Мамлакатимиз ҳудудига салқин ҳаво оқими кира бошлади
Бугун мамлакатимиз ҳудудига Волгабўйи районларидан салқин ҳаво оқими кира бошлади, деб хабар берди Ўзгидромет.
Бу ҳаво оқими бутун иш ҳафтаси давомидаги об-ҳавони белгилайди. Республика ҳудудининг катта қисмида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Фақат 16-17 июнда тоғли ҳудудларда айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
16-17 июнда республиканинг айрим жойларида шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши, шиддат билан эсганда секундига 23-28 метргача етиши мумкин.
16 июнда Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида кундузги ҳарорат 30-35 даражагача пасаяди. Республиканинг қолган ҳудудларида иссиқ об-ҳаво сақланиб туради, кечаси 17-22 даража, кундузи 34-39 даража, жанубда ва чўл зонасида 40-42 даражагача иссиқ бўлади.
17-19 июнда салқин ҳаво бутун республика ҳудудига тарқалади, ҳарорат қулай кўрсаткичларгача пасаяди, кечаси 15-20 даража, кундузи 30-35 даража атрофида бўлади, бундай ҳарорат меъёрга яқиндир.