Матбуот фахрийлари “Матбуот уйи”га келди

Бугун Самарқанд вилояти Матбуот уйида “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталарида фаолият кўрсатган ва таҳририят билан яқин ижодий ҳамкорлик қилиб келаётган бир гуруҳ матбуот фахрийлари билан учрашув ўтказилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги олдидан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган тадбир газеталар таҳририяти ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
– Сиз, фахрийларнинг таҳририятдаги фаолиятингиз ва сермаҳсул ижод йўлингиз ёш мухбирларга ўрнак бўларли, – деди Ф.Тошев. – Ҳар гал сизлар билан учрашсам таҳририят билан боғлиқ қизиқарли воқеалар ёдимга тушади. “Устоз-шогирд” анъанаси давом этаётгани ва ижодий ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдираман.
Ҳа, албатта, устоз фахрийларни йўқлаш, суҳбатлашиш мароқли. Улар билан бўлган суҳбатлардан олган куч ёш ижодкорларни янада изланишга, қалам тебратишга ундайди. Давра суҳбатида фахрийлар газета чиқариш машаққати ҳақида ҳам тўхталиб, бир пайтлар босмахонада қийинчилик билан саҳифаларни тўлдирганлари ҳақида сўзлаб берди. Ҳозирда замонавий техникалар орқали газетачиларнинг иши бир мунча енгиллашгани айтилди. Шундай бўлса-да мухбир доим меҳнаткаш, унинг сўзи ўткир, қалами кескир бўлиши, жараёнларни холис ёритиши зарурлиги таъкидланди.
- Биз, фахрийлар учун энг яхши совға бугунгидек ҳамкасблар билан бўлган ширин суҳбат, - дейди таҳририят фахрийси Нодира Неъматова. – Улар билан дийдорлашганимиз бизни янада тетиклаштиради. Илоҳим юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Тадбир якунида таҳририят фахрийлари бир пиёла чой устида гурунгни давом эттирди, уларга яқинда "Зарафшон" газетаси кутубхонаси туркумида чоп этилган "Самарқанд мустақиллик йилларида" номли китоб тарқатилди, совға улашилди.
Ҳусан Элтоев.