Май ойини кутиш шарт эмас – оромгоҳларда мавсумга тайёргарликни ҳозироқ бошлаш лозим

Жорий йил ёз мавсумида вилоятимиздаги 23 та доимий оромгоҳларда 9630 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган.

Вилоят ҳокимлиги йиғилишида қайд этилганидек, айни пайтда айрим туманлардаги оромгоҳларда қатор камчиликлар мавжуд.

Жумладан, Нарпай тумани халқ таълими бўлимига қарашли "Нарпай" болалар оромгоҳи ҳудуди туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарорига кўра, кичик саноат зонасига айлантирилган. Аммо ҳанузгача мазкур оромгоҳни бошқа ҳудудда ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмаган.

Паст Дарғом тумани халқ таълими бўлимига қарашли "Гўзалкент" болалар оромгоҳида очиқ ётоқхона павильонлари авария ҳолатига келган. Ошхонаси, чўмилиш ҳавзаси, ҳожатхона талабга жавоб бермайди, у ерга олиб борувчи йўл ва ички йўлаклар таъмирталаб. Оромгоҳдаги жиҳозлар маънан эскирган.

Окдарё тумани халқ таълими бўлимига қарашли "Окдарё" болалар оромгоҳининг ётоқхона биноси, ошхона, овқатланиш, тиббиёт, тўгарак хоналари ва омборхонаси талабга жавоб бермайди. Чўмилиш ҳавзаси мавжуд эмас. Ҳожатхона ва душхона фойдаланишга яроқсиз.

Оромгоҳлардаги бу каби муаммо ва камчиликлар бошқа туман ва шаҳарларда ҳам учрайди. Тўғри, ёзги таътил бошланишига ҳали анча вақт бор. Аммо мутасадди ташкилот раҳбарлари қилинадиган ишни ортга суриб, икки оёқ бир этикка тиқилиб қолишини кутиб ўтирмай, оромгоҳларни мавсумга тайёрлаб қўйса, болажонлар ҳам дам олиш вақтини кўнгилдагидек ўтказади.

А.ПЎЛАТОВ.