“Меҳр дафтари”дагиларга меҳр кўрсатилди

Янги йил байрами арафасида Пахтачи тумани ҳокимлиги тумандаги ‘‘Меҳр дафтари’’га киритилган 45 нафар йигит-қизга ўзлари истаган совғаларни тақдим этди.

Туман ҳокимлиги болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси томонидан “Меҳр дафтари” тизимига киритилган болалар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг орзу-истаклари эшитилди, байрамга қандай совға олишни истаги сўралди.

Шундан сўнг болаларнинг истаклари асосида зарур воситалар харид қилинди. Жумладан, 33 та ноутбок, 12 та велосипед, 6 дона booknomy китоблари, уй-рўзғор буюмлари, спорт анжомлари ва бошқа воситалар келтирилди.

Байрам совғаларини туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, Миллий гвардия туман бўлими масъуллари болажонларга тантанали топширди.

– Шуни унутмангки, сизлар Президентимизнинг, давлатимизнинг доимий эътиборидасизлар. Улғайиб, жамиятда ўз ўрнингизнинг топишингиз, касб-ҳунар эгаллашингиз учун ёрдам беришга, сизларни қўллаб-қувватлашга доим тайёрмиз, – деди Пахтачи тумани ҳокими М.Ҳамдамов.