Меҳнати қадр топаётган касб фидойилари тақдирланди
Бугун вилоят мусиқали драма театрида "Ўқитувчи ва мураббийлар куни"га бағишланган байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирга вилоятда ёш авлод таълим-тарбияси йўлида жонбозлик кўрсатаётган фаол устоз ва мураббийлар, меҳнат фахрийлари таклиф этилди.
Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, барча устоз ва мураббийларни байрам билан қутлади.
Тадбирда Президент фармонига кўра мукофотланган фидойи ўқитувчи ва мураббийларга орден ва медаллар топширилди. Шунингдек, бир гуруҳ фаол устозлар кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
- Илгари 1 октябрь куни касб байрамимизни нишонлаш ўрнига далаларда пахта терардик, - дейди Ургут тумани 87-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Замира Кенжаева. – Бугун ўқитувчиларга берилаётган имкониятлар бизни янада фидойиликка ундамоқда. Меҳнатимиз қадр топяти. 32 йиллик иш фаолиятим самараси бўлса керак бугун байрам тадбирида II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирландим.
Тақдирлаш маросимидан кейин тадбир иштирокчилари учун вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан “Ялангтўш Баҳодир” спектакли намойиш этилди.
Байрам тантанаси “Диёра” базмгоҳида бир пиёла чой устида маданий тадбир билан давом этди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат),