Мақсад фақат иқтисодий манфаатдорлик билан чекланмайди
Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи Отабек Aзимов билан суҳбат
– Отабек Исломович, ҳозирги иқтисодий ислоҳотлар, аҳолини камбағалликдан чиқариш, тадбиркорликка ўргатиш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар жараёнида молиявий ресурсларга, жумладан, банк кредитларига талаб юқори бўлади. Вилоятдаги банклар бу талабни нечоғлик англамоқда ва уларнинг иш самарадорлиги нималарда кўринмоқда?
– Барчамизга маълумки, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишда молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш, молиявий қўллаб-қувватлаш инструментларини бевосита маҳалла даражасида қўллаш мақсадида ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари лавозимлари жорий этилди. Уларга маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, тадбиркорликни ривожлантиришни таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга ёрдам бериш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олиш ҳамда етакчи тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратишни ташкил этиш бўйича тижорат банклари билан ҳамкорликда ишлаш вазифаси қўйилган.
Бу ишларни амалга ошириш мақсадида биргина оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида йил давомида “Агробанк”, Халқ банки ва “Микрокредитбанк” орқали жами 900 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 20493 нафар ташаббускорга 482,9 миллиард сўм кредит берилди.
Эътиборли жиҳати, бу кредитларнинг 194,3 миллиард сўми (10316 нафар) хотин-қизларга ҳамда 184 миллиард сўми (8171 нафар) ёшларга ажратилган. Бугунги кунда алоҳида эътибор қаратилаётган яна бир соҳа – хизматлар кўрсатиш ва сервисни ривожлантириш мақсадида тижорат банклари томонидан жорий йилда вилоят бўйича 607 миллиард сўм, шундан оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 8510 та лойиҳага 193,6 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
– Ўтган йил ва йил аввалида тасдиқланган дастурлар асосида 2022 йилда Самарқанд вилояти учун белгиланган кредит ва халқаро молиявий ресурслар ўз вақтида ва тўлиқ ажратиляптими?
– Ҳа, албатта. Вилоятимиздаги тижорат банклари томонидан барча молиялаштириш маблағлари ҳисобидан 2021 йилда 109 минг 121 нафар юридик ва жисмоний шахсга жами 6 триллион 755 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган бўлса, жорий йилнинг 6 ойи давомида мазкур йўналишда 66 717 нафар юридик ва жимоний шахсга 3 триллион 312 миллиард сўм кредит берилди. Бу кредитларнинг 2,4 триллион сўми (ёки 66254 та лойиҳа) миллий валютадаги ва 877 миллиард сўми (ёки 463 та лойиҳа) хорижий валютадаги кредит ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятга ташрифлари давомида қабул қилинган дастурларда банк тизимига белгиланган вазифалар ижроси ўз вақтида ва сифатли таъминланиб, ушбу йўналишда топшириқлар ижроси алоҳида назоратга олинган.
Хусусан, ташрифлар давомида ўтказилган йиғилиш баёнларига кўра, 2017-2022 йиллар давомида ҳудудий дастурлар бўйича тижорат банклари томонидан 5 триллион 848 миллиард сўмлик 1351 та инвестиция лойиҳаси молиялаштирилди.
Натижада банк кредитлари ҳисобига 1326 та янги лойиҳа ишга туширилди. Молиялаштирилган лойиҳалардан 425 таси ёки 1 триллион 475 миллиард сўми қишлоқ хўжалигига, 456 таси ёки 3 триллион 593 миллиард сўми саноат йўналишига ҳамда 470 таси ёки 781 миллиард сўми хизмат кўрсатиш лойиҳаларига йўналтирилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларда саноат салоҳиятини ошириш бўйича тасдиқланган ҳудудий дастурга асосан 2022 йилда вилоятда 1 триллион 968 миллиард сўмлик 367 та лойиҳага кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.
– Нима деб ўйлайсиз, кредит билан боғлиқ муаммоларда масала имтиёзли кредитдами, банкдами ёки мижозда?
– Кредит билан боғлиқ турли бюрократик тўсиқлар аҳоли ва тадбиркорларнинг оворагарчилигига ҳамда уларнинг ортиқча вақти ва маблағлари сарфланишига сабаб бўлиши табиий. Аммо бугунги шиддат билан ривожланаётган рақамли иқтисодиёт даврида ҳам афсуски, баъзи ҳолларда бундай ҳолатлар кузатилмоқда.
Бу борада мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш орқали республика иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш мақсад қилинган.
Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Бугунги кунда банклар томонидан мижозларга хизмат кўрсатишда ортиқча вақт сарфи, оворагарчиликлар ва қоғозбозликни чеклаш ҳамда инсон омилини қисқартириш мақсадида рақамли идентификациялаш, автоматлаштирилган скоринг, кредит конвейери ҳамда андеррайтерлар гуруҳи каби тизимлар ва модулли кредитлаш жорий қилинган.
Биргина оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ажратиш тизимини олайлик. Президентимизнинг 2021 йил 20 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2022 йил 1 мартдан дастурлар бўйича кредитлар тўлиқ рақамлашган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилмоқда.
Дастурлар доирасида аризаларни кўриб чиқиш ва кредитлар ажратиш жараёни қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
Дастурлар доирасида кредит аризалари масофадан қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки ҳоким ёрдамчиларининг кўмаги билан Ягона электрон платформа орқали тақдим этилади. Аризалар инсон омилисиз, белгиланган мезонлар асосида скоринг баҳолаш натижаларига кўра, автоматлаштирилган ҳолда кўриб чиқиш учун қабул қилинади.
Скоринг натижасига кўра ижобий баҳоланган аризалар дастурлар доирасида кўриб чиқиш учун ҳоким ёрдамчисига келиб тушади. Ҳоким ёрдамчиси қарз олувчининг аризасига асосан, жойига чиққан ҳолда амалга оширадиган фаолият тури бўйича шарт-шароити, имконияти ҳамда етарлича билим ва тажрибаси мавжудлигини ўрганиб, кредит олиш учун тавсиянома бериш ёки бермаслик юзасидан фотоҳисобот ҳамда геолакацияни ягона электрон платформага жойлаштиради.
Ваколатли тижорат банклари ягона электрон платформа орқали келиб тушган аризаларни ўрнатилган тартибда кўриб чиқиб, кредит маблағларини ажратиш бўйича ҳужжатларни электрон кўринишда шакллантиради ва имзолайди.
Ваколатли тижорат банки ва мижоз ўртасида электрон кредит шартномаси тузилганидан сўнг қарз олувчилар маркетплейс тизимидан ўзларига керакли маҳсулот ва хизматларни мустақил равишда танлайди. Қарз олувчи томонидан танланган маҳсулот ва хизматларни етказиб бериш тўғрисидаги шартнома маркетплейс тизимида автоматик тарзда шаклланиб, қарз олувчи ва таъминотчи ўртасида электрон рақамли имзо билан тасдиқланади.
Ўз навбатида, маҳсулот етказиб берилган ёки хизматлар кўрсатилганидан сўнг уларни топшириш-қабул қилиш мақсадида таъминотчи томонидан тизимнинг ўзида электрон ҳисоб-фактура расмийлаштирилади. Қарз олувчи маҳсулот ва хизматларни қабул қилиб олиб, ундан қониқиш ҳосил қилганидан сўнг электрон ҳисоб-фактурани имзолайди.
Ҳисоб-фактура имзоланганлиги тўғрисида ҳоким ёрдамчисига ягона электрон платформа орқали хабар берилади ва ҳоким ёрдамчиси жойига чиқиб ўрганади. Маҳсулотлар ҳақиқатдан етказиб берилганлиги ёки берилмаганлиги юзасидан фотоҳисобот шаклида электрон далолатнома тузилади.
Ваколатли тижорат банкларига тўлиқ имзоланган электрон ҳисоб-фактура ҳамда ҳоким ёрдамчиси томонидан тасдиқланган электрон далолатнома ушбу маҳсулотлар (хизматлар) учун тўловни амалга оширишга асос бўлади.
– Қайтарилмаётган кредитлар масаласи ҳам банкларнинг энг оғир муаммоси ҳисобланади. Бу ишга ҳатто ҳокимлик ёрдам бермоқда. Сизнингча, бу қанчалик тўғри? Умуман, ҳокимлик ва банклар муносабатларидаги бугунги муаммо нимада?
– Жуда тўғри айтдингиз. Бугунги кунда муаммоли кредитлар масаласи Марказий банк ва тижорат банкларини ташвишга солаётган энг долзарб муаммолардан бири саналади.
Албатта, банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақиллиги Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддаси билан белгилаб қўйилган.
Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига банклар фаолиятига, шу жумладан, банкларнинг кредит портфелини ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришга, банкларнинг раҳбар ходимларини тайинлашга аралашиш, шунингдек, банкнинг маблағлари ҳисобидан турли хил тўловлар ва бадаллар талаб қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Бироқ тижорат банкларининг тўлов қобилияти, кредит ажратиш имкониятини яхшилаш ва энг муҳими, чет эл банклари ва халқаро молия институтларидан жалб қилинган ресурс маблағларининг ўз вақтида қайтарилишида маҳаллий ҳокимлик банкларимизга яқиндан кўмаклашиб келмоқда.
Бу ўз навбатида, қайтарилган ресурслар ҳисобидан жисмоний ва юридик шахсларга яна янги кредитлар ажратиш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига ёки уни кенгайтиришига хизмат қилиш билан биргаликда вилоятимизда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантиришга, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.
Бундан ташқари, Президентимизнинг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, ҳоким ёрдамчилари ўзига бириктирилган маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг самарадорлигини мониторинг қилиб боради ҳамда кредитларнинг ўз вақтида қайтарилиши бўйича сектор раҳбарлари ва тижорат банклари билан биргаликда тегишли чоралар кўради.
Мазкур қарорнинг 11-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари тижорат банклари билан биргаликда дастурлар бўйича ажратилган кредитларнинг уларни сўндириш графигига мувофиқ белгиланган муддатларда қайтарилишига масъуллиги;
ҳудудларда ҳар ойлик кредитлаш ҳажмлари кредитларни сўндириш графиги ижросининг бажарилмаган миқдорига мос равишда камайтирилиши қатъий белгиланган.
Кўриб турганингиздек, ажратилган кредитларни сўндириш бўйича вилоят, туман, шаҳар ва сектор кесимида режа-график ишлаб чиқилган ва бу график бажарилмаган тақдирда мос суммага кредит ажратиш имконияти бой берилади.
1 июль ҳолатида вилоятда муаммоли кредитлар миқдори 857 миллиард сўмни ташкил қилди. Эътибор беринг, биргина мисол келтираман, шу маблағларни биз фуқароларимизга оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишлари учун шартли равишда 30 миллион сўмдан ажратганимизда 28568 нафар жисмоний шахсга кредит берилган ва камида шунча одамнинг даромад топиш имконияти яратилган бўларди.
Шу ўринда жисмоний ва юридик шахслардан, тадбиркорлик субъектларидан олган кредитларини ўз вақтида қайтаришларини, бошқа тадбиркорлик субъектларининг ҳам кредит олиб, ўз имкониятларини кенгайтиришларига, вилоятимизда янги иш ўринлари яратилишига, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланишига бевосита ва билвосита ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламан.
– Кейинги пайтда вилоятдаги банкларда хориждан жўнатилган пул ўтказмаларини чет эл валютасида, аниқроғи, АҚШ долларида олишда чекловлар, узундан-узун навбатлар юзага келди. Бу вазиятни яхшилаш учун Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан ҳам бирор чора кўрилдими?
– Самарқанд вилоятида 2022 йилнинг январь–июнь ойларида тижорат банклари томонидан халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали жами 745,6 миллион АҚШ доллари (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 214,2 миллион АҚШ долларига ёки 1,4 бараварга ошган) аҳолига тўлаб берилган. Мазкур тўловларнинг салмоқли қисми, яъни 417,5 миллион АҚШ доллари Россия Федерациясидан келиб тушган. Вилоятдаги тижорат банклар томонидан хориждан жўнатилган пул ўтказмаларининг аҳолига чет эл валютасида берилишида ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас.
Бугунги кунда тижорат банклари томонидан узундан-узун навбатларнинг юзага келмаслиги, аҳолига янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда чет элдан келаётган халқаро пул ўтказмаларини тўғридан-тўғри банк пластик карталарига тушириш имконияти ҳам мавжуд.
Бош бошқарма томонидан кунлик мониторинг тизими йўлга қўйилган ва бу масала қаттиқ назорат остига олинган. Шунингдек, зарур ҳолларда халқаро пул ўтказмаларига хизмат кўрсатувчи операторлар сонини кўпайтириш бўйича тижорат банкларига кўрсатмалар берилган.
– Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселекторда ипотека кредитларининг чекланган ҳажми ва субсидия ажратишда бюрократия бўйича аҳоли томонидан кўплаб эътирозлар билдирилаётгани таъкидланди. Ипотека кредитини ажратишда аҳоли даромадлари бўйича тижорат банкларига қўйиладиган талабларни енгиллаштириш юзасидан топшириқлар берилди. Сиз шу соҳанинг масъул кишиси сифатида бу борадаги бюрократияни нимада кўрасиз ва уни бартараф этиш учун қандай чоралар кўриш керак, деб ҳисоблайсиз?
– Инсон бахтли яшасам дейди, турмушининг фаровон бўлишини, орзу-ниятларининг ушалишини истайди, ҳеч кимдан кам бўлмасликка интилади. Зотан, бунга тўла ҳақи бор. Умр одамга бир марта берилади. Ўз уй-жойига эга бўлиш ҳар бир инсоннинг ўзини бахтли ҳис қилиши, тўкин яшаши, эзгу истакларини рўёбга чиқаришда муҳим омиллардан бири саналади.
Мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш давлат сиёсати даражасида қаралиб, кўплаб имтиёзлар жорий этилмоқда.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия маблағлари даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ва мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшларга ажратилади.
Вилоятимиз аҳолиси учун 2017-2021 йиллар давомида 7560 нафар фуқарога 1 триллион 555 миллиард сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган бўлса, ушбу йўналишда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2905 нафар фуқарога 538,4 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.
Бундан ташқари, даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларга, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ва мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшларга 2021-2022 йилларда 2375 нафар фуқарога жами 574,6 миллиард сўмлик субсидия асосида ипотека кредитлари ажратилди.
Тўғри, баъзида бу жараёнда турли бюрократик ҳолатлар, қонунга зид ҳаракатлар учрайди. Лекин бундай ҳолатларда қонунбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли органлар томонидан жазо чоралари қўлланилмоқда. Аҳоли ҳам бу борада ўз ҳақ-ҳуқуқини билган ҳолда уни талаб қилиши, юқорида айтганимдек, банкларга мурожаат қилишда инсон омили бўлмаган замонавий информацион технологиялардан фойдаланишни ўрганиши керак.
Давлатимиз раҳбари берган топшириқлар асосида, аҳоли даромадлари бўйича тижорат банкларига қўйиладиган талаблар яқин орада енгиллаштирилиши кутилмоқда.
Умуман, банклар фаолиятининг асосини иқтисодий манфаат, молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш ташкил этса-да, аҳолининг иқтисодий аҳволини, турмуш шароитини яхшилаш, бунга ҳисса қўшиш ҳам асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Банк мижозлари билангина банк бўлади.
– Тез орада янги ўқув йили бошланиб, банкларга таълим кредити юзасидан мурожаатлар кўпаяди. Ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, бу йил ушбу йўналишда қандай янгиликлар, ўзгаришлар кутилади. Мижозларга қандай енгилликлар берилади ёки мажбуриятлар юкланади?
– Мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш ва уни молиявий қўллаб-қувватлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши ҳеч биримизга сир эмас. Хусусан, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тижорат банкларига ҳам вазифалар белгилаб берилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июлдаги “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашишлари мумкинлиги, бунда таълим кредитлари учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш олий таълим ташкилотига маблағлар ўтказилган санадан бошлаб, асосий қарзни қайтариш эса кредит олувчи томонидан олий таълим ташкилотида таълимнинг ушбу тури бўйича ўқишнинг расмий белгиланган муддати тугаллангандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб амалга оширилиши каби қўшимча имтиёзлар белгилаб қўйилди.
Вилоятимиз тижорат банклари томонидан 2021 йилнинг август-декабрь ойларида 1879 нафар талаба учун қарийб 19 миллиард сўм миқдорида таълим кредити ажратилган бўлса, ушбу кўрсаткич жорий йилнинг ўтган даврида 416 нафар талабага қарийб 3 миллиард сўмни ташкил этди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 июлдаги “Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, хотин-қизларнинг таълим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилаларнинг хотин-қизларига ажратиладиган таълим кредитлари учун гаров ва кафилликлар талаб этилмаслиги каби имтиёзлар белгиланди.
Шунингдек, таълим кредитини расмийлаштириш ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилди.
Ушбу қарор талаблари доирасидаги кредитлар “Агробанк”, “Асакабанк”, “Ипотека банк”, “Микрокредитбанк”, “Ориент Финанс банк”, “Миллий банк”, “Турон банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк”, Халқ банки, “Қишлоққурилишбанк” ҳамда “Ҳамкорбанк” томонидан ажратилади.
Ғолиб ҲАСАНОВ
суҳбатлашди.