Мамлакатимизда ушбу ҳафта қандай об-ҳаво кутилмоқда?
Ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудудида об-ҳаво қуруқ ва иссиқ бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.
10 август, душанба куни мамлакатнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 33−38 даражани ташкил қилади. Айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 15 метргача кучайиши мумкин.
Сешанба куни мамлакат ҳудудига кучсиз ҳаво оқимининг кириши кутилмоқда. Натижада ҳарорат кундузи 30−35, кечаси 18−23 даражагача пасаяди. Иш ҳафтасининг охирига келиб ҳарорат кўтарила бошлайди ва 33−38 даражани ташкил қилади.
Синоптикларнинг хабар беришича, бундай ҳарорат ойнинг шу даври учун хос иқлимий меъёрга яқиндир.
Душанба ва сешанба кунлари республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин.