Меҳнатдан қочмаса, томорқа – хазина
Томорқада меҳнат қилиш учун кўкламнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат. Буни тўғри англаган пайариқликлар айни кунларда ерга ишлов бериб, рўзғори ва бозорларимиз тўкин бўлиши учун экин-тикин ишлари билан банд.
- Туманимиздаги 53 мингдан ортиқ томорқа ер эгалари тасарруфида 9 минг 100 гектардан зиёд ер майдони мавжуд, - дейди туман ҳокими ўринбосари Рашид Ниятов. – Бу томорқаларда йилига икки-уч марта экин экиб, ҳосил олиш имконияти бор. Карантин даврида аҳолининг сабзавот уруғ ва кўчатларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида кўчма дўконлар ташкил қиляпмиз. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида 32 маҳалладаги томорқа майдонларининг 475 гектарида қулупнай экишни режалаштирганмиз.
Туманннинг Зарафшон маҳалласида озгина томорқасидан мўмайгина даромад қиладиган деҳқонлар талайгина. Улардан бири Рустам Раббимов. У томорқасининг учдан бир қисмида мевали дарахтлар парвариш қилади. Шу ихчамгина боғдаги 45 туп гилос ҳар йили Рустам аканинг рўзғорига камида 7 миллион сўм даромад келтиради.
- Ҳовлимда гилосдан ташқари ҳар бир мевали дарахтдан 2-3 тупдан бор, - дейди Р.Раббимов. – Дарахтларни кўпайтириш, яқинларимга, қўни-қўшниларга улашиш учун кўчат етиштириш билан ҳам шуғулланаман. Ниҳолларни пайвандлаш қўлимдан келади. Масалан, майда-майда ҳосил берадиган мурут дарахтининг кўчатига бозоргир нок кўчати новдасидан олиб пайванд қилиб кўрдим. Дастлабки йиллардан ҳосил кўрсатди. Бир туп олма дарахтига уч хил олма новдаларини пайванд қилганман. Кўчатлар орасига эса кўкат экамиз. Чорва учун озуқа ҳам етиштирамиз. Чунки, 4 бош қорамолимиз бор. Сут-қатиқ, сариёғ ўзимиздан чиқади. Хуллас бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қиламиз, вақтимиз шу ерда – томорқа юмушлари билан ўтади. Пенсиядаги одам учун уй ишлари ҳам бир эрмак. Бўлмаса, зерикиб қоламиз. Меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Ҳар қанча орзу-ҳавасингиз, ниятларингиз бўлса кафдек томорқадан ҳам яхши даромад қилиб уларга эришиш мумкин.
Маҳалла оқсоқоли Мамашариф Анорқуловнинг айтишича, маҳалладаги 836 хўжаликнинг барчаси ўз томорқасига эга. Улар бу ердан самарали фойдаланиб, рўзғори ободлигини таъминламоқда. Шунинг учун маҳаллада камбағал оилалар йўқ ҳисоби.
– Лекин каттагина томорқаси бўлса-да ундан фойдаланмаётган кишилар йўқ эмас, - дейди М.Анорқулов. – Уларга маҳалла-кўй ёрдам бериб, ҳатто, дакки бериб ердан унумли фойдаланишга даъват этяпмиз. Ахир томорқаси бўла туриб, бу ерда ҳеч бўлмаганда ўзи учун картоша-пиёз, сабзи-шолғом, бодринг-помидор етиштирмаса увол-да. Айниқса, бугунги карантин пайтида томорқадан ўринли фойдаланиш жуда муҳим.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).