Меҳмонхона аукционда сотилиб, кредит қарзи қопланди
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 27 сентябрь кунги ижро ҳужжатига асосан, қарздор “Меҳр Ал-Бизнес” хусусий корхонасидан ундирувчи «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ минтақавий филиали фойдасига 717 миллион 463 минг сўмлик муддати ўтган асосий қарз, 76 миллион 439 минг сўмлик кредит қарзни ундириш учун ундирувни фуқаро Ш.Г.га тегишли бўлган Чуқурйўл кўчаси 84-уйда жойлашган меҳмонхона биносига қаратиш юзасидан ижро ҳужжати Бюронинг шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.
Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси Жасурбек Раҳмоновга кўра, тегишли тартибда давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатларига киришилган. Давлат ижрочиси томонидан белгиланган тартибда “ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида”ги қарор қабул қилиниб, қарздорга ихтиёрий муддат берилган.
Қарздор ихтиёрий муддатда ижро ҳужжати талаби бажарилмаганлиги сабабли, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида гаров мулки бўлган, умумий майдони ва қурилиш ости майдони 84,24 квадрат/метр, фойдали майдони 129,73 квадрат/метр бўлган меҳмонхона хатланди.
Шундан сўнг мазкур бино “E-IJRO AUKSION” савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилди. Аукционда бино 1 миллиард 147 миллион сўмга сотилиб, «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ вилоят минтақавий филиали фойдасига ундирилмай қолган 596 миллион 641 минг 473 сўм кредит қарзи ўтказиб берилди.