Мартин Чунгонг ким? У Ўзбекистонга, Самарқандга нега келган ва у раҳбарлик қиладиган ташкилот ҳақида
Хабарингиз бор, 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентлараро иттифоқ (ПАИ) Бош котиби Мартин Чунгонгни қабул қилди.
Мамлакатимизнинг ушбу нуфузли халқаро ташкилот билан шериклигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Дарвоқе, ПАИ турли давлатларнинг миллий парламент гуруҳларини бирлаштирувчи 130 йилдан кўпроқ тарихга эга нуфузли халқаро (ҳукуматлар қарамоғида бўлмаган) ташкилот. Иттифоқнинг асосий вазифаси парламентлар ўртасидаги шахсий алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштиришдан иборат. Фаолиятида 110 дан ортиқ давлатларнинг парламент гуруҳлари қатнашадиган ташкилот котибиятининг қароргоҳи Женевада жойлашган.
Иттифоқ ва бош котибнинг Ўзбекистон билан муносабатлари
Ўзбекистон 1992 йилда иттифоққа аъзо бўлгани билан орада маълум муддат иштироки сусайган. Бироқ ташкилот фаолиятида 2017 йилда иштирокини қайта тиклаган давлатимиз бугунги кунда унинг ижроия тузилмаларида тўлақонли қатнашмоқда. Қайд этиш лозим, Олий Мажлис томонидан Парламентлараро иттифоқ билан кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш тўғрисида алоҳида ҳужжат қабул қилинган.
2019 йилнинг октябрь ойида тарихда илк бор Ўзбекистондан номзод Парламентлараро иттифоқ (ПАИ) Ижроқўми аъзоси этиб сайланган. Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эътирофи сифатида Акмал Саидов номзоди ташкилотнинг барча аъзо мамлакатлари томонидан бир овоздан маъқулланганди.
2020 йилнинг 30 январида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов ПАИ вице-президенти ҳамда Молия бўйича кичик қўмита аъзоси этиб тайинланган.
Айни пайтда мамлакатимизда бўлиб турган Мартин Чунгонг Парламентлараро иттифоқнинг саккизинчи Бош котиби. У ушбу Ташкилот тарихида бундай юқори лавозимга кўтарилган дастлабки европалик бўлмаган мутахассис ҳисобланади.
Камерунлик халқаро сиёсатчи парламентлар тизими бўйича 40 йиллик миллий ва халқаро иш тажрибасига эга. У маълумотига кўра – тилшунос. Яунде (Камерун) ва Оттава (Канада) университетларининг профессори. Инглиз, француз ва испан тилларида эркин сўзлашади.
Мартин Чунгонг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, парламентаризмни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳолатини яхшилаш борасидаги ўзгаришларни ижобий баҳолайди. У давлатимиз раҳбари илгари сурган БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида парламентларнинг ролини ошириш тўғрисида”ги резолюциясини қабул қилишга доир ташаббусини халқаро ташкилотлар раҳбарлари орасида биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган.
У 2020 йил августида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида виртуал режимда иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, ПАИ Бош котиби ташриф доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси ва Қонунчилик палатаси Спикери билан учрашди. Мўътабар меҳмон Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган “Парламентда ёшларни қўллаймиз” мавзусидаги ёшлар парламент форумида иштирок этди.
Бош котиб иштирок этган Самарқанддаги форум
Аслида Мартин Чунгонг мамлакатимизга Бухоро шаҳрида бўлиб ўтадиган "Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик" халқаро форумида иштирок этиш учун ташриф буюрганди.
Мартабали меҳмон ташриф давомида Пайариқ туманидаги Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот марказида бўлиб ўтган “Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашда парламентнинг роли” мавзусидаги парламент форумида қатнашди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, расмий дин вакиллари, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказлар ва диний конфессиялар раҳбарлари иштирок этди.
Иштирокчилар бугунги кунда динлараро бағрикенгликнинг ривожланиб, умумбашарий аҳамият касб этиб бораётганлиги туфайли уни мазмунан янада теранроқ англаш зарурати юзага келганини таъкидлашди. Зеро, динлараро бағрикенгликка эришиш мураккаб ва узоқ давом этадиган жараён. Шунинг учун ҳам бу муаммо тарихий тараққиётнинг барча босқичларида долзарб ҳисобланиб, турли эътиқодларнинг биргаликда мавжуд бўлишига, улар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланиши, пировардида тинчлик ва тараққиётга, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилган.
Ўз навбатида Ўзбекистон диний бағрикенгликнинг тарихий илдизлари, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, мазкур соҳадаги фаолият устидан парламент назорати механизми каби мавзулар доирасида ўзаро фикр алмашинди.
Рафиқаси ҳамроҳлигида ташриф буюрган мартабали меҳмон Самарқанддаги диққатга сазовор жойлар ва тарихий обидаларда ҳам бўлди. Кўҳна кентдаги асрий қадамжоларнинг бунёд этилиш тарихи, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга безавол етказиш борасида олиб борилаётган ишлар унда, айниқса, катта таассурот қолдирди.