“Маърифат улашиб” лойиҳаси талабаларга маънавий озуқа бўлди

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида таниқли шоир, таржимон, адиблар Нурилло Остон, Хуршид Нуриллаев, Ботир Муҳаммадиевлар талаба-ёшлар билан учрашди.

Давра суҳбатида ижодкорлар ўзларининг Ватанга муҳаббат, севги-садоқат, жасурлик, меҳнатсеварлик, одамийлик ҳақида ёзган шеърларидан ўқиб берди ва ёшларни билим олишга, юрт тараққиёти учун муносиб кадрлар бўлиб етишишга чақирди. Талабалар Хуршид Нуриллаевнинг “Ҳаммаси асабдан” номли ҳикояси асосида тайёрланган саҳна асарини намойиш этди.

- “Маърифат улашиб” лойиҳаси бутун республикамизда амалга ошириляпти, - деди институтнинг ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат ишлари бўйича бўлим бошлиғи Раҳимжон Норжигитов. – Ушбу лойиҳа асосида бугунги кунгача ҳам институтда “Заковат” интеллектуал ўйинлари, “Мунозара” дебат беллашувлари, “Мушоира” ва адибларнинг ҳаётига бағишланган тадбирлар ўтказдик. Бугун талабаларимиз адибларимиз билан учрашди. Ўйлайманки, ижодкорлардан олган маънавий озуқа ёшлар қалбида узоқ йиллар сақланиб қолади. Зеро, китоб ўқишга, адабиётга қизиққан, ижодга меҳр қўйган талабалардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.

Тадбир сўнггида ижодкорлар “Яшил макон” умумиллий лойиҳасида қатнашди ва институт ҳовлисига дарахт кўчатлари ўтқазди.