Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мардикор эмас, олим бўласан, денг

"Қара, ўғлим, бу ер - Тошкент. Мана бу - “Ипподром” бозори. Катта бўлсанг, шу ерларга келасан. Мардикорлик қиласан!"...

Қишлоқда 5-6 нафар синфдош дўст тез-тез йиғилиб турамиз. Бу қадрдонларнинг айримлари олий маълумотли бўлмаса-да, қўлида ҳунари бор, шунингдек, китобга меҳр қўйган. Кимникида тўпланишимиздан қатъи назар, дастурхон оддийгина бўлади. Ҳар ким топганини қўяди.  Аҳамиятлиси, дастурхонда спиртли ичимликлар бўлмайди. Суҳбат мазмунли ўтади.

Баъзида фарзандларимизнинг ҳам бир-бирлари билан танишишлари ва оқибатли бўлишларини истаб, оилавий тадбирлар ташкил этамиз. Аммо шу пайтгача болаларни йиғиб, уларнинг келажакдаги орзу-умидлари ҳақида сўрамаган эканмиз. Яқинда ўтказилган ана шундай дўстлар учрашувида фарзандларимизнинг мактабда ўқийдиганларини бир жойга тўплаб, ҳар бирининг қизиқишлари ҳақида сўрадик. Улар келажакда қайси касб эгаси бўлишни истаётгани, айни пайтда қайси тўгаракларга қатнаб, вақтини нималарга сарфлаётгани хусусида гапириб берди. Қизиққонлигим туфайли уларга ўтилган дарсларидан бирин-кетин савол бера бошладим. Жавоблар эса мени қониқтирмади. Аммо уларнинг ўқишга, айниқса, инглиз тилини ўрганишга бўлган қизиқиши борлиги қувонарли эди.

Бир ўртоғим давлат ташкилотларида ишлаётган дўстларимиз ҳақида илиқ сўзлар айтиб, агар вақтини беҳудага сарфламасдан кўпроқ китоб ўқиса, улар шу амакиларидек бўлишини айтди.

- Масалан, Акмал олий ўқув юртида ўқимаган бўлса ҳам бировдан кам эмас, - дедим. – Қўлида ҳунари бор. Вақтида жуда яхши ўқиган. Туризм коллежини тамомлаб, Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтига шартнома асосида ўқишга қабул қилинган. Ўша пайтдаги иқтисодий қийинчиликлар туфайли ўқий олмаган. Коллежни битирганларга эса иш топиш осон бўлмаган. Шундан сўнг пул топиш илинжида хорижга кетган. Ўша пайтдаги қийин шароит кўпгина ёшларнинг орзусини чиппакка чиқарган. Қобилиятини, шаштини сўндирган.

- Акром дўстимиз-чи? – суҳбатга қўшилди ўртоғим Дилшод. – Мактабда биология ва кимё фани бўйича ундан ўтадигани йўқ эди. Ҳамма унинг шифокор бўлишига ишонарди. Барча ўқитувчиларнинг ундан умиди жуда катта эди. Ўша пайтдаги олий таълим муассасаларига киришда “шпаргалка”дан фойдаланиш, бировнинг ўрнига биров имтиҳон топшириши ва бошқа шу каби қинғир ишлар туфайли тиббиёт институтига давлат гранти асосида ўқишга киролмаган. “Контракт”да ўқиш эса қийин масала эди.

- Эсларингдами? – деди дўстим Илҳом. – Бир қоп ун топиш учун бир ой қора меҳнат қилардик. Айнан биз мактабни битираётган пайтда гўштни қўя туринг, нонга пул топиш муаммо эди. Ёзги таътил пайтида укам билан Жиззах вилоятида, бир раис буваникида лойҳандақда ишлаганмиз. Икковлон 3 ой давомида қийналиб топган пулимиз 500 кило буғдойга етган. Уни тегирмондан ун қилиб чиқариб келганмиз. 50 килосини тегирмончи хизмат ҳақига олиб қолган. Оилада кўпчиликмиз. Қишдан чиқиб олиш учун яна шунча буғдой керак бўлган. Ўқишга кетсак, уйдагилар қийналиб қолишини ўйлаганмиз.

- Хуллас, ҳар бирингизнинг отангиз ўқишга интилувчан, китобхон бўлган, - дедим болаларга. – Бугун эса ўзларининг армонга айланган орзуларини сиз, фарзандлари орқали рўёбга чиқаришга интиляпти. Мана, ҳар бирингиз қўшимча тўгаракларга боряпсиз. Сиздан фақат ўқиш талаб қилиняпти. Ҳар қандай кишида қобилият, истеъдод бўлади, уни ривожлантириш учун эса ҳаракат қилиш керак, холос. Ҳозир ёшимиз 40 дан ошган, аммо ҳеч биримиз ўқишдан, изланишдан тўхтаганимиз йўқ. Аҳрор дўстим яқинда чилангарлик бўйича 6 ойлик курсда ўқиб келди. Нурмуҳаммад кўп ҳунарли бўлса ҳам иккита чет тилини ўрганяпти.

Хоҳ ташкилот раҳбари бўлсин, хоҳ оддий ишчи, дўстларимнинг ҳар бири фарзандининг келажакда камида иккита чет тилини ўрганишини, нуфузли олий таълим муассасасида  ўқишини истайди. Бунинг учун ҳар бири жон куйдириб, меҳнат қиляпти. Рўзғордан орттирган пулини китоб сотиб олиш, қўшимча тўгараклар учун сарфлашга ҳаракат қиляпти. Бундан хурсанд бўламан.

Аслида аксарият ота-оналар фарзандининг ўқимишли бўлишини хоҳлайди, аммо айримларини болаларининг келажаги деярли қизиқтирмайди.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Пойтахтдаги катта бозор дарвозаси яқинида бир танишим билан суҳбатлашиб тургандик. Сал нарида оддий кийинган, чамаси 7-8 ёшли ўғлини етаклаган бир киши эътиборимизни тортди.

- Қара, ўғлим, бу ер - Тошкент, - деди у. – Мана бу - “Ипподром” бозори. Катта бўлсанг, шу ерларга келасан. Мардикорлик қиласан!

Тўғриси, устимдан кимдир бир челак сув қуйгандек бўлди. Тилимни тийиб туролмадим.

- Ака, - дедим баланд овозда. – Бу гапингизнинг ўрнига “Келажакда шу шаҳарда ўқийсан, олий маълумотли бўласан. Нуфузли ташкилотларда ишлайсан”, десангиз бўлади-ку!

У қизариб кетди. Хато қилганини сезди...

Фарзандларимизнинг келажаги учун қайғуришимиз шарт. Уларнинг келажаги бизнинг бугунимиздан кўра анчагина ёрқин бўлиши мумкинлигини англатишимиз керак. Чунки, бугун ўқиш истагида бўлганларга имкониятлар кенг. Уларга боридан оқилона фойдаланиш, ўтаётган ҳар дақиқанинг ўз вақтида қадрига етиш зарурлигини уқтириш лозим.

Тўлқин СИДДИҚОВ.