Меҳмонхона бизнеси аёлларнинг ўз “ошхонаси”

Меҳмонхона бизнеси туризм тобора ривожланиб бораётган минтақамиз учун катта аҳамиятга эга. Бу соҳада аёлларнинг ҳам сафи ортиб бораётгани “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциациясига шу соҳага йўналтирилган янги лойиҳани амалга оширишга туртки берди. Ассоциация USAIDнинг тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш бўйича лойиҳаси ҳамкорлигида "Меҳмонхона бизнесидаги аёллар: келажакда меҳмондўстлик анъаналари" лойиҳасига старт берди.

Самарқандда шу мавзуда ўтказилган семинар-тренингда меҳмонхона бизнесида фаолият юритаётган, шу соҳада иш юритишни режа қилган самарқандлик ва тожикистонлик ишбилармон аёллар иштирок этди.

- Ушбу лойиҳа замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда аёллар бошқарувидаги меҳмонхона секторига инновацияларни жорий этиш ва бизнес жараёнларини рақамлаштириш, ходимларни ўқитиш орқали уларни малакасини оширишга қаратилган комплекс дастур ҳисобланади, - дейди “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси ўринбосари Нигора Якубова. – Халқаро тоифадаги тренерлар томонидан ўтилган машғулотлар соҳадаги янгиликлар ва янги ёндашувлар замонавий менежментга, меҳмонхонанинг барқарор ривожланишига, унинг фаолияти самарадорлигини оширишга ва янги мижозларни жалб қилишга қаратилган. Аёллар учун бу бизнес ҳар томонлама қулай ва ўзига хос, яъни мажозий маънода ўзларининг “ошхонаси” дейишимиз мумкин. Сабаби, аёл табиатан бека ва меҳмонни энг юқори даражада кутиб олиш унга болаликдан ўргатилади. Халқаро кўникмаларни ўзлаштириш орқали улар бу соҳанинг етакчилар бўлиши мумкин.

-Тожикистоннинг тоғли Бадахшони, Мурғоб туманидан келдим, - дейди Райима Дороншоева. – Ўзим яшайдиган Аличор қишлоғида бир пайтнинг ўзида 20 кишини сиғдира оладиган уй-меҳмонхона эгасиман. Меҳмонхонамизни 2009 йилда ташкил этгандик, ўшанда у саккиз ўринлик эди. Йиллар ўтиб, уни такомиллаштирдик, хизматлар сифатини оширдик. Ҳудудимиз тоғли бўлгани учун табиат гўзалликлари ва фойдали сувидан баҳраманд бўлишни истовчилар дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюради. Шунингдек, улар Қизил китобга киритилган архарлар подаси, шунингдек, қўтос ва бошқа тоғ жониворлари, уларнинг сутидан тайёрланган табиий маҳсулотлардан баҳраманд бўлишлари мумкин. Тоғли ҳудуд бўлганимиз учун электр энергияси ўтказилмаган эди, халқаро ҳамжамиятлар иштирокида электр энергияси ўтказилди, меҳмонхонамиздаги шароитларни яхшилаш учун бир неча марта моддий ёрдамлар ажратилди. Бу каби семинарлар меҳмонларга хизмат кўрсатишда эътибор қаратишимиз лозим бўлган жиҳатлар, янгиликлардан бохабар бўлишга ёрдам беради. 

Семинар давомида иштирокчилар меҳмонхонадаги шароитларни яхшилаш йўлларини нафақат назарий, балки амалий машғулотлар давомида ҳам ўрганиб бордилар.  Иштирокчиларга уч кунлик машғулотлардан сўнг халқаро даражада сертификатлар топширилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.