мулоҳаза ва дастлабки тажрибаларимиз юзасидан нафақат олимлар, барча зиёлилар ва мутахассисларнинг ҳам фикрини билишни истаб қоламиз.
Мурод МУҲАММЕДОВ,
Мамаюнус ПАРДАЕВ,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессорлари, иқтисод фанлари докторлари.
***
P/s: Ҳурматли каналимиз обуначилари!
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида кейинги йилларда барчамиз учун ўта муҳим бўлган мавзу – олий таълимни ривожлантириш ва унинг сифатини ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар, диққатга сазовор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Институт етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан ушбу долзарб масалада тайёрланган мақолани ҳукмингизга ҳавола қилишни мақсадга мувофиқ, деб топдик. Ўйлаймизки, олий таълим сифати барчамиз учун муҳим ва долзарб. Унга ҳеч ким бефарқ, оддий кузатувчи бўлиб туролмайди. Мақолада билдирилган таклифлар ва масалалар муҳокамасида фаол иштирок этиб, ўзингизнинг маслаҳатларингиз, фойдали фикр-мулоҳазаларингиз билан, муаммонинг тўғри, амалий натижа берадиган ечимларини топишда муносиб ҳиссангизни қўшасиз, деган умиддамиз.