Матонатли аскар
Болтали қишлоғининг чеккасидаги кичик бир ҳовлида Қумри хола ёлғиз ўғли Абдумажид билан истиқомат қиларди. Турмуш ўртоғи Эргаш ака хасталик сабаб бу дунёни тарк этган. Бор меҳри ва ҳаётининг мазмуни шу ягона жигарбандига кўчганди. Қумри хола ўғлини оқ ювиб, оқ тараб, ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказди. Абдумажид ҳам онасининг орзу-ҳавасидек келбатли, иродали ва ҳар сўзи салмоқли йигит бўлиб улғайди.
Она ва бола ўртасидаги меҳр шунчаллик эдики, Абдумажид кўчага юмуш билан чиқса, Қумри хола ўғли қайтмагунча томоғидан овқат ўтмас, кўзи доим унинг йўлида бўларди. Абдумажид ҳам онасини еру кўкка ишонмас, унинг дуоларини ўзи учун катта давлат, деб биларди.
Бироқ осмон ҳар доим ҳам мусаффо бўлавермас, уни қора булутлар ҳам қоплаб турар экан. Халқ бошига оғир мусибат тушди: уруш бошланди. Бу совуқ хабар ҳар бир хонадонга қайғу олиб кирди. Қирғин фарзандларни оналар бағридан, оталарни оиласидан, севишганларни бир-биридан айира бошлади. Ҳали ҳаёт нашидасини суриб улгурмаган ёш йигитлар ор-номус ва Ватан ҳимояси учун жангга отландилар.
Абдумажидга келган чақирув қоғози Қумри холанинг дунёсини остун-устун қилиб юборди.
- Болам, сен менинг ёлғизимсан, жигарбандимсан! Сени ўт-олов ичига қандай жўнатаман? - дея фарёд чекди она.
Абдумажид ичидан йиғласа-да, онасига билдирмади. Уни оҳиста бағрига босиб, юзидан ўпди:
- Онажон, бошингизни кўтаринг! Ёвга бўйин эгмаймиз! Агар сиз эгилсангиз, мен ўзимни мағлуб ҳисоблайман. Менга ишонинг, душманни ер тишлатиб, бағрингизга қайтаман.
Эртаси куни ўғлини кузатишда Қумри хола бир дона ширмой нон олиб чиқди ва фарзандига тишлатди:
- Болам, бу - ризқинг. Урушдан қайтганингда, қолганини ўз қўлларим билан едираман. Бу тишланган нон сенинг бу дунёдаги ризқинг бутунлигидан, қайтиб келишингдан дарак, - дея она ўғлининг пешонасидан ўпиб, оқ йўл тилади.
Абдумажид тенгдошлари билан жангга кирар экан, ҳар гал онасининг “Болам, қайтгин!” деган нидоси қулоғи остида янграрди. У тунни тонгга улаб, Ватан учун аёвсиз курашди. Сафдошларининг ўқ еб йиқилганини, душманнинг ваҳшийлигини кўргани сайин қалбида нафрат алангаси кучайди. Камсонли аскарлар билан қолганида ҳам чекинмади, асир тушган кўплаб сафдошларини душман чангалидан қутқариб олди.
Йиллар ўтди. Урушнинг даҳшатли чангали Абдумажидни ҳам четлаб ўтмади. Жангларнинг бирида оғир яраланиб, бир қўлидан айрилди. Аммо иродаси букилмади. Ниҳоят, узоқ кутилган хушхабар келди: Ғалаба! Бутун дунёни “Ура!” деган ҳайқириқ тутди.
Абдумажид қишлоғига қайтди. Қумри хола ўғлини остонада кўрганда кўзларига ишонмади. Бир енгининг бўшлигини кўриб юраги эзилса-да, фарзандининг тириклиги учун шукроналар айтди. Ичкарига киргач, она ўша йиллар давомида гилам тепасида эҳтиётлаб сақланган, қотиб қолган нонни олди.
- Мана, болам, ризқинг бутун экан, - дея нонни узатди.
Абдумажид онасининг қалтираб турган кафтларидан нонни олиб, меҳр билан тишлади. Шунда вужудини ажиб бир энтикиш ва хотиржамлик эгаллади:
- Онажон, борингизга шукр! Сизнинг дуонгиз ва мана шу нон мени ўлимдан асраб қолди, - деди у паст овозда.
Қумри хола дуога қўл очди:
- Илоҳим, энди уруш бўлмасин! Ўтганларнинг охирати обод бўлсин, юртимизга тинчлик берсин!..
Фотима ЭРГАШЕВА,
Нарпай тумани.