Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Олтин захиралари, бюджет дефицити, пул ўтказмалари ва миллий валюта ҳақида фикрларини билдирди

Олтин захиралари 

"Биз олтинни жаҳон бозори нархида, олтин бизга қабул қилинган кундаги курсда сотиб оламиз. Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига олтиндан маблағлар ўтказиш биз томондан амалга оширилмайди. Яъни олтинни сотувчи Навоий кон металлургия комбинати ёки Олмалиқ кон металлургия комбинати белгиланган тартибда ўзидаги солиқларни тўлайди. Алоҳида жамғармага ажратиш бўйича норматив ҳужжат йўқ, сизга расмий равишда айтаман. Олтинни сотган 2 та комбинатимиз 100 фоиз олтин қийматини биздан олади. Валюта захираларимизнинг 65-68 фоизи олтинда. Яъни нарх кўтарилса, захиралар кўпаяди, тушса, тушади.

Бюджет дефицити

Бошқа йилларга нисбатан биринчи ярим йилликда буджет харажатларида маълум ўсиш кузатилмоқда. Бу, биринчи навбатда, газ импортининг ошиши билан қисман боғлиқ. Газнинг жаҳон нархлари билан маҳаллий нархи ўртасидаги бу фарқ буджет ҳисобидан тўланган.

Пул ўтказмалари

Трансчегаравий пул ўтказмалар ҳажми ўзининг фундаментал тренди доирасида ўсиб бормоқда. Йил бошидан 5,2 млрд долларлик ўтказмалар келиб тушди.  

Миллий валюта

Аксарият давлатларда умумий ва базавий инфляция йил охиригача юқори даражаларда сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда. Айрим асосий ҳамкорларимиз бўлган давлатлар миллий валюта курсларига бўлаётган босимни сақланиб қолаётганлиги ҳам, ўз навбатида, миллий иқтисодиётга маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин".