Меҳр-мурувват кўрсатилди

Бу ерда ўрнатилган улкан арча атрофига кеча туман ва шаҳарлардан келган болажонлар таклиф этилди. 
Кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари фарзандлари, одам савдосидан жабр кўрган, диний экстремизм оқимига тушиб қолган, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган инсонларнинг болалари учун "Янги йил арчаси" байрам томошалари уюштирилди.
Вилоят вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияси ташаббуси билан ташкил этилган тадбир аввалида шаҳар ва туманлардан таклиф этилган 343 нафар болажонларга ҳомийлар томонидан кийим-кечак ва байрам совғалари топширилди.
 – Бугун эрталаб туман ҳокимлиги вакиллари Самарқанд шаҳрига байрам тадбирига олиб келишди, – дейди Каттақўрғон туманидаги 82-мактаб ўқувчиси Озода Қаршибоева. – Келишимиз билан бизни ҳомийлар бозорга олиб бориб, янги кийим-кечак олиб беришди. Байрам совғалари олдик. Катта арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз, турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги дастурларни мириқиб томоша қилдик. Бу йилги байрам эсда қоларли бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокими Т.Жўраев иштирок этди.