Меҳнат ярмаркасида ойлик маоши 8 миллион сўмгача бўлган иш ўринлари таклиф этилди

Вилояти ҳокимлиги, прокуратура ва вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси томонидан ўтказилган меҳнат ярмаркасида 183 та корхона, ташкилот ва муассаса 3 мингга яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

- Мазкур ярмаркада туманимиздан 10 та корхона 510 та бўш иш ўрни билан қатнашди, - дейди Ургут тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази шуъба мудири Баҳодир Шаропов. – Улар таклиф этаётган иш ўринлари учун белгиланган ойлик маош ўртача 1 миллион 800 минг сўмдан 4 миллион сўмгачани ташкил этади. Албатта, иш берувчилар томонидан қўлида касби бор ишчиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, “Sam Ferre” масъулияти чекланган жамияти томонидан пайвандловчи, чилангар, юк ташувчи каби иш ўринларига 150 нафар ишчи зарур. Таклиф этилаётган иш ҳақи 1 миллион 800 минг сўмдан 8 миллион сўмгача. Иш берувчилар малакали ишчиларни жалб қилиб, самарадорликка эришишга интилмоқда.

Самарқанд вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, 2023 йилда 451,6 минг нафар фуқаро бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Шундан 165,8 минг нафари доимий, 203,4 минг нафар мавсумий ва 82,4 минг нафар норасмий фаолиятни расмийлаштириш ҳисобига амалга оширилади. Шунингдек, ишсиз, касб-ҳунарга эга бўлмаган 13 минг фуқаро касб-ҳунарга ўқитилиши белгиланган.
Ярмарка давомида 268 нафар фуқарога йўлланма берилди. Уларнинг 183 нафари муқим ишга жойлашган бўлса, 41 нафари касб-ҳунар ўрганишга, 44 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига йўналтирилди.

Алишер Исроилов.